Бази кимсалар турли хил йўллар билан мўмин-мусулмонларнинг қони ва шаънини тўкиш билан вақтларини ўтказмоқдалар. Ислом дини мўминнинг қони ва шаънини тўкишдан қайтаради. Ислом динида мўминнинг қони ва шаънини тўкиш улкан гуноҳдир.
Аллоҳ таоло шундай дейди “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Мўмин кишини қасддан ўлдириш қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайдиган катта жиноят ва гуноҳдир. Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир айбсиз жонга қўшиб, имондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақида қардошлигини ҳам ўлдиришдир. Шунинг учун ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у Зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг тугашидан ҳам оғирроқдир”, деганлар.
Анасдан(розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Уч нарса имоннинг аслидандир: “Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кимсага тегмаймиз; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар (Имом Абу Довуд).
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!
Муҳаммади ҚОРАЕВ,Ўзбекистон мусулмонлари идорасинингҚашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари,Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.