Айрим тоифа кишилари инсонларни иймонга, Исломга чақиришда мажбур қилиш керак деган фикрни олға сурадилар. Аслида эса одамларни иймонга. Исломга мажбурлаш мумкин эмас. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар парвардигорингиз хоҳлалаганида, ер юзидаги барча ёппасига иймонга келган бўларди. Ёки одамларни иймонли бўлишга мажбурламоқчимисизлар?” (Юнус сура, 99-оят). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да: “Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ва барча мўминларга хитоб қилиб айтаяптики. Одамларни иймонга зўрлаб келтириш ярамайди, қолаверса, бу сизларнинг ишингиз эмас. Чунки иймон қалб чақириғидир, Аллоҳ хоҳлаган инсонларгина иймонга келишади, ҳидоят йўлига киришади”
Ислом динида мажбурлаш йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:“ Динда мажбурлаш йўқдир. Ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Ким тоғутни инкор этиб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳақиқатан ниҳоятда мустаҳкам бир тутқични ушлаган бўлади. Аллоҳ эшитувчи, билгувчидир” (Бақара сураси, 256-оят).
Айрим тоифалар айтганидек, одамларни мажбурлаш билан динга чорланмайди, балки ҳар бир киши ўз розилиги, хоҳиш-иродаси билан Ислом динини қабул қилади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими