Баъзи тоифалар томонидан “Биз қиёмат яқин Дажжолнинг чиқишига эътиқод қилмаймиз” даҳволар қилинмоқда. Аслида эса, биз қиёматга яқин Дажжолнинг чиқишига иймон келтирамиз. Бу ҳақда “Ақоиди Насафия”да шундай дейилади: “Қиёмат аломатларига ишонамиз. Масалан, Дажжолнинг чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари. Қуёшнинг ғарб томондан чиқиши, ер ҳайвонининг чиқиши кабилар”.
Дажжолнинг чиқиши қиёматнинг энг катта аломатларидан биридир. Дажжолнинг тана тузилишида ўзига хос аломатлари бўлади. Бир кўзи теп-текис бўлади Пешонасига кофир деб ёзилган бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дажжолнинг чап кўзи ғилай, серсоч. У билан жаннат ва дўзах бор. Унинг дўзахи жаннатдир, жаннати дўзахдир”, дейилган.
Дажжол ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан кўплаб ҳадис ворид бўлган. Шулардан бирида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида туриб Аллоҳга лойиқ ҳамду сано айтдилар ва Дажжолни зикр қилиб: “Албатта, мен сизларни ундан огоҳлантирурман. Ҳар бир набий ҳам, албатта, ўз қавмини ундан огоҳлантирган. Лекин мен сизларга унинг ҳақида ҳеч бир набий ўз қавмига айтмаган гапни айтурман. Шубҳасиз, у ғилайдир. Албатта, Аллоҳ ғилаймасдир”, дедилар” дейилади.
Айрим тоифалар “Биз Масиҳ Дажжолнинг чиқишига эътиқод қилмаймиз” деган даъвони қилишади. Улар бунинг сабабини Масиҳ Дажжолнинг чиқиши ҳақидаги ҳадис оҳод эканлиги билан изоҳлашади. Аммо уларнинг бу даъволарини Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига нотўғри ҳисобланади. Хусуссан, марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Дин насиҳатдир” китобларида шундай ёзадилар:“Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидаги барча мусулмонлар қабр азобига ва қиёмат яқинлашганда Дажжолнинг чиқишига иймон келтирадилар. Бу ҳақиқат ақоид китобларимизнинг барчасида алоҳида таъкидланган. ... Ақида илмида мутавотир ва оҳод хабарларда келган маъноларни инкор қилганларга нисбатан икки хил ҳукм собит бўлган. Мутавотир далил билан собит бўлган нарсани инкор қилган одам кофир бўлиб Исломдан чиқади. Оҳод ҳадисларда келган маънони инкор қилган одам фосиқ бўлади”.
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни турли хил адашишликдан асраб, Ўзининг ҳақ йўлида бардвом қилсин!
Р, Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими, Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имом хатиби