Интернет тармоқларида айрим кимсаларнинг бировларни куфрда айблашга ҳаракат қилаётганларига дуч келиш мумкин. Бу нарса мусулмонлар ўртасида хунук ҳолат. Аслида, биз бировни куфрда айблашдан тийилишимиз лозим.
Авваламбор, мусулмон киши ҳар бир ишни аниқлаб, ундан сўнг бирор ишни тутиши лозим. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир” ( Нисо сураси, 94-оят ).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, – деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади” ( Бухорий ривояти).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”.
Мана шулардан келиб чиқиб, бировларнинг айб-нуқсонлари билан шуғулланишдан олдин, ўзимизнинг хато-камчиликларимиз устида ишласак яхши бўлар эди.
Р. Акбаров.ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими