1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ўзбошимчалик билан фатво берманг

20-04-2022, 15:03 413 Ўқиш режими + -
Айрим кимсалар интернет тармоқларида ўзбошимчалик билан фатво бериш ҳоллар учрамоқда. Динда етарли ҳолда илми бўлмаган кишиларнинг фатвога журъат қилишлари мумкин эмас. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир”, (Имом Доримий ривояти) дедилар”.
Хўш, фатвони ким беради? 
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида жавоб беришга нисбатан ишлатилади. Яъни, фатво – турли фиқҳий саволлар бўйича йирик мусулмон ҳуқуқшуносларининг қатъий фикрларини ифодалайди. 
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У зотдан кейин саҳобалар, тобеинлар ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланганлар. Бу анъана бугунги  кунимизгача давом этиб келмоқда. 
Фатво бериш шариатда  фарзи кифоя амал ҳисобланади. У  якка тартибда, жамоавий ёки йўналтирилган идоралар томонидан берилади. Ҳозирда у, кўпгина мусулмон мамлакатларда расмий фатво берувчи диний идора, халқаро марказлар ёки кўзга кўринган ва тан олинган уламолар томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Шуни таъкидлаш ўринлики, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Чунончи, Қуръони каримнинг ўзига хос мўъжизакорлиги, ундаги балоғат ва фасоҳатнинг ниҳоят даражада юқорилиги, жумлаларнинг тузилиши ва бошқа жиҳатлари шу вақтгача одамзодни ажаблантириб келган. 
Имом Доримий Убайдуллоҳ ибн Жаъфардан мурсал ҳолда ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир”, деб айтганлар.
Баъзи саҳобалар бирон-бир масала ҳақида савол сўралса жавоб беришга шошилишмас, балки уни бошқа одамдан сўрашни илтимос қилар экан. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен қачонки, Аллоҳнинг китобидан бирон - бир ҳарфи ҳақида Аллоҳ ирода қилмаган нарсани айтсам қайси осмон менга соя бўлади, қайси ер кўтариб туради ва қаерга бораман ва нима қиламан?” – деб айтганлар.
Шундай экан, исломнинг ҳар икки манбаси (яъни, Қуръон ва Сунна)га асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга.
Уламоларимиз  бирор - бир масала юзасидан ҳукм чиқаришда,  аввало, мазҳаблар таълимотига таянишади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи - назаридан  фатволар чиқаришади. 
Хулоса қилиб айтиш мумкинки,  фатво мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллаган. Илм  ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашишга олиб боради.   
 
М. Қораев 
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари,                                                                                       
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби