1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

СУННАТГА АМАЛ ҚИЛИШНИНГ МОҲИЯТИ

16-05-2022, 10:45 593 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло Муҳаммад (сав)ни пайғамбар қилиб юбориш билан мўмин-мусулмонларга катта инъом кўрсатди. Зеро, Расулуллоҳ (сав) ўз умматларини ҳидоят йўлига бошлаш учун келганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади: яъни: “Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди” (Оли Имрон сураси, 164-оят)
Суннат сўзининг маъноси кенг қамровли бўлиб, у Расулуллоҳ (сав)нинг айтган сўзлари, бажарган амаллари ҳамда саҳобаларнинг қилган ишларига билдирган ижобий муносабатларини ўз ичига олади. Суннат Ислом динимиз таълимотининг Қуръондан кейинги асосий манбаъларидан биридир. Расулуллоҳ (сав) видолашув ҳажида қилган хутбаларида шундай деганлар: яъни: “Эй инсонлар! Мен сизларга шундай нарсаларни қолдириб кетяпманки, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳеч қачон адашмайсизлар, улар – Аллоҳнинг китоби ва Менинг суннатимдир”.
Муҳаммад (сав)нинг суннатлари гўё Қуръони каримнинг шарҳи бўлиб, у Қуръон оятларининг маъносини янада кенгроқ тушинишга, ундаги аҳкомларни батафсил баён қилишга хизмат қилади. Ривоят қилинишича, Имрон ибн Ҳусайн (рз.) шафоат масаласига доир ҳадисни айтиб бераётганларида, ўша ерда ўтирган кишилардан бири: “Эй Абу Нажид, нега сен бизларга Қуръонда айтилмаган нарса ҳақида гапиряпсан?” – деди. Шунда Имрон ибн Ҳусайн (рз.)нинг жаҳли чиқиб: “Сен ўзинг Қуръон ўқиганмисан?” – дедилар. У: “Ҳа” – деди. “Ўқиган бўлсанг, унда хуфтон намозининг фарзи тўрт ракат, шом уч ракат, бомдод намози икки ракат, пешин ва аср намозларининг фарзи тўрт ракат деб ёзилганини кўрганмисан?” – дедилар. У: “Йўқ” – деди. “Ундай бўлса сен буларни қаердан билдинг, биз Расулуллоҳ (сав)дан ривоят қилиб айтган ҳадислардан эмасми?!” – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Шунингдек, рўзага оид ҳукмлар, закот нисобининг миқдори, Каъбани етти марта тавоф қилиш, шайтонга отиладиган тошларнинг сони ва шунга ўхшаш кўпгина ҳукмлар суннат орқали аниқлангандир.
Расулуллоҳ (сав)нинг суннатлари У зотнинг ҳаёт тарзларидан иборат бўлиб, уларни амалда татбиқ қилиш Аллоҳнинг ва расулининг кўрсатмаларига амал қилиш демакдир. Унутилиб кетган суннатларидан бирортасини рўёбга чиқариш эса, У зотнинг ҳаёт тарзларини қайта жонлантириш эканлиги ҳақида ҳадислар мавжуддир. Бундан ташқари Расулуллоҳга эргашган киши Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ҳам сазовор бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: яъни: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”.
Расулуллоҳ (сав)нинг ҳаётлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта намуна мактабидир. Аслида мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад (сав) бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръонда:  яъни: “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” – деб марҳамат қилган.
Расулуллоҳ (сав)нинг суннатларидан юз ўгириш, унга хилоф амал қилиш дунёда фитна-фасоднинг келиб чиқишига, охиратда аламли азобга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳақда Қуръони каримда баён қилиниб: яъни: “...(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!” – дейилган.
Бошқа бир оятда эса қуйидагича марҳамат қилинган: яъни: “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким бош тортса, Сизни улар устидан қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ”.
Демак, Пайғамбар (а.с.)нинг суннатларига эргашиш Аллоҳга итоат қилиш билан баробардир. Расулуллоҳ (сав) ҳодисаларининг бирида: “Умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради, фақат ўзи хоҳламаган кишигина кирмайди”, - дедилар. Шунда саҳобалар: Ким жаннатга киришни хоҳламас экан? – дейишди. Расулуллоҳ: “Ким менга итоат этса жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, демак жаннатга киришни хоҳламабди” – деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий ривояти).
Кейинги пайтда пайдо бўлган баъзи бир бидъатчи тоифалар, хусусан “Шоҳидийлар” Расулуллоҳ (сав)нинг суннатларини шаръий далил сифатида тан олмай, фақат Қуръони каримгина ҳужжат бўлади, деган даъвони қилмоқдалар. Аслида, бу даъвонинг замирида суннатни инкор қилиш ва Ислом дини равнақига зарба бериш ётади.
Бу каби ботил ақидаларга қарши барчамиз биргаликда курашиб боришимиз лозим. Динимизнинг асосий тўрт манбаси, яъни Қуръони карим, Суннати набавия, ижмои уммат ва мужтаҳидларнинг қиёсий ижтиҳодлари асосида чиқарилган шариат аҳкомларига ихлос билан амал қилиб боришга барчамиз ҳаракат қилишимиз керак бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Муҳаммад (сав)нинг суннатларига тўла амал қилган ҳолда ҳаёт кечириб боришликка муваффақ айласин! Омин.
Х.Хонимов
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби