1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – КЕЛАЖАГИМИЗ ГАРОВИ

16-05-2022, 10:43 200 Ўқиш режими + -


Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади.
Ислом дини таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат саналиши билан бирга у ота-онага топширилган масъулияти жуда катта омонат ҳамдир. Уни ақлан ва жисмонан соғлом ҳолда парвариш қилиш, одоб-ахлоқ ва мусулмончиликка доир бошланғич маълумотларни ўргатиб бориш ҳар бир ота-онанинг вазифаларига киради. Оиладаги соғлом муҳит ва тўғри тарбия фарзанднинг кейинги оладиган билим ва касб-ҳунарлари учун асос ва пойдевор ҳисобланади. Фарзандларимизнинг мактаб ва ўқув юртларида яхши ўқиб, турли касб ҳунарларни тўла эгаллашга тайёрлаш ҳам ўзимизга боғлиқ. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, кимлар билан ўртоқлашяпти, қайси кўчада юрибди, нималарга қизиқиш пайдо қиляпти деб қизиқмасак, бунинг оқибати яхши бўлмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-оналарга мурожаат қилиб: яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...”, дейди. Дўзахдан сақланиш учун эса, дўзахга тушадиган ишлардан узоқ бўлиш, жаннатга дохил қиладиган солиҳ амаллар билан шуғулланиш даркор бўлади. Бу ояти карима билан Ҳақ таоло бизга хитоб қилиб, фақат ўзимизни ўйламасликка, балки бизга омонатга берилган фарзандларимизнинг тарбияси билан ҳам қаттиқ шуғулланиб, уларни ахлоқсиз, итоатсиз, бебош бўлиб ўсиб, охир оқибат дўзахийлардан бўлиб қолмасликлари учун доимо ҳаракатда бўлишимиз кераклигини уқтирмоқда.
Ёшликдан чекиш ва гиёҳвандликка ружу қўяётган, мактабдаги дарсини турли баҳоналар билан қолдириб бепарво юрадиган болаларга тўғри йўл кўрсатиб, уларга илмнинг аҳамиятини, ёшлик қадрини тушунтириб боришлик ҳаммамизнинг бурчимиз эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Ёшликдек олтин даврни ғанимат билиб, илм-фан, касб-ҳунарни эгаллаш ҳамма нарсадан муҳим эканини ота-она, ўқитувчи ва устозлар тушунтиришлари айни муддаодир. Муқаддас динимиз кўрсатмалари бўйича, мўмин-мусулмонлар, имон-эътиқодли, инсонпарвар ва меҳнатсевар бўлишлари керак. Лекин оят ва ҳадисларда илм-маърифат билан шуғулланиш ибодатдан улуғ экани тўғрисида ҳам етарли далиллар бор. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий фанларнинг қадри исломда йўқдек  нотўғри эътиқодга эга бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам бир илм. Уларни бир-биридан ажратиш жоиз эмас. Масалан, Одам алайҳиссаломга фаришталарнинг таъзим саждасини бажо келтиришларига нима сабаб бўлган? У зот фаришталардан қайси хислатлари билан афзаллик қилдилар? Ҳа, биз ҳозир дунёвий илм деб атайдиган илмлар билан Одам ато малоикалардан устунлик қилдилар. Мавжудод ва махлуқотларнинг номларини бирма-бир айтиб берганлари туфайли таъзимга сазовор бўлдилар.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади: яъни: “Илм Чинда (Хитойда) бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”.
Бурҳониддин Марғилоний ҳазратларини оладиган бўлсак, ўзларининг “ал-Ҳидоя” китобларида ҳар бир фиқҳий масалага оят, ҳадис билан бирга ақлий далил, яъни мантиқ, математика, биология, табобат каби фанлардан ҳам ўз жойида мисоллар келтириб ўтадилар.
Яна шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан бизнинг жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (сав) ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий ишларга, турмуш тарзи, тирикчилик, тижоратдан тортиб деҳқончиликкача, уй-рўзғор ишидан тортиб, спорт ишларигача тегишли кўрсатмаларни бериб кетганлар.
Демак, биз ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор экан. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътиборни жалб қилишга, бошқа ишларга, беҳуда ўйинларга вақтни бекор сарфламасликка ўргатиб бориш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятли бурчларидан эканини чуқур англаб, унга амал қилишимиз лозимлиги маълум бўлади.
 Биз фарзандларимизни имон-эътиқодли, илм-маърифатли, комил инсонлар бўлиб етишишларини истаймиз. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик қадрини, миллий ва диний қадриятларимизни бемалол, ҳотиржамлик билан тиклаб, ривожлантиришга, Ислом арконларини баркамол адо этишимизга яратилган имкониятларни улуғ неъмат эканини англаган ҳолда Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари учун қўлимиздан келганича ёрдам кўрсатиш бизнинг асосий мақсадларимиздан бўлиши лозим.
Аллоҳ таолодан барчаларимизни ҳидоят йўлида барқарор қилиб, залолат йўлларидан Ўз паноҳида асрашини, фарзандларимизни солиҳ зурриётлардан қилиб, элимиз, юртимизга манфаатли, содиқ кишилардан қилишини сўраб, даргоҳига илтижо қилиб қоламиз.
 
Х.Хонимов
 Деҳқонобод туман бош имом-хатиби