1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ХУШ КЕЛДИНГ РАМАЗОН! (1-қисм)

30-03-2022, 13:56 346 Ўқиш режими + -
  1. Муборак кунлар остонасида турибмиз. Ойларнинг султони Рамазон соя солиб турибди. Рамазон сўзининг маъноларидан бири шуки, араблар баҳор кириб келганда энг биринчи ёғадиган ёмғирларни Рамазон деб аташган. Деҳқонлар шу ёмғирлардан кейин қарашар, қайси дарахт шу ёмғирдан кейин куртак отса унга парваришни давом эттиришар, қайси бир дарахт куртак отмаган бўлса ундан умидни узишар экан. Бир сўз билан айтганда у ёмғир улар учун умид ёмғири ҳисобланар экан. Биз мўмин-мусулмонлар учун ҳам Роббимиз раҳматлари ёғиладиган ой – Рамазон яқинлашмоқда. Ким Рамазон келганидан хурсанд бўлса ва унда ёмонликлардан тийилиш ҳамда оз бўлсада яхшилик сари қадам қўйишни ният қилса, унинг яхшиликка эришишидан умид қилса бўлади. Айни шу кунлар арафасида Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларга қуйидаги сўзларни айтганлари ривоят қилинган:
    يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّهُ قَدْ أَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عَظِيمٌ شَهْرٌ مُبَارَكٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ فَرَضَ اللَّهُ صِيَامَهُ وَجَعَلَ قِيَامَ لَيْلِهِ تَطَوُّعًا فَمَنْ تَطَوَّعَ فِيهِ بِخِصْلَةٍ مِنَ الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فَمَا سِوَاهُ وَمَنْ أَدَّى فِيهِ فَرِيضَةً كَانَ كَمَنْ أَدَّى سَبْعِينَ فَرِيضَةً وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ وَهُوَ شَهْرُ الْمُوَاسَاةِ وَهُوَ شَهْرٌ يُزَادُ رِزْقُ الْمُؤْمِنِ فِيهِ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ عِتْقُ رَقَبَةٍ وَمَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ" قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ لَيْسَ كُلُّنَا يَجِدُ مَا يُفَطِّرُ الصَّائِمَ قَالَ: "يُعْطِي اللَّهُ هَذَا الثَّوَابَ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا عَلَى مَذْقَةِ لَبَنٍ أَوْ تَمْرَةٍ أَوْ شَرْبَةِ مَاءٍ وَمَنْ أَشْبَعَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ وَسَقَاهُ اللَّهُ مِنْ حَوْضِي شَرْبَةً لاَ يَظْمَأُ حَتَّى يَدْخُلَ الْجَنَّةَ وَكَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْقُصَ مِنْ أَجْرِهِ شَيْئًا وَهُوَ شَهْرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنَ النَّارِ وَمَنْ خَفَّفَ عَنْ مَمْلُوكِهِ فِيهِ أَعْتَقَهُ اللَّهُ مِنَ النَّارِ
    (أخرجه الإمام البيهقي عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ رضي الله عنه)
    яъни: “Эй, инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёда бўлади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”, – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга берадиган ифторлик топа олмаймиз-ку”, – дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунча чанқамайди. Ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, унинг ажрига тенг савоб бўлади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким Рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).
    Ушбу ҳадисдан Рамазондаги ҳар қандай амалнинг ажри бир неча баробар қилиб берилишини билиб олдик. Буларни яхши англаган уммат пешволари бўлмиш саҳобаи киромлар Рамазонни худди бир улуғ меҳмондек кутиб олар эдилар. Улар Рамазонга ўтган гуноҳ ва хатолари учун тавбалар қилиб, имкон қадар зиммаларидаги қарзларни адо қилиб, ҳатто баъзилари зиммасида ҳеч қандай ҳақ қолмаслиги учун закотларини адо қилиб кирар эдилар. Зотан, ушбу ой мўмин-мусулмонлар учун ибодат мавсуми ҳисобланади. Мисол учун баъзилар бозор ва катта-катта дўконларнинг чегирмалар мавсумини кутиб яшайдилар. Нарсаларнинг нархи пасайтириб бериладиган, битта нарсанинг нархига икки ёки учта нарса бериладиган кунларда дўконлар одамларга тўлиб кетади. Олдинги солиҳ зотлар Рамазонни ажр ва савоблар бир неча ўнлаб марта кўп бериладиган мавсум сифатида кўрганлар. Шунинг учун ҳам улар Рамазонга олти ой қолганидан бошлаб унга етказишни сўраб Аллоҳ таолога дуо қилганлар. Аслида Рамазонга етиб келиш улкан неъмат ва катта имкониятдир. Чунки ой раҳмат ойидир, омонлик ойидир. Унда қанча-қанча инсонлар дўзахдан нажот топиш бахтига мушарраф бўладилар. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
    إذا كان أولُ ليلةٍ من شهرِ رمضانَ صُفِّدَتِ الشياطينُ ومَرَدةُ الجنِّ ، وغُلِّقتْ أبوابُ النارِ فلم يُفتحْ منها بابٌ ، وفُتِّحَتْ أبوابُ الجنةِ فلم يُغلقْ منها بابٌ ، ويُنادي منادٍ كلَّ ليلةٍ : يا باغيَ الخيرِ أقبلْ ، ويا باغيَ الشرِّ أقْصرْ ، وللهِ عتقاءُ من النارِ ، وذلك كلَّ ليلةٍ
    (رواه الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)
    яъни: “Рамазоннинг биринчи кечасида шайтонлар ва саркаш жинлар занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилади. Унинг биронта эшиги очилмайди. Жаннат эшиклари очилади. Унинг биронта эшиги ёпилмайди. Ҳар кечада бир нидо қилувчи нидо қилади: “Эй яхшилик истовчи!. Эй ёмонлик истовчи!. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган бандалари бўлади ва бу ҳар кечада содир бўлади” (Имом Термизий ривоятлари).
    (давоми бор)
    ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди