Ўлкамизга ойларнинг сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, моҳи шарифи Рамазон ташриф буюрмоқда. Барчамиз ушбу орзиқиб кутилган муборак айёмга эсон-омон етаётганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсин! Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шу боис бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй, инсонлар” деб эмас, балки “Эй, имон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобда уламоларимиз “Эй, менга имон келтириб, мени яхши кўрган бандаларим! Сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно борлигини айтадилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи ҳақида шундай деганлар: “Кимки Рамазон ойи келишидан шодланса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах ўтига ҳаром қилади”.
Рамазон ойида ҳар бир киши қалбини поклаши, ўзаро хусумат ва гиналарни йўқотиш, қўни-қўшнилар ва қавму қариндошлар орасида ёрдамга муҳтожларга мурувват кўрсатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларни (ногиронларни) ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларга шошилиши ва бировнинг дилига озор етказиш, ҳаққига тажовуз қилиш каби барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиши лозим бўлади.
Рўза ва Қуръон қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: “Эй, Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, иккови ҳам шафоати қабул қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).
Рўза ибодати Жаннатдаги Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. Бу эшикдан эса фақат рўзадор бўлганлар кира оладилар. Бу ҳақда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатда бир эшик бор, у Райён деб аталади. Қиёмат кунида ундан фақат рўзадорларгина кирадилар, улардан ўзга бирор киши ҳам (ўша эшикдан) улар билан бирга кирмайди. “Рўзадорлар қани?” дейилади. Улар ундан (ўша эшикдан) кирадилар, уларнинг охиргиси кириб бўлганда (эшик) беркитилади. Бошқа ҳеч ким ундан кирмайди” (Имом Муслим ривоят қилган).
Ифторликлар ҳам ижтимоий алоқаларни кучайтиришда, мусулмонларнинг ўзаро бир-бирлари билан борди-келди қилишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу боис динимизда бу ишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким бир рўзадорни ифторлантирса, унга ўшанинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчаларимизга муборак айлаб, гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқишларимизни насиб айласин.....
Музаффар Қосимов, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари