1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Улуғ мутафаккир олим Ҳаким Термизийнинг ботил оқимларга раддиялари

21-04-2022, 08:37 281 Ўқиш режими + -
Ҳаким Термизий ўз асарларида ақидавий оқимларга ҳам раддиялар беради. Шулардан бири – умавийлардан қочиб, Хуросонда паноҳ топган хорижий тоифаларни танқид остига олади. Улар Ҳирот, Сижистон, Эрон чўлларида жойлашиб, фаолиятлари  Ҳаким Термизий яшаган даврларда ҳам давом этган эди. Ҳаким Термизий “Наводир ал-усул” асарининг 41-усули (боби)да хорижийларни кескин танқид қилади. Бу бобда Расулуллоҳ (а.с.) дан ривоят қилинган: “Хаворижлар аҳл ан-нор итларидир”[7] ҳадис шарҳида у шундай дейди: “Хаворижлар бу дунёда саъйи ҳаракатлари залолатга етаклаган қавмдир. Улар ўзларини яхшилик қиляпмиз деб ҳисоблаганлари билан, уларнинг амаллари ҳалокатга олиб борувчидир ҳамда улар қиёматда ибодатдаги жидду-жуҳдлари вазнида ажрларини олмайдиган қавмдир. Уларнинг қалбларида залолат бор, улар диндан отилиб чиқиб кетдилар. Расулуллоҳ (а.с.) ҳам уларни шундай тавсифлаганлар: “Қуръон тиловат қиладилар, лекин тиловатлари томоқларидан нарига ўтмайди, диндан худди ўқ камондан отилиб чиққандек тезлик билан чиқиб кетадилар”. Динда жуда чуқурлашиб, икир-чикирларга берилиб кетиб, муваҳҳидларни (яъни, мусулмонларни) биргина гуноҳи билан кофирга чиқардилар. Қалбларидаги залолат туфайли ҳатто анбиё (а.с.) ларга ҳам етиб бордилар (яъни кофирга чиқардилар) ва Аллоҳ изн бермаган нарсага киришиб, (Қуръон ва ҳадисни) ўз раъйларича, асл маъносидан ўзгартириб таъвил қилдилар. Аллоҳ таоло уларни Китобида қуйидагича тасвирлади: Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар. – Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур[8]. Азориқалар хаворижларнинг бир тури. Уларнинг раҳбари Нофеъ бин Азрақ[9].
Ҳаким Термизийнинг минтақада кўпсонли тарафдорларига эга бўлган шиаларга нисбатан ўз муносабатини “Наводир ал-усул”нинг 222-бобида билдиради. Муаллиф шиаларнинг енг асосий ғояси бўлган “халифаликка Абу Бакр ва бошқа халифалар эмас, балки Пайғамбар аҳли, яъни “аҳл ал-байт” бўлган Али ибн Абу Толиб муносиб”[10], – деган даъволарига қарата раддия бериб, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (р.а.)ларнинг бари халифаликка энг муносиб шахслар бўлгани зикр қилинади.
Ҳаким Термизий ўз давридаги аҳли сунна ва жамоа эътиқодидан четлашган мўътазила, муржиа тоифаларни ўзининг “Наводир ал-усул” асарида танқид қилиб, уларни “аҳл аз-залола” (залолатга учраганлар) деб атайди. “Наводир ал-усул”нинг 263-бобида ат‑Термизий ёзади: “Мушаббаҳа, қадария, жабария, жаҳмия ва шу сингари залолат аҳлининг қалблари (тўғри йўлдан четлашишга) мойил бўлди, улар бидъатларга берилиб кетдилар ва Аллоҳнинг йўлидан залолатга учрадилар”[11].

Сирож ҚИЛИЧЕВ, 
Касби туманидаги "Месит" жоме масжиди имом-хатиби 


Қаранг: Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. И. Б. 607-610.
 
[2] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. ИИ. Б. 54.
 
[3]Қаранг: Ҳаким Термизий. Ўша асар. Т. И. Б. 671.
 
[4]Қаранг: Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. ИИ. Б. 226.
 
[5]Қаранг: Ҳаким Термизий. Ўша асар. Т. ИИ. Б. 125.
 
[6] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. И. Б. 519-521.
 
[7]Ушбу ҳадисни Ҳоким «Мустадрак» асарида келтирган, Заҳабий уни «саҳиҳ» деган, Ибн Можа ҳам бу ҳадисни ривоят қилган. 
 
[8] Қуръони карим. 3: 7.
 
[9] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. И. Б. 345-348.
 
[10]Прозоров С. Аш-шиъа.// Ислам энциклопедический словарь. – Б. 298
 
[11]Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. ИИ. Б. 55.