1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФИРҚАЛАНИШ ИСЛОМНИНГ ОФАТИ

4-04-2022, 10:06 209 Ўқиш режими + -

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқда айрим тоифалар Ислом динида фирқаланишни тарғиб қилмоқдалар. Ислом дини эса фирқаланишни қоралайди.   
Бугунги кунга келиб динда фирқаларнинг сони ниҳоятда кўпайди. Ўзларининг қўштирноқ ичидаги раҳнамоларидан фатво олиб оддий одамларни йўлдан адаштиришяпти. Бу эса мусулмонлар орасида тафриқаланишга, бўлинишга олиб келяпти. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Шуро сураси 13-оятида марҳамат қилади: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқаларга бўлинмангиз!”
Дин аҳкомлари хусусида уламо ва ҳукамолар билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутиш кераклиги ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: “Ҳазрат Али Расулуллоҳ (с.а.в.)дан “Қуръони Карим ва ҳадиси шарифдан ҳукми бўлмаган бирор иш содир бўлса нима қиламиз?” деб сўраганларида Расулуллоҳ айтдилар: “Мўъминлардан бўлган олимларни тўплаб, ўзаро маслаҳат қилинглар, бундай ишда бир кишининг фикри билан ҳукм чиқарманглар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таоло сизлар учун уч нарсада рози бўлиб, уч нарсада норозидир. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилсангиз, Аллоҳнинг арқони бўлмиш Исломни жам бўлиб маҳкам ушлаб, фирқаланиб кетмасангиз рози бўлади. Аммо “деди-деди” деб беҳуда гапни кўпайтирсангиз, кўп савол берсангиз ва мол-дунёни беҳудага сарф қилсангиз сиздан норози бўлади”, дедилар.
Инсонларни тафриқаланишига, уларнинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўладиган, қалбига хафалик киритадиган ҳар хил ғийбат, бўҳтон, чақимчилик ва ёлғон каби беҳуда гап-сўзларни гапириш, асоссиз уйдирма, миш-мишларни тарқатишдир. Динимиз бу каби хунук иллатларни ва беҳуда ҳамда фойдасиз гапларни гапиришни қаттиқ қоралайди. Чунки инсон боласининг ҳар бир гапирган гапи унинг фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жудаям кўп ҳадисларида тилни сақлашга қаттиқ тарғиб қилганлар. Улуғ саҳобалардан бири бўлган Муоз ибн Жабал (р.а.)га қилган насиҳатларида у кишига беш фарзни буюргандан сўнг шундай дедилар: “Буларнинг ҳаммасидан ҳам асосийсининг хабарини берайми?”. Шунда Муоз ибн Жабал (р.а.): “Ҳа, эй Расулуллоҳ”, дедилар. Бас, у зот тилларини ушлаб, “Сен мана буни тийгин”, дедилар. Муоз (р.а.): “Эй Расулуллоҳ, гапирган нарсаларимизга ҳам сўроқ қилинамизми?” деганларида у зот: “Онанг боласиз қолгур, кишиларнинг юзлари билан дўзахга ағдарилиши фақат тиллари сабабидандир”, дедилар.
Ислом дини бизни доимо илм олишга, билмаганларимизни сўраб ўрганишга буюради. Аллоҳ таоло айтади: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (Анбиё, 7 оят). Шунга кўра киши қилаётган амалининг тўғри ва енгил бўлиши учун, унга мукофот олишга бўлган ишончи хомхаёлга айланмаслиги учун зарур бўлган илмларни ўрганиши, бу илм йўлида савол бериши зарур ва яхши одатдир.
Бироқ, гоҳида шундай кишиларни учратамизки, улар савол бериш билан ўзлари учун манфаатли нарсани ўрганишни эмас, балки инсонлар орасида ихтилоф, фитна, ўзаро низо ва ноқулайликларни чиқаришни хоҳлайди. Бераётган саволи орқали инсонларга машаққат туғдириб қўяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ва у зот ёмон кўрган савол тури айнан мана шудир. Қолаверса, Аллоҳ таоло беҳуда савол беришнинг оқибатини Қуръони каримда Мусо алайҳиссалом қиссасидаги сигир воқеаси орқали баён қилиб берган.
Уламоларимиз саволни бир неча қисмларга бўлганлар: 1) Фарз бўлган савол. Яъни, бирор нарсани билиш учун берилган савол; 2) Мандуб бўлган савол. Яъни, ўзи билган ҳолатда ҳам, атрофдаги кишиларга фойдали бир масалани билдириш мақсадида берилган савол; 3) Ҳаром бўлган савол. Бунга мисол, бирор кишини илмини синашлик учун берилган савол, ўзини билимдон кўрсатиб, талашиб тортишиш учун берилган савол, мусулмонларга қийинчилик туғилишига сабаб бўладиган савол ҳамда Аллоҳ таоло Ўзигагина маълум қилиб қўйган илмлар ҳақида билиш учун берилган савол кабилардир. Бундай ҳолатда инсон фақат ўзи ва мусулмонларнинг бирор фойдали нарсани билишлари ҳамда унга амал қилишлари учун сўраган саволигагина ажр олади. Қолган ҳолатларда эса нияти тўғри бўлмаганлиги сабабли гуноҳкор бўлади. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Одамларнинг энг ёмони оғир масалаларни ушлаб олиб Аллоҳнинг бандаларига ғалва орттирувчи кишидир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “ Фитна ухлаб ётгувчи нарсадир. Уни уйғотган одамга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”.
Турли тоифа, фирқа ва йўналишлардан эҳтиёт бўлиш керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эшитган гапини (текширмасдан) бошқаларга етказиш кишининг каззоблиги (ёлғончилиги)га етарли далилдир”, деганлар. Демак, кимнингдир ғояларини текшириб кўрмай, унга эргашиб кетавериш динимизга зид, бундай ишлар фирқаланиш ва фитнага олиб келади.
Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар. Яъни воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарган. Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган.
Ибн Абдул Барр “Жомиъул-илм” китобида Уқба ибн Муслимдан ривоят қилади: “Ибн Умарга ўттиз тўрт ой ҳамсуҳбат бўлдим. Савол сўралганда кўпинча: “билмайман”, – дер эди-да, менга қараб: “Анавилар нимани исташини билдингми, улар бизнинг елкамизни жаҳаннамга кўприк қилмоқчи”, – дер эди”.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан гоҳо элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган экан. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, – деган эканлар.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ яна айтадилар: “Мен учратган чуқур билим ва тафаккурга эга бўлган шахслардан савол сўралганда ҳалқумларига жонлари тиқилгудек ҳолатга тушишар эди. Бизнинг давримиздаги фатво берувчилар эса фатво беришга ошиқади. Ваҳоланки, уларни қиёмат куни нима кутиб турганини билмайдилар. Агар билганларида эди, бундай йўл тутмасдилар”. У зот яна: “Мен чуқур билимга эга бўлган етмишта шахс фатво беришга лойиқлигим тўғрисида гувоҳлик бермагунларича фатво бермаганман”, – деган эканлар.
Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.
Аҳмаддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келажакда фитналар бўлур. Унда ўтирган тик тургандан яхшидир. Унда тик турган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Ким унга қизиқса ўзига тортади. Ким ундан паноҳгоҳ ёки қўрғон топса, у ила ўзини асрасин”, дедилар”. Демак, фитнани сезган киши иложи борича ундан узоқда бўлишга ҳаракат қилмоғи керак.
Бугунги мураккаб даврда барчаларимиз мана шундай фитналардан эҳтиёт бўлиб, фарзандларимизни ҳам турли бузғунчи оқимларга кўр-кўрона билиб-билмай адашиб кириб қолишлигидан асрашлигимиз ва уларга бузғунчиларни фитнасидан доимо огоҳ бўлишлигини уқтиришимиз лозим.
Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча ғофил, бепарво ва лоқайд кимса атрофида нималар бўлаётганига эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади.
 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,
 
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари,                                                  
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби