1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Хасисликдан сақланайлик

11-05-2022, 11:47 526 Ўқиш режими + -
                               Ислом динида хасислик ёмон хулқ сифатида қораланади. Инсон ўзидаги хасисликни ҳар доим сахийлик қилиш билан енгиб бориши лозим. Бу ҳақда ўз даврида Луқмони Ҳаким ўғлига шундай насиҳат қилади: “ Эй, фарзандим, хасисликдан сақлан, хасислик дунё ва охиратингни  бузади. Инсонлар олдида мурувватинг камаяди, обрўйинг кетади. Одамлар олдида иззат ва улуғлигинг кетади.  Ғазабингни мулойимлик билан, енгилликни вазминлик билан, нафснинг ҳавосини тақво билан, шак-шубҳани ҳақиқат билан, ботилни ҳақ билан, хасисликни ўз молинг билан енггин”. Инсон ўзидаги хасислик туфайли дунё ва охират яхшиликларидан   маҳрум бўлади. 
Қадим замонда бир хасис бой бор экан. У бир куни йиғилишда ўтириб, уйидаги чироқ ёқилган қолганлиги эслайди. Бой аста йиғилишдан чиқиб, уйига қайтади. Уйига келиб, эшигини тақиллатади. Унинг уй хизматкори уйидан овоз бериб, эшикни очмоқ бўлганида, бой: “ Эшикни очма, хонамдаги чироқни ўчириб қўй”, дебди. Хизматкор: “ Чироқни ўчириб қўйганман, нима учун эшикни очмаслигимни тушунмадим” дебди. Бой:  “ Мен яна йиғинга қайтиб кетаман,  ҳар келганимда эшикни очаверсанг, эшикнинг ошиғи ейилиб кетади”, дебди. Хизматкор эса: “ Энди, тушундим, аммо ҳар гал қайтиб келишингизда оёқ кийимингиз ерга ишқаланиб ейилиб кетишини ўйламаяпсизми?” дейди.  Шунда хасис бой: “ Сен мени нима деб ўйлаяпсан, мен сен айтмасанг ҳам туфлимни қўлтиғимга олиб келдим, ҳозир эшикни орқасида оёқ яланг турибман”, деган экан. 
                   
Қадимги донишмандлар хасис одамнинг хасислик қилиб йиққан молига қуйидаги офатлар келади, деб баён қилишган :
  1.                 Хасис одамнинг моли охир-оқибат сув тошқини, олов ёнғини, бўрон, зилзила каби табиий офатларга учрайди. Ҳадисда бу ҳақда шундай дейилади: “  Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “ Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “ эй Аллоҳ, хасис одамнинг молига талофат етказ деб дуо қилади”;
  2.                Хасис одамнинг баъзи бир ноўрин гапи ёки ноқобил ҳатти-ҳаракати туфайли моли мусодара бўлади;
  3.                Хасис одам молини жамлаб, уни бир жойга яширади ва кейин молини қўйган жойдан тополмай йўқотади;
  4.                Хасис одам бир касалга йўлиқиб, у касални даволатиш учун мажбур бўлиб йиққан молидан ажралади;
  5.               Хасис одамнинг жамлаган моли ўғри, қароқчи ёки фирибгарлар томонидан ўзлаштирилади.
  6.                Хасис одамнинг фарзандлари ноқобил чиқиб, унинг молини буҳуда кетишига сабаб бўладилар;
  7.                  Хасис одамнинг кўнглига мол зое кетадиган жой (масалан, рухсат қилинмаган жойга иморат қилиш, ноўрин маърака қилиш каби)ларга маблағ сарфлаш келиб, тўплаган молини ўша жойда беҳуда йўқотади.
  8.                  Хасис одамнинг хасислиги уни ҳақ билан ҳам, халқ билан яқин бўлишига путур етказади. 
  9. Хасис        одамнинг хасислиги уни дунё ва охират яхшилигидан маҳрум қилиб, ёмон жойга боришига сабабчи бўлади.        
         Дарҳақиқат, инсон учун хасислик ҳеч қачон бирор манфаат келтирмайди. Хасислик жамиятдаги кишилар  ўртасида меҳр-оқибатни кўтарилишига, инсонларнинг бир-бирларини ёмон кўришлари ва улар ўртасидаги инсоний алоқаларга путур етишига сабаб бўлади. Шу сабабли инсон ўз табиатидаги хасисликка тўғри баҳо бериб, уни хайру-саховат билан ушлаш натижасида икки дунё саодатига эришади.
 
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими