1445 йил 12 Зулқаъда | 2024 йил 19 май, Якшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:47
Sunrise
05:21
Dhuhr
12:33
Asr
17:37
Maghrib
19:46
Isha
21:21


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Сохта даъватчиларга раддия

23-12-2022, 10:20 104 Ўқиш режими + -
Биз яшаб турган даврда бузғунчи ғояларни тарқатиб, мусулмон оммасини улар ҳақиқатини тушуниб етмаган масалалар билан ўз домига тортаётган тоифалар ниҳоятда кўпайгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳаворижлар деймизми, ёки ўзларининг кимлигини ўзлари ҳам билмайдиган, бироқ “биз Аҳли суннамиз, биз тўғри йўлдамиз” деб жар солаётганлар жиҳод, ҳижрат, хилофот каби нозик масалалар билан бутун мусулмон халқига, уларнинг тинч ҳаётига раҳна солаётгани барчамизни сергак бўлишга, бундай масалаларда кимларгадир алданиб қолмасликка чорлайди. Айниқса, шу замонда ҳам авж олиб турган ҳижрат масаласини, унинг асл моҳияти нимадан иборат эканлигини тўғри тушуниб олишлигимиз зарур. Чунки бугунги кунда четда юрган баъзи сохта даъватчиларнинг “ҳижрат қилиш фарз агар ҳижрат қилмаса гуноҳкор бўлади, чунки у исломнинг асосларидандир” деган ғоялари жуда кўплаб мусулмон юртдошларимизни алдаб қўймоқда. 
Ҳақиқатдан улар айтган нарсалар тўғрими? Ёки ишнинг моҳияти бошқачами буни далиллар асосида билиб оламиз. Ҳижрат сўзи луғутда “кўчиш” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло дастлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга эргашган саҳобаларга динларини ва жонларини сақлаш мақсадида, шунингдек, мусулмонларнинг Пайғамбар алайҳиссаломни қўллаб қувватлашлари, қийин вазиятларда ёнларида туриб ёрдам беришликлари учун ҳам жонажон юртлари бўлган Маккадан Ясрибга ҳижрат қилишликларини фарз қилди. Мусулмонлар ўзларининг мустақил давлатларига асос солиб, катта кучга эга бўлганларидан сўнг Макка шаҳрини фатҳ қилишди. Шундан сўнг Маккада ислом қонунлари жорий бўлди, мусулмонларнинг эътиодларига ва ибодатларига бўлган тазйиқлар барҳам топди ва юқоридаги ҳижрат борасидаги ҳукм бекор бўлди. Бунга далил биргина Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳининг асарларида لا هجرة بعد الفتح яъни “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ” деган мазмундаги, лафзлари аниқ ва саҳиҳ бўлган ва ҳижрат ҳукмини насҳ қилувчи ўндан ошиқ ҳадислар мавжуд.
Мушожеъ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз укаси Мужолид розияллоҳу анҳуни Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига олиб келиб: “Ҳижрат борасида Сизга байъат бермоқчи” деганида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: لا هجرة بعد فتح مكة ولاكن أبايعه على الإسلام – Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ, лекин ундан исломга биноан байъат оламан”.
Тобеинлардан бўлган Убайд ибн Умайр ал-Лайсий ва Ато ибн Абу Рабоҳ роҳимаҳумаллоҳлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг олдиларига бориб, сухбат давомида ҳижрат тўғрисида савол сўрашадилар. Шунда Оиша онамиз шундай деб жавоб берадилар: “Бугун ҳижрат йўқ! Бир вақтлар мусулмонлар дини сабабли фитнага тушиб қолмаслик мақсадида Аллоҳ таолога ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қочган эдилар. Энди эса Аллоҳ исломни зоҳир қилди. Бугун ҳар ким хоҳлаганича парвардигорига ибодат қилаверадилар”.
Тобеинлардан яна бири Мужоҳид роҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга бориб: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман”, деганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эса: “Бугун ҳижрат йўқ! ортингга қайт!”, деб жавоб берадилар.
Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилишларича, Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳу одамларнинг: “Ҳижрат қилмаган кимса жаннатга кирмайди! Ҳижрат қилмаганларнинг дини йўқ!”, деб юрганларнинг гапини эшитиб қолиб, “Бу ҳақда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрамагунимча уюмга кирмайман”, деб қасам ичибдилар. Бориб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганларида, у зот алайҳиссалом: لا هجرة بعد فتح مكة – Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ”, деганлар. Юқоридаги ва бошқа бир қанча далиллар кўрсатадики Макка шаҳри мусулмонлар томонидан фатҳ қилинганидан сўнг ҳижрат қилиш фарз эканлиги ҳақидаги ҳукм бекор бўлгандир.
Ҳанафий мазҳаби уламоларининг қарашларига биноан ҳам, ҳижрат саҳобаларнинг давридаёқ тугаган ва унинг вожиблик ҳукми бекор қилингандир. “Мухтасар ал-Виқоя”, “Канз ад-Дақоиқ” каби машҳур  китобларда имоматчиликка ким ҳақлироқ деган маса мавжуд. Ушбу асарларда имоматчиликка ҳақли бўлган киши васфланиб: “Олдин энг ҳақлироқ киши суннатга олимроқ бўлгани, сўнгра қироати яхшироғи, сўнгра парҳезкорроғи, сўнгра ёши улуғроғи”, тарзида келади. Бироқ саҳиҳ ҳадисларга биноан парҳезкорнинг ўрнига ҳижратда муқаддамроқ киши имоматчиликка ҳақлироқ экани айтилади: يؤم القوم...فإن كانوا فى السنة سواء فأقدمهم هجرة... – “Қавмга...агар суннатда баробар бўлсалар ҳижратда муқаддамроғи... имом бўлади”. Бу ҳолатни фақиҳларимиз қуйидагича тушунтирадилар. Жумладан, “ал-Ҳидоя”нинг машҳур шарҳи “Фатҳ ал-қадир”да шундай дейилади: “Саҳиҳ ҳадисда олимроқ ва қорироқдан кейин ҳижратда муқаддам бўлган киши тақдим қилинган. Дарҳақиқат, ҳижратнинг вожиблиги бекор қилинган – мансух бўлган. Бас, унинг ўрнига уламолар хатоликлардан “ҳижрат” қилишни қўйганлар. Ҳадисда: “Ҳақиқий муҳожир хато ва гуноҳлардан ҳижрат қилган кимсадир”, дейилган”.
Яна бир машҳур ҳанафий олим Акмалуддин ал-Бобуртий роҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳидоя”га битган шарҳи “ал-Иноя”да шундай ёзади: “Албатта, ҳадисда билимдонроқнинг зикридан сўнг ҳижратда муқаддамроқ зикр қилинган. Лекин, уламоларимиз ҳижратнинг ўрнига вараъ ва солиҳликни қўйганлар. Чунки, ҳижрат қилиш саҳобаларнинг замонидаёқ тўхтатилган. Демак, ушбу ҳижратнинг ўрнига гуноҳлардан “ҳижрат” қилишни олганлар. Вараъ шубҳалардан четланиш, тақво эса ҳаром нарсалардан узоқ бўлишдир”.
Келтирилган далиллардан ва бошқа кўпгина ривоятлардан, қарашлардан “ҳижрат”нинг асл моҳияти бидъатчилар ва сохта даъватчилар айтганидек эмас, балки, умуман бошқача эканлиги маълум бўлади. Қолаверса уламолар киши ислом арконлари зоҳир бўлиб, ўз хоҳлаганидек эътиқод қила оладиган, ибодатларини эркин бажараёлган ватанидан ҳижрат қилмаслигига иттифоқ қилишган. 

Абдурашид ЭСОНҚУЛОВ, 
Деҳқонобод тумани “Белибойли ота” жоме масжиди имом-хатиби