Аёл – миллат тарбиячиси
6773
6-04-2022, 09:26
522
Ўқиш режими
+
-
Аёл – жамият гултожи, борлиқ кўзгуси, миллат тарбиячиси. Унинг меҳр-муҳаббати навниҳолларнинг, эртамиз эгаларининг униб-ўсишига, камол топишига сабаб бўлади. Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади. Хотин-қизларни эъзозлаган, қадрлаган юртнинг эса бугуни ва эртаси, шубҳасиз, фаровондир!
Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда қадрини ва қаддини кўтариш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу хайрли ишларнинг самарасини эса барча опа-сингилларимиз ўз ҳаётлари, умр йўллари давомида ҳис этишмоқда. Шу билан бирга кўрсатилаётган меҳр-муҳаббатни юксак баҳолаб, барча соҳаларда ўз билим ва салоҳиятларини кўрсатмоқда, жаҳон ареналарида давлатимиз байроғини янада баланд тутмоқда, ер юзидаги энг машҳур, йирик компанияларда меҳнат қилиб, ўзбекларнинг салоҳиятини намойиш қилмоқда.
Албатта, келажаги буюк, эртаси фаровон бўлишини истаган халқ миллат давомчиларининг, қай соҳа вакили бўлмасин, кўнгли тинч, ҳаёти фаровон бўлиши учун ҳаракат қилади, муносиб турмуш кечиришлари учун шароит яратади.
Жорий йилнинг 1 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш учун доктарантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилишини билдирди. Бу янгиликни илмга ташна опа-сингилларимиз катта қувонч ва ҳаяжон билан қарши олди.
Азизаларим, ушбу видеоселекторда иштирок этар эканман, Президентимизнинг қарорларидан жуда ҳам қувондим. Демак, бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, илму маърифатимизни оширайлик. Ўз илмий фаолиятимиз билан жамиятимиз ривожига ҳисса қўшиб, билдирилган ишончни оқлайлик!
Шоира КАРОМОВА,
Қашқадарё вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси