1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Ихлос” сурасининг фазилати

29-03-2022, 09:04 2 254 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло китоби “Қуръони карим”нинг бир юз ўн иккинчи сураси “Ихлос” деб аталади.  Хўш, “ихлос” атамаси нима маънони беради?
“Ихлос” сўзи аслида, арабча сўз бўлиб, у “холос бўлиш”, “мухлис”, “холис” деган маъноларни англатади.  Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“Ихлос (арабча)-самимийлик, кўнгли очиқлик; берилганлик, мухлислик,; эътиқод. Чин юракдан, ишонч билан берилиш; астойдил муҳаббат” деб изоҳланади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таолога нисбатан холис, содиқ бўлиш, барча амалларни холис Унинг Ўзи учун қилиш” маъносини беради. Ихлос Ислом динининг асл моҳияти бўлиб, ҳар бир яхши амал унинг устига қурилади. Инсон амалларининг қабул бўлишлиги ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши, ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади. Зеро, инсон амаллари суратдир, ихлос эса амалнинг руҳидир.
“Қуръони карим”нинг бир юз ўн иккинчи сураси атамалари жуда кўп. У “Тафрид”,“Нажот”, “Тавҳид”, “Марифа”,“Асос”деб ҳам аталади. Аммо суранинг энг машҳур номи “Ихлос”дир. 
“Ихлос” атамасини Қуръони карим” сурасига қўйилишини уламолар қуйидагича изоҳлайдилар:
  1. Айрим уламолар “Қуръоннинг ўзи учта бўлингани учун:учдан бир ҳукмлар, учдан бири ваъда ва ваъидлар(қайтариқлар), яна учдан бири исм ва сифатлар. “Қул ҳуваллоҳу аҳад” шу уч бўлакнинг бир бўлаги, яъни исм ва сифатлар бўлагидир. Шу маънода бу сура “Ихлос” деб номланади” дейдилар.
  2. Баъзи уламолар “Бу (сура)нинг Қуръоннинг учдан бирига тенглигига сабаб, унда Аллоҳнинг Сомад исми борлиги учун, чунки  бошқа сураларда бу исм топилмайди”, дейдилар. 
                       Ихлос сураси маккада нозил бўлган, у 4 оятдан иборат. 
                                             Ихлос сураси
  1. Қул ҳуваллоҳу аҳад.
  2. Аллоҳус-сомад.
  3. Лам ялид ва йулад.
  4. Ва лам йакуллаҳу куфуван аҳад. 
Таржимаси: 1. (Эй Муҳаммад) Айтинг:“У Аллоҳ ягонадир”.
  1. Аллоҳ Самад. (эҳтиёжсиз,ҳожатбарор).
  2. У туғмаган ва туғилмаган ҳам.
  3. Шунингдек. Унинг ҳеч бир тенги йўқдир.
Пайғамбар (с.а.в.) муборак ҳадисларида “Ихлос” сурасининг кўп фазилатини баён қилиб берганлар. Кимки“Ихлос”сурасини яшаётган манзилида бир марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга, оиласига, ҳатто қўни-қўшниларига барака беради. Бу ҳақда ҳадис-шарифда:“Бир киши Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳузурларига келиб, камбағаллиги ва ночорлигидан шикоят қилди. Шунда Расуллоҳ (с.а.в.) унга: “Қачон манзилингга кирсанг, одам бўлса-бўлмаса, салом бергин, сўнг менга салом йўллагин ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни бир марта ўқигин”, дедилар.Ҳалиги киши шундай қилди. Натижада Аллоҳ таоло унга шу даражада ризқ бердики, ҳатто қўшнилари-ю қариндошларига мўл-кўл ёғдирилди (Ҳофиз Абу Мусо Маданий Саҳл ибн Саъддан ривоят қилган).   
Агар бир киши ҳар куни “Ихлос” сурасини 50 марта ўқиса, қиёмат куни у жаннатга кириш бахтига муваффақ бўлади.  Бу ҳақда ҳадиси-шарифда: “Кимки “Ихлос” сурасини ҳар куни 50 марта ўқиса, қиёмат куни: “Тур, эй аллоҳни мақтовчи! Жаннатга кир!”дейилади.   “Кимки “Ихлос” сурасини икки юз марта ўқиса, гарданидаги қарздан бошқа эллик йиллик гуноҳлари кечирилади. Бу ҳақда Пайғамбар (с.а.в.)“Кимки “Ихлос” сурасини кунига 200 марта ўқиса. Гарданидаги қарздан бошқа эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади” (Имом термизий ривояти). 
“Ихлос” сурасини ўқишни яхши кўриш фазилат бўлиб, бу фазилат инсонни жаннат сари етаклайди. Пайғамбар (с.а.в.) “Бир одам (Ихлос” сурасини назарда тутиб):“Йа Расулуллоҳ, мен шу сурани яхши кўраман” деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Уни яхши кўришинг,сени жаннатга етаклайди” дедилар (Имом Термизий ривояти). 
Кимки ухлашдан олдин “Ихлос” сурасини 100 марта ўқиса,Аллоҳ таоло қиёмат куни унга “Ўнг тарафдан жаннатга кир”дейди. Пайғамбар (с.а.в.)“Кимки ётиб ухламоқчи бўлиб, ўнг томонга қараб ётса, сўнг “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни 100 марта ўқиса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унга:“Ўнг тарафдан жаннатга кир” дейди ( Имом Термизий ривояти).   
   Агар бир киши вафот этадиган чоғда “Ихлос” сурасини ўқиса, қабрда азобланмайди, сирот кўпригидан омон ўтади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.):“Ким вафот билан ниҳоя топадиган касаллигида “Ихлос” сурасини ўқиса, қабрида фитланмайди, қабр сиқишидан омонда бўлади ва фаришталар унинг қўлидан тутиб, сирот кўпригидан жаннатга олиб ўтадилар” (Табароний ривояти)  
Аллоҳ таоло барчамизни “Ихлос” сурасининг фазилатидан баҳраманд бўлишга муваффақ қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими