Маълумки, Рамазон ойида Парвардигор бандаларига Ўз раҳмат ва баракотини нозил қилади. Шундай экан, ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга шошмоқлари лозим.
Бу ойнинг таърифи ва унда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб, жумладан: “Бу хайр-эҳсон улашиладиган ойдир. Рамазон ойида мўминларнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган ҳолда савоб берилади”, - деганлар. Шунда саҳобалар: Эй, Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку, - дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўксик кўнгилларини кўтариб: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки бир дона ҳурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо, кимки рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ таоло унга ҳавзи кавсаримдан бир қултум сув ичирадики, у то жаннатга киргунча чанқоқ нималигини билмайди. Бу – аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки бу ойда биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади”, - деб марҳмат қилдилар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, Рамазон ойи мусулмонларни хайру саховатли бўлишга, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатишга ундайдиган ойдир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу шундай деганлар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Тонги сабо барчага хуш кайфият бахш этгани каби, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди” (Муттафақун алайҳ).
Эзгу амаллар деганда аввало, чин ихлос-эътиқод, ибодатда бардавом бўлиш, шунингдек, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва уларни сабр тоқат ила адо этиш тушунилади. Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, - деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир.
Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳу: Намоз сенга жаннатнинг йўлини кўрсатса, рўза унинг эшигига олиб боради. Садақа эса, сени ичкарига олиб киради, - деганлар. Бас, бу ойдаги ҳар бир фарз амалга етмиш баробар савоб ёзилар экан, закот ва бошқа хайру эҳсонларни ҳам шу ойда бериш афзалдир.
Закот Ислом арконларидан бири бўлиб, унинг жорий этилиш ҳикмати шундан иборатки, у туфайли жамиятда бир қадар тенглик пайдо қилиш, бой ва фақир табақалар ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, қолаверса закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни муборак ойда эзгу амалларни кўпроқ қилишга муяссар қилсин.
Х.Хонимов Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби