Айрим тоифаларнинг асосий иши мусулмонлар орасида фитна тарқатиш бўлиб қолди. Фитна тарқатиш Ислом динида қораланади. Фитнанинг энг кўп ишлатиладиган маъноси бузғунчилик, фисқу-фасод қўзғаш, жамиятда турли асоссиз миш-мишлар тарқатиш, халқни ўз давлатига қарши қўйишдир. Фитнанинг ёмон томони шундаки, кўпчилик унинг асл моҳиятини англамайди. Фикр, мушоҳада қилган киши борки, бу фитналар мусулмонлар бошига фақат кулфат ва аччиқ азоб келтиришини англаб етади.
Фитналар тарқлаётган ушбу замонда биз мусулмонлар фитнага қизиқмаслигимиз лозим бўлади. Фитнага қизиқсак, у бизни ўзига тортади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-шарифда шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келажакда фитналар бўлур. Унда ўтирган тик тургандан яхшидир. Унда тик турган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Ким унга қизиқса ўзига тортади. Ким ундан паноҳгоҳ ёки қўрғон топса, у ила ўзини асрасин”, дедилар”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналарга аралашиб қолишдан сақлаб, Ўзи рози бўладиган ишларга муяссар қилсин!
Р. Акбаров,ЎМининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими