1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳнинг мухтасар сийратлари

19-05-2022, 17:30 979 Ўқиш режими + -
У зотнинг тўлиқ исми шарифлари — Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий. Имом Мотуридий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида туғулганликлари сабабли у зотга Мотуридий дея шу жой номи нисбати берилади.
Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳнинг туғилган йиллари ҳақида тарихий манбаларда аниқ маълумотлар йўқ, аммо тахминий саналар келтирилган, шундай таҳминлардан бирига кўра, у зотнинг таваллудлари - ҳижрий 257 ва милодий 870 йилларга тўғри келади. Шу асосда 2000 йил юртимизда Имом Мотурудий таваллудининг 1130 йиллиги нишонланди.
У зотнинг вафот этган саналари тўғрисидаги маълумотларнинг энг ишончлисига кўра, у зот - ҳижрий 333 санада бу дунёни тарк этганлар. Бу милодий сана бўйича 944 йилга тўғри келади.
Имом Абу Мансур Мотуридийнинг қабрлари Самарқанд шаҳрининг Чокардиза қабристонида эканлиги ишончли манбалар ва илмий тадқиқотлар асосида ўз тасдиғини топди. Шунга биноан 2000 йилнинг май ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан бу хусусда махсус фатво чиқарилди.
У зотнинг илмий унвонлари
Имом Мотуридий хазратларини ислом уммати қуйидаги унвонлар ила икром этиб, у зотнинг шарафларини юқори тутганлар.
— Имомул-ҳудо (Ҳидоятга элтувчи имом);
— Қудвату Аҳлис-сунна (Аҳли Суннат пешвоси);
— Мусаҳҳиҳу ақоидил-муслимин (Мусулмонлар ақоидини ислоҳ этувчиси); 
— Имомул-мутакаллимин (Калом илми олимларининг пешвоси);
— Рабибу Аҳлис-сунна (Аҳли Сунна вал-Жамоа тарбиясини олган);
— Ал-Имом аз-Зоҳид (Дунёда воз кечган имом);
— Аш-Шайх ал-Имом ва ҳоказо.
 У зотнинг устозлари
 Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳнинг устозлари Имом Аъзам яьни, Абу Ҳанифа (исмлари Нўъмон ибн Собит) роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари ҳамда шогирдларининг шогирдлари бўлганлар. Уларнинг баъзилари билан танишиб ўтамиз:
1. Абу Наср ал-Иёзий (Аҳмад ибн Аббос). Бу зот Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Жузжонийдан таълим олганлар. Имом Абу Мансур Мотуридий ҳам фиқҳ дарсида Абу Насрга шерик бўлиб, ал- Жузжонийда ўқиганлар. Ал-Иёзий сомонийлар даврида дорул-ҳарбда асир ҳолида турк диёрида шаҳид бўлганлар («Тарихи Самарқанд»дан).
2. Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий. Рай шаҳрининг қозиси бўлган бу зот Абу Ҳанифанинг шогирди — Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Шайбонийда ўқиганлар. Машҳур муҳаддис саҳобий Вакеъ ва бошқалардан ҳадис ривоят қилганлар. Имом Бухорий ҳам ундан ҳадис тинглаганлар. Ҳаким Термизий ҳам у зотдан ҳадис ривоят қилганлар. Вафотлари тўғрисида 248 ва 242 - ҳижрий саналар кўрсатилган.
3. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Жузжоний. Бобосининг исми Субҳ ёки Субайҳ эканида муаррихлар ихтилоф қилганлар. Бу зот фиқҳ илми усуллари ва фуруълари соҳасида, шунингдек, анвои фунунда юқори даражаларга эришганлар. «Ал-Фуруқ ват-Тамйиз», «Тавба» ва бошқа китоблар муаллифидирлар. Абу Бакр ал-Жузжоний Абу Ҳанифанинг етук шогирдларидан Муҳаммад ибн Ҳасан ҳузурида дарс тинглаган Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан сабоқ олган. Вафотлари 268 - ҳижрий санада.
4. Насир ибн Яҳё ал-Балхий. Бу зот ҳам мазкур шайхлари каби Абу Сулаймон ал-Жузжоний, Абу Мутеъ ал-Ҳаким Абдуллоҳ ал-Балхий ва Абу Муқотил Ҳафс ас-Самарқандийдан сабоқ олган ҳанафий мактабига мансуб фиқҳ ва калом уламоларидандир. Вафотлари 268 - ҳижрий санада.
 У зотнинг шогирдлари
Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ ақида фанида сунний - ҳанафий йўналишини давом эттириб, мотуридий ақида мактабига асос солдилар. Шу аснода кўплаб шогирдларини ҳам етиштириб чиқардилар. Қуйида биз у зотнинг баъзи машҳур шогирдлари тўғрисида қисқача маълумот берамиз:
1. Абул-Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Зайд ал-Қозий — ал-Ҳаким ас-Самарқандий (вафоти 335 ёки 342 - ҳижрий санада. Чокардиза қабристонига дафн этилган).
У Имом Мотуридийнинг энг этук шогирдларидан бири бўлиб, тасаввуф илмини Балх машойихларидан, фиқҳ ва калом илмини имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳдан олган. Узоқ вақт Самарқандда қозилик вазифасини ўтаган.
Асарларидан «Саводи аъзам», «Имон» рисоласи машҳурдир.
2. Абул-Ҳасан Али ибн Саид ар-Рустуфағний ас-Самарқандий. Ҳанафия фиқҳи ва усули бўйича шуҳрат қозонган. У билан устози Имом Мотуридий ўртасида мужтаҳид хатосига оид масалада ихтилоф кечган. «Иршодул-муҳтадий», «Аз-завоид вал-фавоид», «Ал-асъилату вал-ажвиба», «Баёнус-Суннати вал-Жамоа» каби асарлар муаллифидир. (Вафоти 350 - ҳижрий ва 961 милодий санада.)
3. Абу Муҳаммад Абдул-Карим ибн Мусо ибн Исо ал-Паздавий. Насафдан олти фарсах узоқликдаги Пазда ёки Паздава қишлоғидан. Асосан, фиқҳ илмида машҳур бўлган. Унинг зурриётидан йирик мотуридия уламолари дунёга келган. Масалан, Абул-Йуср ал-Паздавий (вафоти 493 - ҳижрий ва 1100 милодий санада), Абул-Ҳасан ал-Паздавий (вафоти 482 - ҳижрий ва 1089 милодий санада) шулар жумласидандир. Ўзи 390 - ҳижрий ва 999 милодий йилда вафот этган.
4. Абу Аҳмад ибн Аби Наср Аҳмад ибн ал-Аббос ал-Иёзий. Абу Мансур ҳазратларининг устозлари Абу Наср ал-Иёзийнинг ўғли. Фиқҳ, нутқ, иффат ва тақвода беназир бўлгани ҳақида нақл қилинади.
5. Абу Абдир-Раҳмон ибн Абил-Лайс ал-Бухорий. Калом ва фиқҳ илмларини Абу Мансур ҳазратларидан олган. У Абул-Қосим ал-Ҳаким ас-Самарқандий билан кўп вақт биргалиқда таҳсили илмда бўлган.
Мотуридийлик намояндалари
1. Абул-Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Паздавий. Абул-Йуср Муҳаммад ал-Паздавийнинг акаси. Иккиси ҳам Шайх Абу Мансурнинг яқин шогирдларидан саналмиш Абдул-Карим ал- Паздавий авлодидан. Абул Ҳасан 483-- ҳижрий ва 1089-милодий йилда вафот этган.
2. Абул-Йуср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдил-Карим ал-Паздавий. Ал-Крзий ас-Садр деган унвон билан танилган. 421 - ҳижрий йилда туғилган. Имом Киндий каби файласуфларнинг фалсафасини ва мўътазилийлар ёзган китобларни ҳатто уйда сақлаш ҳам зарарли деб билар эди. Зеро, уларни мутолаа қилиб кўриб, шундай хулоса ҳосил қилганди. Ҳатто, Абул-Ҳасан Ашъарий роҳимаҳуллоҳнинг китобларини ҳам хатоларини ажрата олмайдиган кишилар ўқиши дуруст эмас деб билар эди. Усул ва фуруъ бобида кўп китоблар тасниф этган. Самарқандда қозилик қилган ва ҳадис илмидан дарс ҳам берган. «Усул ад-дин», «Ал-Мураттиб», «Ал- Воқеот», «Ал-Мабсут» каби асарлари бор.
Шогирдлари Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Усмон ибн Али ал-Пойкандий, Аҳмад ибн Наср ал-Бухорий, ўз ўғли Қозий Абул-Маолий Аҳмад ва бошқалар. 493 - ҳижрий йилда вафот этган.
3. Абул-Муъин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳул Абил-Фазл ан-Насафий. 438 - ҳижрий санада туғилиб, 508 - ҳижрий санада вафот этган. Устозлари номаълум. Шогирдлари - Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий, Маҳмуд ибн Аҳмад ас-Соғаржий, Абдур-Рашид ибн Аби Ҳанифа ал-Валволижий. Имом Ғаззолий билан Боқиллоний ашъария ақидасининг энг машҳур ташвиқотчилари саналганидек, Абу Муъин ан-Насафий мотуридия ақидасининг энг йирик намояндаларидандир. Китобларидан «Табсиратул-адилла», «Баҳрул-калом», «Тамҳид», «Маноҳижул-аимма» ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.
4. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Нажмиддин ан-Насафий. Насафда 461 - ҳижрий йилда туғилиб, 537- ҳижрий йилда вафот этган. У 550 нафар йирик устозлардан дарс тинглаган. Улардан Абул-Йуср Паздавий, Абдуллоҳ ибн Али ибн Исо ан-Насафий, Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Ҳасан ас-Самарқандий, Али ибн Ҳасан ал- Мотуридийларни мисол келтириш мумкин. Устоз ва шайхлари тўғрисида алоҳида бир китоб ҳам таълиф этган.
Шогирдларидан — ўз ўғли Абул-Лайс Аҳмад ибн Умар, Муҳаммад ибн Иброҳим Тўрпуштий, Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Ақилий ва бошқаларни зикр этиш мумкин.
У юзга яқин асарлар ёзган. «Ат-тайсир фи тафсирил Қуръон», «Шарҳи Саҳиҳи Бухорий», «Ал-акмал ал-атвал фит-тафсир», «Китобул-қанд фий уламои Самарқанд», «Тарихи Бухоро», «Ал-ақоид ан-насафия» рисоласи кичик ҳажмда бўлишига қарамай, ҳозирги кунгача ақида фанида энг машҳур қўлланма вазифасини бажариб келаётир.
5. Абул-баракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд ан-Насафий. Насаф шаҳрида туғилиб, 701- ҳижрий йилда вафот этган. Машҳур асарлари — «Мадорикут-танзил» 6. Аҳмад ибн Аби Бакр Нуриддин ас-Собуний ал-Бухорий 580- ҳижрий йилда вафот этган ва Бухородаги «Етти қози» қабристонига дафн этилган. Муҳаммад ибн Абдис-Саттор ал-Кардарий унинг шогирдидир. Китобларидан «Ал-Ҳидоя фи илмил-калом» ва унинг шарҳи диққатга сазовордир.
7. Муҳаммад ибн Абдил-Воҳид ибн Абдил-Ҳамид ибн Масъуд ибн Ҳамидиддин ибн Саъидиддин (ал-Камол ибн ат-Ҳумом) ас-Сивосий ал-Искандарий ал-Қоҳирий ал-Ҳанафий. 788 ёки 780- ҳижрий йилда туғилиб, 861-ҳижрий йили Қоҳирада вафот этган, исломий фанларнинг аксариятида етук илм ҳосил қилган. «Ал-Ҳидоя» китобини Сирожиддин Умар ибн Али (Қорил-Ҳидоя)да ўқиган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийдан ҳадис тинглаган. Ақлу заковатда устозларини ҳам лол қолдирган. У зотнинг асарлари кўп бўлиб улардан «Ал-Ҳидоя»га ёзган «Фатҳал-Қадир» номли шарҳи йирик тўққиз жилддан иборатдир, у Камол ибн Ҳумомнинг шоҳ асари ҳисобланади. «Ал-Мусояра» китоби мотуридия ақидасига доир бўлиб, энг муҳим манбалардандир.
8. Мулло Али (Қорий) ибн Султон – Муҳаммад ал-Ҳиравий ал-Маккий (Абул-Ҳасан, Нуриддин). 1014-ҳижрий йилда Макка шаҳрида вафот этган ва «Жаннатул-Муалло» қабристонига дафн этилган.
Асарлари жуда кўп. Машҳурлари - «Мишкот» шарҳи - «Мирқот», «Мухтасарул-Виқоя» шарҳи, «Фиқҳи акбар» шарҳи, «Омолия» шарҳи, «Шотибия» шарҳи, «Мавзу ҳадислар» ва ҳоказо.
       Ҳуснихат соҳиби бўлганидан Али Қорий ҳар йили бир нусха Қуръони карим кўчириб, сотиб, йил давомида шу даромад билан кун кечирган.
9. Али ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Сулаймон Абу Муҳаммад Сирожуддин ал-Ўший ал- Фарғоний.
Кўплаб асарлар муаллифи. Мотуридия ақидасини назмий услубда ёзиб, уни «Бадъул-амолий» деб номлаган. Вафоти 569-ҳижрий ва 1173-милодий йилда.
10. Абуш-Шакур ас-Солимий (Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ас-Саъид ибн Шуъайб ал-Кеший).
Ас-Солимийнинг мотуридия ақидасига оид «Ат-Тамҳид» номли китоби уламолар ўртасида машҳур бўлиб, ёзма ва босма нусхалари бизгача етиб келгандир.
 Мотуридия ақидасига асосланиб ижод қилган ва бебаҳо асарлар қолдирган уламолар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин.
Имом Мотуридийнинг  асарлари
1. «Таъвилоту аҳлис-Сунна» ёки «Таъвилотул-Қуръон». Саккиз мужалладдан иборат бу асар Қуръони каримнинг тафсири бўлиб, унда асосан, исломий ақидага нисбатан турли қарашлар баён этилиб, мотуридия ақидаси асосида уларга баҳо берилган. Тафсирни ал-Мотуридийнинг шоҳ асари деб аташ мумкин. Унинг қўлёзма нусхалари Миср, Макка, Дамашқ, Ҳиндистон, Туркия ва Тошкент кутубхоналарида сақланмоқда. Тошкент нусхалари қарийб 700 йил бурун кўчирилган. Асарнинг биринчи жилди Мисрда нашр этилган.
Тафсирга Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий шарҳ ёзган. Аммо бу шарҳ қўлёзмаси ҳануз чоп этилмаган.
2. «Китобут-тавҳид». Калом илмига оид энг муҳим асар. Мотуридия ақидасига оид барча асарларнинг энг биринчи ва асосий манбаси саналади. 
3. «Шарҳул-фиқҳил акбар». Абу Ҳанифа яьни Имом Аъзам қаламига мансуб ақида бобида битилган илк асар «Ал-Фиқҳул-акбар»нинг шарҳи. Баъзи олимлар бу шарҳ Имом Мотуридийга тегишли эмас, балки у Абул-Лайс ас-Самарқандийга мансуб дейдилар. 
4. «Рисола фил-ақида». 1953-йилда Анқарада чоп этилган.
5. «Рисола фил-имон».
6. «Ал-мақолот».
7. «Баёну ваҳмил-мўътазила». 
8. «Радду таҳзибил-жадал». 
9. «Радду ваидил-фуссоқ». 
10. «Радду авоилил-адилла». 
11. «Раддул-усулул-хамса». 
12. «Аррадду алал-қаромита». 
13. «Раддул-имома».
14 «Маъхазуш-шариъа».
15. «Китобул-жадал».
Мазкур китобларнинг охирги иккитаси фиқҳга доир, қолганлари ақидавий масалаларга бағишлангандир.
Мотуридий ақидасининг мўтадиллиги
Аввало, шуни қайд этиб ўтиш лозимки, мотуридия ақидасига фақат Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи асос солган эмаслар. Балки ақида илмининг асослари ва арконлари у зотгача ҳам маълум даражада шаклланган эди. Ақида илми тобеъинлар давридан бошлаб, яъни, ҳижратнинг иккинчи асрида мустақил фан сифатида зоҳир бўла бошлаган. Машҳур тобеъинлардан Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ (21/ 110-ҳижрий йиллар) ўз илм ҳалқаларида бу соҳада дарслар ўтканлиги ва мўътазила оқимининг пайдо бўлиши ҳам ўша давда рўй бергани тарихий манбалардан маълум. Тобеъинлардан ва табаъа тобеъинларнинг улуғларидан бўлган.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ яшаган даврларида турли оқим ва фирқаларнинг кўплаб турлари юзага келганди. Улар билан илмий мунозара қилиш учун эса кишида кучли идрок, исломдаги нозик масалалар хусусида тўлақонли билим ва мустаҳкам ақида бўлмоқлиги зарур эди. Бундай долзарб масалага Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ бефарқ қараб тура олмаганлар, у зот ақида илмга оид илк «Ал Фиқҳиул акбар» асарини, Усмон ал-Баттий (ал-Бустий)га раддия ва бешта васиятномани таьлиф қилдилар.   Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ нафақат фуқаҳолар пешвоси, балки ақида илмида ҳам барчага устоз бўлган зотдир. Имом Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақидавий фирқалар, тоифлар қўпайиб, бир-бирлари билан тортишиб юрган замонда яшаб, фаолият юритдилар. Аллоҳ таолонинг инояти ила у зот ўз замонасининг Аҳли сунна ва жамоа эътиқодидаги забардаст ҳанафий уламолардан диний билимларни олдилар. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг таълимотларига суянган ҳолда ўзига хос ақида мактабини яратди ва Мотуридийлик таълимоти бутун ислом оламига тарқалиб, суннийликдаги икки йирик мактабнинг бири сифатида танилди.
Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ яшаган даврда ақида фани уламолари икки асосий манбанинг бирига суянарди. Улардан биринчиси — Қурьони карим ва суннати мутаҳҳаро, ҳамда шу икки манба асосидаги саҳобаи киромлар ва тобеъинларнинг ижмо ва ижтиҳодларидан иборат нақлий далиллар. Иккинчиси —  фалсафа, мантиқ ва табиий фанларни ўз ичига олувчи ақлий далиллар. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ эса нақлий далиллар билан ақлий далилларни уйғунлаштириб, ундан сўнг хулоса чиқардилар. Ваҳоланки, салаф уламоларининг кўпчилиги ақлий далилларни тан олмас эдилар, балки нақлий далилларнинг ўзи билан кифояланардилар. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ бўлса, бу иккисидан ҳам муносиб равишда истифода этиб, ўртаҳолликни ихтиёр қиладилар. Дарҳақиқат, нақлий далилларни яхши англаш учун ақлий далилларни ҳам пухта билмоқлик шарт эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ақл имкониятларининг ҳам чегараси борлигини эътиборга олиб, Имом Мотуридий кўп ўринларда инсон ақли кўп ҳақиқатларни идрок этишга қодир эмаслигини шу билан бирга, ақлнинг Аллоҳ таоло томонидан инсонга ато этилган энг буюк, мисли йўқ неъмат эканлигини ва бу неъматни Аллоҳ таоло буюрганидек тасарруф этиш лозимлигини таъкидлаб ўтадилар.
Мотуридий ақидасининг хусусиятлари
Юқорида зикр этганимиздек, мотуридия ақидасига доир масалаларни фақат Имом Мотуридийнинг ўзлари тузиб, тартибга солган эмаслар, балки ул зотга қадар ҳам Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидаси шаклланиб улгурган эди. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳнинг биз зикр эта олишимиз мумкин бўлган баьзи дин ва диёнат йўлидаги хизматларини келтириб ўтамиз. “Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ ўша даврда мавжуд ақидавий оқимларнинг таъсирини қирқиш, уларнинг иддаоларига кучли ва асосли далиллар билан раддия бериш орқали ҳақиқий ислом ақидасини ҳимоя қилдилар. Илми калом, мантиқ ва мунозара қоидаларига риоя қилган ҳолда мухолифлар жаҳолатига илм-у маърифат билан жавоб қайтардилар, чин ихлосли мусулмонлар учун ақидага доир муҳим қўлланмалар тайёрлаб, уларни тартибли равишда баён этиб бердилар.” Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ таъсис этган ақида мактаби соф ислом ақидасини қарор топишида ва мўъмин мусулмонларнинг ушбу соф ақида асосида бирлиги таъминланиб турли фирқаларга бўлиниб кетишининг олди олинишида энг муҳим сабаб бўлган ва бўлиб қолмоқда ҳам.
Маълумки, Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидаси ўша даврда учта буюк шахс томонидан ҳимоя қилинган ва асосий рукнлари ишлаб чиқилиб, шогирдлари ва китоблари орқали мусулмонларга тақдим этилган эди. Улардан биринчиси — Абул Ҳасан Ашъарий (260— 331 - ҳижрий йиллар) Бағдодда, иккинчиси — Абу Жаъфар Таҳовий Мисрда ва Абу Мансур Мотуридий Мовароуннаҳрда сунний ақиданинг ҳимоячилари сифатида ислом тарихида чуқур из қолдирдилар.
Биз — мотуридийлар учун яхши билиб, доимо назарда тутиб юриш зарур бўлган бир неча муҳим масалалар бўлиб. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Мотуридий ақидаси билан Ашъария ақидаси ўртасида бир неча масалаларда бир – бирларига мухолифлик мавжуд бўлиб, уларни баъзи уламолар 15 та, бошқалари 40 та ва ҳатто, 50 тагача санаб етказганлар. Улардан асосийлари — Аллоҳнинг сифатларини зотий ва феълий сифатларга бўлиш, сифатлари айни зотми ёки ғайри зотлиги, Мусо (а.с.) Аллоҳнинг каломини бевосита эшитганми ёки билвоситами, ирода билан ризо бирми ёки тафовутлими, Аллоҳни кўриш жоизлигига Ашъарий ақлий далил келтирган, Мотуридий нақлий, қабиҳ ишнинг содир этилиши бандаданми ёки у ҳам Аллоҳданми — бунга Мотуридий ҳусну қубҳ ҳаммаси Аллоҳдан, фақат беҳикмат эмас, дейдилар. Инсон ўз тоқатидан ташқари ишга таклиф этилиши мумкин, деб Ашъарий, мумкин эмас, деб Мотуридий айтадилар. Шунингдек, Аллоҳни ақл билан таниш вожибми ёки нақл биланми деган масалада Мотуридий ақл билан деганлар. Имон билан ислом бир нарса экани, бахтли ва бахтсиз инсонлар охир-оқибатда ўзгариб-алмашиб қолишлари мумкинлиги, қилинадиган яхши ва ёмон амаллар банданинг касби ва Аллоҳнинг яратиши билан ҳосил бўлиши, муқаллиднинг имони мақбул экани, имоннинг ўзи эмас, балки унинг нури, қуввати ортиб ёки камайиб туриши, имоннинг рукнлари иккита, яъни иқрор ва тасдиқдан иборат экани, амаллар имон таркибига кирмаслиги, балки савоблар ва гуноҳлар алоҳида ҳисобга олиниши каби масалаларда Имом Ашъарий бизнинг мотуридия ақидамизнинг хилофини тақрир этганлар.
2. Мотуридий ақидасининг мўътазила ақидасидан фарқлари: Аввало, шуни билиш керакки, диний фанлар қаторига калом илмининг киришига асосий сабаб мўътазила тоифасининг ақлий мунозаралари ва қаршиликлари бўлган. Улар ашъария ва мотуридия каби ақлни нақлий далиллардан кейинга эмас, балки биринчи ўринга қўйганлар. Ақл ва фикрни асосий манба деб билиб, унга тўғри келмаса, ҳатто, оят ва ҳадисларни инобатга олишмасдан, балки нусусни яьни, эьтиқодга тегишли бўлган хабарларни ўз ақлларига бўйсундирмоқчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ бошқа оқимлардан кўра кўпроқ мўътазила тоифасининг фикрларига қарши раддиялар билан чиққанлар. Мўьтазилаларнинг ақл ва фикрдан иборат далилларини рад қилиш учун имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ калом илми билан машғул бўлганлар ва уларга илмий мунозара қоидаларидан чиқмаган ҳолда ўз услубларида илмий шу билан бирга асосли жавоблар берганлар. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ шу услуб орқали Аҳли Сунна вал Жамоа ақидасини ҳимоя қилишга муяссар бўлганлар.
Мўътазила фирқаларининг мотуридий ақидасига зид бўлган қарашлари асосан қуйидаги нуқталарда намоён бўлади. Улар қуйидагиларни  айтадилар:
1. Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари азалий эмас, улар ҳеч қандай маъно ва мазмунга эга эмас. Аллоҳнинг исми билан сифатлари бир нарса.
2. Аллоҳ таолони бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кўриш мумкин эмас.
3. Қуръон — маҳлуқ. У азалий эмас.
4. Банданинг фойдасини кўзлаб иш қилиш Аллоҳнинг зиммасига вожиб.
5. Банданинг қудрати ва тоқати Аллоҳга боғлиқ эмас. Феълларни банданинг ўзи яратади.
6. Қатл этилган киши ажалидан олдин ўлган бўлур.
7. Ҳалол — ризқ, лекин ҳаром — ризқ эмас.
8. Аллоҳнинг иродаси ҳодисдир, қадим эмас.
9. Аллоҳ фақат яхшиликни ирода қилур. Ёмонлик унинг иродасидан ташқаридир.
10. Амаллар имоннинг таркибига кирур. Балки амал имоннинг асосий рукнидир.
11. Имон озайиб, кўпайиб турувчи нарсадир.
12. Гуноҳи кабира қилган мусулмон имон билан куфр ўртасида қолур.
13. Кабира эгалари дўзахда абадий қолурлар.
14. Шафоат фақат яхши одамларга нисбатан қилинур. Гуноҳларни ҳеч ким шафоат этмас. 
15. Жаннат билан дўзах ҳануз яратилмаган.
16. Қабрдаги азоб ёки роҳат, қиёмат тарозуси, Пулсирот, Ҳавзи Кавсар кабиларнинг ҳаммаси йўқ нарса.
       17. Авлиёларда ҳеч қандай каромат бўлмайди.
       18. Муқаллид (бошқаларга тақлидан мусулмонман деб юрувчи одам)нинг имони қабул қилинмайди.
       Юқорида зикр этилган гаплардан кўриниб турибдики, мўътазила фирқаси бизнинг мотуридий ақидамизга ҳилоф ўлароқ ўзларининг ақида йўналишига эга бўлганлар. Бу масаланинг нозик ва қалтис жиҳати шуки, мазкур  юқорида санаб ўтилган бандларда афсуски кўплаб ақл-у ҳуши жойида бўлган зиёлилар ва ҳатто, уламолар ҳам чалғиб кетишлари ҳеч гап эмас. Ислом ақидасининг софлигини сақлаш ва мўъмин, мусулмонларнинг шу соф ақида асосида тўғри ҳаёт кечиришларини таьминлаш йўлида биз ўзимизнинг сунний, ҳанафий, мотуридий ақидамизни яхши ўрганмоғимиз ва ақидамизга оид китобларни мусулмонлар оммасига етказмоғимиз ва бу орқали соф ислом ақидасини уларнинг қалбларида мустаҳкам жой олишига эришмоғимиз лозимдир.
Мотуридийлик талимотига хусусида замонавий асарлар
Мотуридийлик ақидасига этиқод қилувчи мусулмонлар яна бир жиҳатга эътибор беришлари лозимдир, ҳанафий мазҳабимизга ҳасад қилганларидек, мотуридия ақидамизга ҳам ҳасад кўзи билан қараш, унинг шаънига туҳмат-бўҳтон ёғдириш жараёни ҳали ҳануз тўхтаган эмас. Ақида фанига оид ёзиб келинаётган асарларни мутолаа қилиб кўрсангиз, бунинг гувоҳи бўласиз. Айниқса, араб дунёсида нашр қилинаётган асарларнинг деярли 90 фоизида мотуридия ақидасини бузиб кўрсатишлар, ҳатто, уни Аҳли Сунна вал жамоага қўшмаган ҳолда зикр қилишлар, ашъария ақидасини эса, мутлақо камчиликларини кўрсатмаслик, балки уни ягона тўғри ақида деб талқин қилишлар учраб турибди. Бунга мисол қилиб Риёзлик араб ёзувчиси Аҳмад ибн Авазуллоҳ ибн Дохил ал-Луҳайбийнинг «Ал-Мотуридия диросатан ва тақвиман» номли китоби, Доктор Маҳмуд Қосимнинг «Муқаддимат Ибнир-Рушд» китоби, Ваҳидуддинхон, Абдулҳалим Қунбус, Фатҳий Якан, Абдулжаббор («Ал-Муғний» муаллифи) каби ёзувчиларнинг асарлари, «Шарҳул-усулил-хамса» китоби ва бошқаларни келтириш мумкин. Лекин улар орасида ўзлари араб ёки ғарб ёзувчилари бўлишсада имом Мотуридий ҳақида инсоф билан ҳақиқатни ёзган олимлар ҳам мавжудлиги кишини қувонтиради. Бунга Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ ва у зотнинг калом илмига оид фикрлари тўғрисида каттагина китоб ёзган араб олими Доктор Али Абдулфаттоҳ ал-Мағрибийни, Имом Мотуридий қаламига мансуб «ат-Тавҳид» асарини таҳқиқ этиб, нашрга тайёрлаган олим Доктор Фатҳуллоҳ Хулайф ва немис олими Ульрих Рудольфни мисол қилиб келтирса бўлади. Улар имом Мотуридий ва унинг меросини холисона баҳолаганлар.

Абдурашид Дулабов 
"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юртининг 1-курс талабаси