1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фаришталар ҳам ҳаё қилган зот (1-қисм)

5-05-2022, 09:24 522 Ўқиш режими + -
Бугун сиз азизлар билан Ислом тарихида тўғри йўлдаги халифаларнинг учинчиси, тириклигида жаннат башорат берилган буюк саҳоба – Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу ҳақларида суҳбатлашамиз.
Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу машҳур “Фил ҳодисаси”дан олти йил кейин Тоиф шаҳрида таваллуд топганлар. Демак, у киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ёш кичик бўладилар.
Усмон разияллоҳу анҳунинг насаблари Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан ҳам ота тарафдан, ҳам она тарафдан бирлашади.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу мусулмон бўл­ган кунларининг ўзидаёқ жаннатнинг башоратига сазовор бўлган зотлардан беш кишининг Исломга келишига сабабчи бўлганлар. Ана ўша беш кишининг бири ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу эдилар.
Ибн Асокирнинг ривоят қилишича, Усмон разияллоҳу анҳу ўрта бўйли, чиройли ва оппоқ юзли, яноқлари қизғиш, юзида чечакдан қолган излар бор, соқоли қалин, икки елкаси кенг, болдирлари кичкина, билаклари узун, жингалаксоч, энг гўзал одамлардан эдилар. Расули акрам алайҳиссалом қизлари Умму Кулсумни Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуга турмушга бераётганларида: 
إِنَّ بَعْلَكِ أَشْبَهُ النَّاسِ بِجَدِّكِ إبْرَاهِيمَ وَأَبِيكِ مُحَمَّدٍ 
(رَوَاهُ الامَامُ الحَاكِمُ فِي المُسْتَدْرَكِ)
яъни: “Сизнинг бўлажак эрингиз инсонлар ичида бобонгиз – Иброҳимга ва отангиз Муҳаммадга энг ўхшаш кишидир”, – деганлар (Имом Ҳоким ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Усмон разияллоҳу анҳуга аввал Руқайя исмли қизларини, унинг вафотидан кейин эса Умму Кулсум исмли қизларини никоҳлаб берганлар. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуни “Зун-нурайн” – икки нур эгаси деб айтилади. Ушбу фазилатга бошқа саҳобалар етиша олишмаган. Ривоят қилинишича, Сарвари оламнинг Умму Кулсум қизлари вафот этганинида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар яна бир қизим бўлганида, уни ҳам, албатта, Усмонга жуфти ҳалолликка берардим”, – деганлар.
Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ўта ҳаёли киши эдилар. Бунга Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги воқеа ҳам очиқ далилдир: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда ёнбошлаб ётган эдилар. Шу пайт Абу Бакр разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зотга изн берилди. У зот алайҳиссалом эса, ҳалиги ҳолатда ҳазрати Абу Бакр сиддиқ  билан гаплашдилар. Сўнгра Умар разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зотга ҳам изн берилди. У зот алайҳиссалом яна ҳалиги ҳолатда ҳазрати Умар билан ҳам гаплашдилар. Сўнгра Усмон разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зот алайҳиссалом ёнбошлаган ҳолатларидан ўтирган ҳолатга ўзгариб, кийимларини тўғрилаб, кейин ҳазрати Усмонни қабул қилдилар. Сўнгра ҳазрати Усмон чиқиб кетганларида мен: “Ё Расулуллоҳ, ҳазрати Абу Бакр кирган эди, ҳолатингизни ўзгартирмадингиз. Сўнгра ҳазрати Умар кирган эди, ҳолатингизни ўзгартирмадингиз. Ҳазрати Усмон кирганда эса, ўтириб, кийимларингизни тўғриладингиз?!” дедим. Шунда Расули акрам алайҳиссалом:
 أَلاَ أَسْتَحِي مِنْ رَجُلٍ تَسْتَحْيِ مِنْهُ الْمَلاَئِكَةُ 
(رواه الامام مسلم)
яъни: “Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмас эканманми?!” дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
Усмон разияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан берилган нодир сифатлардан яна бири чексиз саховат эди. У  зот Исломга кирганларидан бошлаб, умрларининг охиригача ҳар жума куни Аллоҳ таолонинг розилиги учун бир дона қулни озод қилар ва буни ўзларига вазифа қилиб олган эдилар. Агар озод қилгани қул топа олмасалар, кейин топиб, бўлса ҳам озод этар эдилар.
Мадинаи мунавварада сув тақчиллиги вужудга келиб, кишилар ичгани сув топа олмай қолди. Бу ҳолатдан бир ғайридин киши фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Унинг Рума номли бир қудуғи бор эди. Ўша қудуқнинг сувини қиммат нархда сота бошлади. Бойроқ кишилар унинг сувидан сотиб олиб, ичдилар, лекин кўпчилик сувсизлик машаққатини чека бошлади. Ана шу чоғда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:  
مَنْ يَشْتَرِي بِئْرَ رُومَةَ فَيَجْعَلَ دَلْوَهُ مَعَ دِلَاءِ المُسْلِمِينَ بِخَيْرٍ لَهُ مِنْهَا فِي الْجَنَّةِ
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Ким “Рума” қудуғини сотиб олиб, ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари). Шунда ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу қарийб ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдилар. (Бу ҳозирги кунда тахминан 350 та ўртача туя қийматига тенг бўлади).  
Бугунги кунда ушбу қудуқ атрофида боғ бўлиб, ундаги хурмолар сони 15500 тупдан кўпроқ. Расмий маълумотга кўра, қудуқнинг чуқурлиги тахминан 37 метрни, кенглиги тахминан 4 метрни, сувнинг баландлиги тахминан 29 метрни ташкил этади. Аллоҳ таолонинг фазли билан ушбу вақфнинг савоби 14 асрдан бери Усмон разияллоҳу анҳуга бориб турибди. Модомики, ушбу қудуқ мавжуд экан, ундан мусулмонлар манфаат олишар экан, Усмон разияллоҳу анҳуга савоб бориб туради.
 (давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди