1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Барака ва ҳаром ҳақида

12-04-2022, 16:52 187 Ўқиш режими + -
                               Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ Таоло бизни ҳаромдан қайтарар экан, ундан қайтмоқни бизга осон қилиб қўйди. Баъзилар айтганларидек, ҳаромдан қайтишлик у даражада қийин иш эмас.
Худди шунингдек, У бизга ҳалол яшамоқни осон қилиб қўди. Баъзилар айтганидек, ҳалол яшамоқлик у даражада қийин иш эмас.
Аввало, Аллоҳ Таоло ҳалол яшашликни қасд қилган кишининг ризқига барака беради. Ва бу баракотларнинг аввалгиси, берилган ризқ унга тамоман етарли бўлади. Масалан бозорга чиқса, унинг кўзи эҳтиёжига қараб фақатгина арзон нарсаларни излайди. Бу нарса уни тўлиқ қаноатлантиради, сотиб олади ва шу билан хурсанд бўлади. Балиқ сотиб олмоқчи бўлса кичигини, гўштни ҳам шунақасини танлайди. Бу нарсаларни уйига келтирганида аёли ва фарзандлари ҳам норози бўлмайдилар.
Молни ҳаромдан топувчиларда бу бошқачароқ бўлади. Улар фақатгина қиммат нарсаларгагина қаноат қиладилар. Бу нарсага эришиш учун ҳаром йўлга ўзини урадилар. Уйга олиб борган нарсаларидан аёли ва фарзандларида ҳам негадир розилик ҳисси туюлмайди. Келтирганларини яхши эмас дейдилар, яхши қабул қилмайдилар. Ва у шу билан ўз уйида бахтсизликни ҳис қиладилар.
Эҳтимол биз бу каби нарсаларга эътиборсизлик билан қарармиз, бироқ инсонлар ҳаётида учраётган юз минглаб жиноятлар шу сабабли содир бўлади. Оналар кераксиз харажатлар туфайли фарзандларининг ризқини қиядилар. Оталар кераксиз харажатларга маблағ топишлик учун  охиратидан воз кечиб, ўзларини ҳаромга урадилар. Олиб келганида эса, уйдагилар барибир норози бўлаверадилар.
Аллоҳ Таоло Анфол сурасининг 36 – оятида: “Бас, уларни (маблағни ҳаром йўлга) сарфлайдилару, сўнгра (ўша сарфлаган ҳаром моли), ўзларига ҳасрат бўлади, кейин мағлуб бўладилар” – дейди.
Нега?..
Чунки у одам абадий неъматларни шаҳват ва очкўзлиги туфайли озгина фурсатдаги ман қилинган нарсага алмаштирди.
Чунки у Жаннатда абадий қолишликни дунёдаги ўта қисқа умрга сотди. Нимаики нарса бўлмасин, охиратга зарарли бўлса асло қадрсиздир.
Аллоҳ Таоло Зумар сурасининг 15 – оятида айтади. Бас (Эй Расулим): “Сизлар Ундан (Аллоҳдан) ўзга нимани ҳоҳласангиз, ўшанга ибодат қилаверинглар” – деб айтинг. Сиз: “Албатта, зиёнкорлар қиёмат куни ўзларига ва аҳлларига зиён қилгувчилардир. Огоҳ бўлингким, ана ўша очиқ-ойдин зиёнкорликдир” – деб айтинг.
Аллоҳ Таоло бандаларини дунёда Ўзи буюрганидек яшамоқларини яхши кўради. Ҳаромхўрлик касб эмас.
Энг қизиғи, ҳаромдан йиққан молни ҳисобини меросхўрларга ташлаб кетади, ҳисобини эса, охиратда ўзи беради, жазосини ўзи кўради. Аллоҳнинг азобини енгил санамоқ иймонсизликнинг белгисидир.
Ҳаром мол қозониш бор, судхўрлик бор, порахўрлик бор, суҳт бор. 
Суҳт дегани бировнинг нарсасини куч, қаҳр ва қўрқитиш каби мумкин бўлмаган йўллар билан ўзлаштирмоқликдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сухт билан ўсган ҳар бир гўшт учун энг лойиғи Дўзах оловидир” – деганлар.
 
 
Хуршид Шарипов.
Косон шаҳар Ғоиб Ота жоме масжиди имом хатиби