РАМАЗОН ҲАЙИТИ МУБОРАК БЎЛСИН!
6859
30-04-2022, 14:15
1 352
Ўқиш режими
+
-
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Рамазон рўзасини тутишни бизга фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин! Биз умматларга Рамазон рўзасини қандай адо қилиш йўлларини ўргатган пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га салавотларимиз бўлсин!
Динимизда иккита байрам бор. Булардан бири “Ийдул-фитр” дейилади. “Ийдул-фитр” араб тилидаги сўз бирикмаси бўлиб, у ўзбек тилида “оғиз очиқлик байрами”, “Рамазон ҳайити”, “Рамазон ойи рўзаси тугаши муносабати билан ўтадиган байрам” маъноларини англатади. Араб тилида “ийд” сўзи “қайта-қайта келиш” деган маънони беради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккаи-мукаррамадан ҳижрат қилиб Ясриб (Мадина)га келганларида у ердаги кишиларнинг бир куни ўйин- кулгу, тантана, байрам қилаётганликларини гувоҳи бўлдилар. Анас (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (с.а.в.) улардан сўрадилар: “Бу икки кун қандай кунлар?”. Улар:”Биз жоҳилиятда бу икки кунни байрам қилиб, унда ўйнар эдик” дейишди. Шунда У зот марҳамат қилдилар:
“إِنَّ اللَّهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهُمَا يَوْمَ الأَضْحَى وَيَوْمَ الْفِطْرِ
“Аллоҳ сизларнинг бу кунларингизни улардан яхшироқ бўлган икки кун –Қурбон ва Фитрга алмаштириб берди” ( Имом Абу Довуд ривояти).
Ана ўшандан бери ҳар йили ҳайит байрамлари тантана қилина бошланди. Ҳар йили шоду-хуррамлик кунининг қайта-қайта келиши муносабати билан унга “ийд” (қайта-қайта келиш) деб ном берилди. Мана шу арабча “ийд” сўзининг товуш жиҳатдан бир оз ўзгарган шаклидан “ҳайит” сўзи юзага келади. “Ийд” сўзи “байрам”, “хурсандчилик” маъносини англади. Бу ҳақда Ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “ Ийд – арабча ийд (қайта-қайта келиш), байрам, ҳайит”, дейилади. Шундай келиб чиқиб халқимиз орасида “Рамазон ҳайити” Рамазон ойида бир ой рўза тутиб, Аллоҳнинг фарзини бўйиндан соқит қилинганлиги туфайли қилинадиган байрам, тантана маъносида тушунилади. Рамазон ҳайити Рамазон ойи тугаб, Шаввал ойининг дастлабки кунида ўтади.
Ислом шариатида Шаввал ойининг дастлабки кунида мўмин-мусулмон (жума намози вожиб бўлган)ларга жамоат бўлиб икки ракат ийдул-фитр намозини адо қилишлик вожиб (шарт) амал ҳисобланади. Ийдул-фитр намози қуёш бир найза бўйи кўтарилганидан то туш вақтигача ўқилади. Туш вақти киргач ийд намози ўқилмайди. Ийд намози жамоат намози бўлиб, у якка шахс томонидан адо қилинмайди.
Ҳайит яқинлашиб келаётган кунларда яшаб турган маҳалла, ҳовли ва хонадонларни тоза –озода, саронжом –саришталигига эътибор бериш яхши хислатлардандир. Ҳайит байрами яқинлашиб келаётган кунларда тоза ва чиройли либослар кийиб, хушбўйланиш ҳам фазилатли ишлардан ҳисобланади. Халқимизда янги унаштирилган қизларга йигитлар томонидан ҳайитликлар олиб борилади. Эрта ҳайит деган оқшомларда аёл ва қизларимиз қўлларига хина, кўзларига сурмалар қўядилар. Бу билан улар ўзларида ҳайит хурсандчиликларини намоён қиладилар.
Ҳайит куни тонгда тамадди қилиш, тишларни ювиш, ювиниш (ғусл), тоза-озода либосларни кийиш, хушбўйланиш, фитр-садақалар бериш фазилатли амаллардан ҳисобланади.
Ҳайит кунлари инсонларнинг бу муборак кун билан бир-бирларини қутлашлари, ота-она ва устозларни зиёрат қилиб, уларнинг дуолари олинади. Ҳайит кунлари узоқлашиб кетган қариндошларни йўқлаш, айрим хато ва камчиликлар туфайли бир-бирларидан гина-кудурад қилиб ажралиб юрган кишиларнинг ярашадилар. Чунки силаи раҳмни узган ёки гина-кудурад қилиб юрган кишиларга ҳайит кунларининг фазилати тотимайди.
Баъзи жойларда ҳайит кунлари исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимларни ўтказиш ҳолатлари учраб туради. Айрим жойларда тўда-тўда бўлиб азадорларникига кириб чиқадилар. Бу ишлар диний ва миллий қадриятларимизга тўғри келмайди. Ўтганлар руҳларини шод қилиб хайрли ишлар қилишимиз керак, аммо бу ишларимиз шоду-хуррамлик куни бўлган ҳайит кунларига таъсир қилмаслик керак.
Рамазон ҳайити кунлари муҳтожлар, касалманд кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга инфоқ-эҳсонлар қилиш, болажонларга ҳайитлик улашиш халқимизнинг энг яхши одатларидандир.
Халқимиз ҳайит байрамларини ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримизга содиқ тарзда ўтказиб келмоқда. Ҳайит кунлари қариндош –уруғ, ёру дўстлар билан дийдорлашсак, кекса ёшдагиларни зиёрат қилиб, дуоларини олсак, аҳилларимизга ҳайитликлар ушашиб, уларнинг кўнгилларини олсак, бу катта савоб ишлардандир.
Халқимиз орасида файзу-барокат, меҳру-муҳаббат, хайру-саховатни зиёда қиладиган ҳайит кунларининг шукуҳи қалбларимизни сира тарк этмасин, барчаларимизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Р. Усмонов,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили
вилоят бош имом-хатиби