МАРҲАБО Ё РАМАЗОН ХУШ КЕЛДИНГ
6722
26-03-2022, 09:50
380
Ўқиш режими
+
-
Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган бешта Ислом арконлари инсониятни баркамолликка етакловчи буюк таълимот бўлиб, буларнинг ичида рўза ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Инсон рўзадорлиги туфайли ҳам руҳий, ҳам жисмоний покликка эришади, сабр-қаноатли ва тўрт буюк неъмат - моддий, сиҳҳий, маънавий ва ахлоқий неъматлар соҳибига айланади.
Рамазон рўзаси Аллоҳ таоло томонидан бандаларига фарз қилинган ибодат экан, албатта, у аввалги умматларга ҳам буюрилган бўлиб, бу ҳақда Қурони каримда баён қилинган (Бақара сураси,183-оят).
Дарҳақиқат, рўза туфайли рўзадор кишида тақво ҳосил бўлиб, шу сабаблигина инсон Аллоҳнинг наздида ҳурматга сазовор бўлади. Мазкур оятда баён қилинишича Рамазон ойида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўза тутмасликлари жоиз. Бироқ, бемор соғайганидан, мусофир эса сафардан қайтганидан сўнг бошқа ойда, қолдирган кунига кун тутиб бериши шарт. Бундан ташқари, оятда, соғайишидан умиди узилган, рўза тутса дарди янада ҳам оғирлашадиган беморлар ҳамда рўза тутишга қурби етмайдиган кекса кишиларнинг рўза тутмасликларига рухсат берилган. Фақатгина тутмаган кунлари учун бир кишининг икки вақт овқатланишига етадиган миқдордаги маблағни мискин ва фақирларга фидя тариқасида садақа қилишлари таъкидланган. Оятнинг сўнгида эса, Аллоҳ таоло имкон қадар рўза тутишлик ҳар томонлама яхши эканлигини баён қилган.
Рамазон ойининг фазилати шундаки, бу ойда барчамизни ҳидоятга чорловчи Қуръони карим нозил бўлган ва Қадр кечаси ҳам ушбу муборак ой ичидадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Рамазон ойини таърифлаб шундай марҳамат қилади:
شهر رمضان الذي انزل فيه القران هدى للناس و بينات من الهدى و الفرقان...(سورة البقرة/185).
яъни: “Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...” (Бақара сураси, 185).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Иброҳим алайҳиссаломга саҳифалар Рамазон ойининг биринчи кечасида, Мусо алайҳиссаломга Таврот олтинчи кечада, Исо алайҳиссаломга Инжил ўн иккинчи кечада нозил қилингандир”, - дейилади (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Кимики Рамазон ойи келишидан шодланса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах ўтига ҳаром қилади”, - деганлар. Рамазон ойида Аллоҳ таоло томонидан бандаларига кўплаб марҳаматлар кўрсатилади. Жумладан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинишича: “Рамазон ойининг биринчи кечаси кирганда шайтонлар кишанланади, дўзах эшиклари маҳкам қулфланади ва жаннат эшиклари очилади. Аллоҳ таоло ҳар кеча уч маротаба: Ҳожатларини сўровчилар борми, раво қилсам? Тавба қилгувчилар борми, тавбаларини қабул қилсам? Истиғфор айтгувчилар борми, гуноҳларини мағфират қилсам дейди. Рамазон ойида ҳар куни, жумъа кунларида эса ҳар соатда минглаб дўзахийларни азобдан халос этади. Рамазоннинг охиридаги куни эса Рамазон ойи давомида қанча дўзахийни азобдан халос қилган бўлса, бу кунда шунчани халос этади”, - деганлар.
Бу қутлуғ ва баракотли ойда, иншоаллоҳ гуноҳлар ювилиб, тавбалар, ихлос билан қилинган дуолар мустажоб бўлғай. Ҳар бир рўзадор бу ойда руҳан покланиб, эзгу ниятлар қилмоғи, ахлоқ-одоби ила бошқаларга ибрат кўрсатмоғи, меҳр-мурувватли бўлмоғи даркор. Тоат-ибодатлар, хайрли амаллар, тутилаётган рўзалар холис Аллоҳнинг розилиги учун бўлмоғи лозим. Шунда Парвардигор уларнинг эвазига улкан ажру савоблар ато айлаши муқаррар, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таоло Рамазони шарифни барчаларимизга муборак қилиб, бу ойда қилинадиган ибодатларимизни мукаммал адо этишликка муяссар айласин.
Деҳқонобод тумани “Бошчарбоғ” масжиди имом-хатиби: Ш.Менглиев