Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров томонидан киритилган таклифлар Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг I йиғилишида маъқулланди. 15 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг I йиғилишида иштирок этди.
Муфтий мусулмон олами олдида турган муҳим масалалар юзасидан мулоҳазаларини билдириб, бир қатор таклифларни илгари сурди.
Муфтий Нуриддин домла анжуманда туркий давлатлар диний идоралариаро Фатво ҳайъатини ташкил этиш, Туркий давлатлар уламолари биринчи форумини Самарқандда ўтказиш каби бир қатор таклифларни илгари сурди.
“Мўмин-мусулмонлар иттифоқлиги бугун ҳар қачонгидан ҳам жуда муҳим бўлмоқда. Қуръони каримнинг бир неча оятларида Ислом умматини бирлашишга чақирилади. Ҳақ таоло айтади: “Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!” (Оли Имрон сураси 103-оят.) Бошқа ояти каримада: “Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар...” дейилади (Ҳужурот сураси 10-оят).
Фурсатдан фойдаланиб, ўзаро ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги таклифларни билдираман:
Биринчидан, халқларимизнинг урф-одати, ҳаёт тарзи азалдан муштарак бўлган. Шу боис бугунги глобаллашув ва таҳдидлар зўрайган даврда мўмин-мусулмонлар эътиқодий бирлигини таъминлаш ҳамда иттифоқлигини мустаҳкамлаш мақсадида Туркий давлатлар диний идоралариаро Фатво ҳайъатини ташкил этишни таклиф этаман.
Охирги 5 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон уламолари билан Рамазон ойи, Ийдул Фитр ва Ийдул Азҳонинг биринчи куни, намоз вақтларини аниқлаш ҳамда замонавий шаръий масалаларда фатво ишлаб чиқишдаги ҳамкорлигимиз ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Мазкур Фатво ҳайъатини ташкил этиш орқали ушбу ишларнинг фаолият кўлами ва жуғрофияси янада кенгайиб, туркий халқлар ҳамжиҳатлигини оширишга эришилади, иншааллоҳ.
Иккинчидан, ҳозирги мураккаб замонда Имом Мотуридий ақидавий таълимотларининг нақадар пухталиги ва ҳанафий мазҳабининг шаръий масалалари ниҳоятда халқчил экани англаб етилмоқда. Аллоҳга шукрки, қадимдан туркий халқларимиз ақидада Имом Мотуридий йўналишига, фиқҳда Абу Ҳанифа мазҳабига эргашадилар.
Ақидамиз ва мазҳабимизга турли томондан таҳдидлар бўлаётган бир паллада Имом Мотуридий ва Ҳанафий мазҳаби таълимотларини халқларимиз онгу шуурига чуқур сингдириш мақсадида, ҳар йили бир марта Имом Мотуридий таълимотларини тадқиқ этиш ва кенг ёйишга бағишланган Туркий давлатлар уламоларининг форумини ўтказиш, шунингдек, йилда бир марта Ҳанафий мазҳаби мўътадиллигини кенг тараннум этадиган Туркий давлатлар уламолари симпозиумини ўтказишни таклиф этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, Имом Мотуридий таълимотларини тадқиқ этишга бағишланган биринчи Туркий давлатлар уламолари форумини ушбу аллома туғилиб, ижод этган Самарқандда ташкил этишни таклиф этаман.
Учинчидан, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий, Имом Термизий ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий марказлар ташкил этилиб, ислом уламолари асарларини тадқиқ этиш ишлари йўлга қўйилди. Бундай ишлар қардош давлатларда ҳам олиб борилаётганидан хабаримиз бор. Шу боис мана шундай тадқиқ этилган нодир ва ноёб асарларни қардош тилларга ҳам таржима қилиш ва мўмин-мусулмонларга етказиш каби илмий лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этаман.
Тўртинчидан, сўзга чиққан нотиқлар қайд этганларидан маълум бўлмоқдаки, бугунги глобаллашув даврида диний соҳа ходимларининг масъулияти янада ошиб бормоқда. Шу боис диний кадрлар касб-маҳоратларини ошириш борасида ҳам соҳа ходимларининг тажриба алмашишларини жорий этиш яхши натижаларни беради.”
Муфтийнинг таклиф ва мулоҳазалари анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотиб, бир овоздан маъқулланди.