1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ғазаб ва ҳилм...

16-04-2022, 14:49 391 Ўқиш режими + -
Гўзал хулқ қаҳр-ғазаб келганида билинади. 
Қаҳр-ғазабига ғолиб бўлган одам ўз роҳатини таъмин этади. 
Мулойимлик дарахтини эккан киши саломатлик мевасини теради.
Инсон ғазабини енгмагунича, қалбидаги ёмонлик васвасаларидан қутулиб, комил инсон бўла олмайди. Ёмон қалбни тўғрилаш ният ва  амалга боғлиқдир. Киши нафси хоҳиши ва эҳтиросини енгмагунича, саодатга эришмас.
Ғазабни енгмаган ахлоқини йўқотади.
Бир донишманддан: “Хушфеъл, хушмуомалаликни ёдимизда тутиш осон бўлиши учун бир-икки жумла баён этинг”, деб сўрадилар. Донишманд дедики:
-  Қаҳру ғазабни тарк этиш – барча гўзал ахлоқни ўз ичига олади. Ғазаб зиндони энг жирканч ярамас бир ўриндир. Ғазабини тарк қилмаган киши ҳаққоний ва тақводорлар мртабасига эришмайди.  
Ғазаб шундай ўтки, киши энг яқинларини ўлдришдан ёки ўлим тилашдан ҳам қайтмайди. “Қарғиш” ёки “лаънат” (дуойи бад) деб аталувчи айрим қарғишлар дилдаги “оҳ”нинг самараси ўлароқ айтилади. Кимгадир астойдил ёмонлик тиланади. Баъзан эса тил учида ҳам айтилади. Оналаримизнинг астойдил қарғамасликларини, уларнинг тилидан умуман қарғиш учмаслигини хоҳлар эдик. Баъзан “афтинг қурсин”, деб қўйишади. Ўзлари буни ёмон қарғиш деб ҳисоблашмайди. Ҳолбуки, бунинг замирида ҳам ўлим тилаги ётади. “Қуриб кетгин”, “жувонмарг бўлгур” кабилар ҳам шундай. Эслироқ оналар “афтинг қурмағур”, “жувонмарг бўлмагур” дейишади. Буларни қарғиш эмас, тергаш ўрнида қабул қилиш мумкин. Айтилмаса, яна ҳам яхши. Нега энди?, она ҳеч қачон фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Лекин фарзандини энг кўп уришадиган, урадиган, қарғайдиган ҳам она. Шу аёл эридан, қайнота-қайнонасидан, ҳамкасбидан... ғазабланса, ғазабини ичига ютади. Лекин ўз боласи жаҳлини чиқарса, ўзини тута олмайди! Нега? Ҳатто бошқалардан гап эшитса, аламини боласидан олади. Бу қанақаси?
Бир аёлнинг ҳасрат дафтари билан танишинг: айтган ишини бажармагани учун иккала ўғлини уриша туриб, “ажалинг келгурлар!” деб қарғаб юборибди. (Сизга ёлғон, менга чин, шу икки сўзни ёзишга қийналдим, қўлим қалтиради. У аёл болаларини қандай қарғай олдийкин?) Бу қарғишни эшитган қайнонаси: “Ҳай-ҳай, дарров тавба қилинг, ҳар гапга фаришталар “омин” дейди-я!” деб танбеҳ берибди. Аёл “хўп”, дебди-ю, жаҳли чиққан кезлари барибир тилини тия олмабди. Бир куни ўғилларини қўй боқишга чиқарибди. Болалар “чиқмай қўя қолайлик”, деб ялинишса ҳам зўрлабди. Оқибат шу бўлибдики, кичиги эҳтиётсизлик қилиб сойга йиқилибди. Акаси “укам оқиб кетаяпти, онамга нима деб жавоб бераман?!” – деб ўзини сувга отибди...
Афсуски, кўпчилик аёлларимизни илми заифлигиданми ёки оқибатини тафаккур қилиб кўрмаслигиданми билмадим, аммо оғиздан чиқаётган гап-сўзларига эътибор қаратишмайди. Албатта бир фалокат ёки нохушлик рўй берсагина кўзлари ялт этиб очилишини кутишади, бироқ унда кеч бўлади...
Аслида бировга лаънат айтиш деганда, уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаш маъноси тушунилади. Мўмин киши ёхуд мўминалар бошқа бир мўмин биродарини Аллоҳннг раҳматидан узоқ бўлишини тилаши оқибатида хатарли бўлган ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бир-бирларига лаънат айтишдан қайтарганлар:
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизга Аллоҳнинг лаънати билан ҳам, Унинг ғазаби билан ҳам, дўзах билан ҳам лаънат айтманглар”, - дедилар”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган .  
Ҳикоят: бир туякаш ғоятда қадрлайдиган қизғиш туясини йўқотиб қўйди. Неча кун қидирса ҳам тополмади. Туну кунларни уйқусиз ўтказди. Йиғлади, эзилди... Охири ғазаблана бошлади. Ҳамма айбни туянинг ўзига юклаб, ундан умидини узди, ғазаб билан, телбаларча хитоб қилдики:
-  Эй туя! Агар сен аблаҳни топсам, шу одамлар гувоҳ бўлсин, Аллоҳга қасамки, бир ақчага сотиб юбораман!
Бу қасамдан сал ўтмай туя топилгач, туякаш нима қиларини билмай, боши қотди. Қасам ичганига пушаймон бўлди. Ўйлай – ўйлай бир чорасини топди: туянинг устига бир қора мушукни ўтқазиб, бозорга чиқди-да, “туянинг нархи бир ақча, мушук минг ақча, иккови бирга сотилади”, деб эълон қилди. Харидорлар: “Эсинг борми, мушук минг ақча турар эканми?” деб ажабланишса, у: “Сизларда ҳам инсоф борми? Туя ҳам ҳеч замонда бир ақчага сотиладими?”, дер эди. 
Қиссадан ҳисса шуки, инсон ғазабланган пайтларида шуурсиз ҳаракатлар қилиб, сўнг қандай тузатишни билмай, аросатда қолади. Боболардан “Жаҳл чиқса – кўз қораяр, жаҳл кетса – юз қизарар”, деган ҳикмат бор. Ҳикоятдаги қора мушук совуқлик рамзидир. Бозорнинг омадсизлилигига, бузилишига сабабдир. Кишилар бир нарсанинг амалга ошишига қарши бўлишса, “эшагидан тушови қиммат” қабилида иш тутадилар. Хулоса шуки, жаҳл келганда тилига ва қўлига ҳоким бўлган киши ёмон оқибатдан халос бўлади. 
-  Эй кўнгил! Сен ғазабингни жиловлай оласанми? Ғазаб келганда ота-онага қараб ҳам бақирадиганлардан эмасмисан? Ғазаб келганда хотини, фарзандларини урадиган жоҳиллардан эмасмисан? Ғазаб келганда дўстидан ҳам кечиб юборадиган номардлардан эмасмисан? Ўйлаб кўр: эҳтимол, бир марта бўлсин, ота ва онангга қаттиқ гапиргандирсан, хотининг, фарзандларинг, дўстларингдан қай биринидир жаҳл устида ранжитгандирсан. Энди сен бу учун ғазабнгни баҳона қилма. Ғазабни енга олмаган ўзингни айбла! Айбла-да, тавба қил! Тавбанинг қабул бўлиш шартини унутма: бу ҳол энди қайтарилмаслиги керак!  Қайтарилса, тавбанг қабл бўлмас. Тавба – Аллоҳ таолога қайтшдир. Тавба – ваъдадир, надоматдир. Инсон ўз ҳаётининг жараёнини, фаолиятини, йўналишини, яшаш тарзини ўзгартиришдир. Тили билан тавба қилиб, феъл-одатини ўзгартирмаслик – ёлғончиликдир. Тавбаи насуҳ – жуда самимий тавбага эришмоқ қасдида бўл. Вужудингни куйдира бошлаган жаҳл ўтини чидам, бардош суви билан ўчир. Қаҳру ғазаб тиканларини сабр-тўзим ўти билан ёндир. Аҳли донишнинг: “Қилич ва найза билан ҳосил бўлмаган кўп ишлар ҳилмлик ила ҳосил бўлади. Ғазаб келтирган зарар ғазабланган кишини ўзгартиради”, деган ҳикматини унутма зинҳор.  
      
                               
Нилуфар АҲАДОВНА
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти