МИССИОНЕРЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!
6753
1-04-2022, 19:05
192
Ўқиш режими
+
-
Мўмин-мусулмон учун исломий ақида энг муқаддас қадрият саналиб, у ўз эътиқодини ҳамма нарсадан юқори қўяди, асраб авайлайди, лозим бўлганда унинг учун ҳатто жонини беришга ҳам тайёр бўлади. Чунки, соф исломий ақида инсонни бу фоний дунёдан охиратга саломат олиб борувчи асосий восита бўлиб, нотўғри ақидага асосланиб қилинган амал, адо этилган ибодатлар Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло Ислом динини бутун инсониятга дин бўлишлигини ихтиёр этган, ундан бошқа динлар Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлмаслиги Қуръони каримда баён қилинган: “Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у дин) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир” (Оли Имрон сураси, 85-оят).
Ислом дини – муқаддас қадрият. Унинг ҳурматидан инсон ҳурмат топади. Мусулмон деган номга мушарраф бўлиш билан инсон Аллоҳнинг ҳимоясига ўтади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: яъни: “Ким бизга ўхшаб намоз ўқиса, бизнинг қибламизга юзланса, биз сўйган қурбонликлардан еса, демак у Аллоҳнинг ҳимоясидаги мусулмондир. Бас, Аллоҳнинг зиммасидаги нарсага хиёнат қилманглар!”, - деганлар (Имом Бухорий ривояти). Аввалда ислом динида бўлиб, кейин ундан юз ўгириб кетиш эса, динимизда муртадлик дейилади. Бу эса, Аллоҳнинг ҳимоясидан қочиш, Унинг динидан ўзга динни афзал билиш демакдир.
Таассуфки, ҳозирги кунда диёримиздаги айрим ҳудудларда мусулмон фарзандларимизни бошқа динларга оғдириш (миссионерлик) ҳаракатлари олиб борилмоқда. Соф ақида нима эканлигидан бехабар, ҳақ билан ноҳақни англаб етмаган баъзи одамлар ўз динларидан воз кечиб, насроний ва бошқа динларга ўтиб кетиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Албатта, уларнинг ўз эътиқодларидан юз ўгиришларининг биринчи сабаби Ислом ақидасини яхши билмасликлари бўлса, иккинчиси миссионерлар томонидан турли хил кўринишдаги моддий рағбатлантирилишларидир.
Тарихдан маълумки, миссионерлик ҳаракати XI-XIII асрларда салбчилар юришининг мағлубиятга учраганидан кейин бошланган бўлиб, бу ҳаракатнинг мақсади, дунёдаги халқлар орасида насроний динини ёйиш, хусусан ислом оламида насроний динига тарғиб ва ташвиқ қилиб, мусулмонлар бирлигини парчалаш ва улар устидан ҳукмронлик қилишдан иборат бўлган. Миссионерлик ҳаракатининг дунёнинг бир нечта жойларида марказлари мавжуд бўлиб, улар ўз фаолиятларини турли йўналишларда олиб борадилар. Масалан, касалхоналар, қариялар уйи, йўқолган ва етим қолган болаларни парвариш қилиш уйларини очиб, уларга меҳрибончилик кўрсатиш баҳонасида, турли хилдаги диний адабиётлар тарқатадилар ва ўз динларига тарғиб қиладилар. Бундан ташқари, муҳтож оилаларга моддий ёрдам бериш, беморларни зиёрат қилиш, маҳкумларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг оила ва болаларига ғамҳўрлик қилиш баҳонасида ишончларини қозонадилар, ўзларини раҳнамо қилиб кўрсатадилар. Компютер сабоқлари ёки хорижий тилларни ўргатиш масканларини ташкиллаштириш орқали ҳам миссионерлик фаолиятини юритадилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, миссионерларнинг “ғамҳўрлиги”га алданиб, уларнинг тузоғига илинган кимсалар, аслида исломий ҳаётдан анча йироқ, унинг ҳаётбахш таълимотидан бехабар бўлган кишилардир. Акс ҳолда улар минг йиллар давомида ота-боболари асраб-авайлаб келаётган динини арзимас нарсага, дунё матосига сотмаган, бундай нодонлик ва жаҳолатга йўл қўймаган бўлар эдилар.
Маълумки, Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини)дир...”, - дейилган (Оли Имрон сураси, 18-оят). Ҳозирги илм-фан тараққиётга эришган вақтда кўплаб ғайридин олимлари ўзларининг илмий кашфиётлари орқали Аллоҳнинг мўжизаларига шоҳид бўлмоқдалар ва охир оқибат Исломнинг ҳақ дин эканлигига иқрор бўлиб, уни ўз ихтиёрлари билан қабул қилганликларини эълон қилмоқдалар. Мана шундай бир пайтда ота-боболаримиздан қолган азалий ҳақ дин бўлмиш Ислом динидан кечиб, Аллоҳнинг назарида мақбул бўлмаган динларни қабул қилаётганларни ким деб аташ мумкин, ахир. Албатта, бундай ҳолатда унга ҳақ йўлни тушунтириш, тавба қилиб, ўз динига қайтишга ундаш лозим бўлади. Дарҳақиқат, динга зўрлаб киритиш на динда ва на дунёвий қонунда мумкин эмас. Ҳолбуки, Ислом динининг инсон ақлини қониқтирадиган таълимотидан озгина хабардор бўлган ақли расо киши ҳеч қачон уни тарк этмайди.Аммо, миссионерларнинг найрангига алданиб, ўзга динни қабул қилган кишиларни инсоф ва диёнатга чақириш барча мусулмоннинг бурчидир. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақ динида собит қадам қилсин.
Х.Хонимов,
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби: