1445 йил 12 Зулқаъда | 2024 йил 19 май, Якшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:47
Sunrise
05:21
Dhuhr
12:33
Asr
17:37
Maghrib
19:46
Isha
21:21


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БУЗҒУНЧИ ОҚИМЛАРНИНГ СОХТА ДАВОЛАРИ

23-12-2022, 01:04 282 Ўқиш режими + -
Хозирги кунда муқаддас ислом динимизга адоват кўзи билан қарайдиган, ислом динининг барқарорлигини мутлақо хохламайдиган, аксинча, ислом ва мусулмонларга қайси йўллар билан бўлса-да, зиён-захмат етказишга харакат қиладиган ёвуз кучлар мавжудлиги барчага аён. Бу кучлар инсонлар  ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкилиш каби салбий ҳолатларни авж олдириб, мусулмонлар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқариш ҳамда нифоқ солишга ҳаракат қилмоқдалар. Ўзларини «Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа»деб эълон қилган ҳолда бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқдалар. Энг ёмони, улар ўз хатти-ҳаракатларини асослаш учун ҳар бир мусулмон учун муқаддас бўлган Қуръони карим ва ҳадиси-шарифларни ўзларининг мақсадлари йўлида тафсир ва таъвил қилиб мусулмонлар ўртасида нифоқ чиқаришга уринмоқдалар. Ислом дини ҳар қандай оғир шароитда ҳам террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ тўкилган қон кимнинг қони бўлишидан қатъий назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир» – деб марҳамат қилади.
Бузғунчи оқимлар “Шаҳид”, “Жиҳод”, тушунчаларини ўзларининг ғаразли мақсади йўлида бузиб талқин этаётгани, айрим жоҳиллар эса ўзини портлатиб, айбсиз кишиларнинг ҳалок бўлишини “Жиҳод” ёхуд “Шаҳидлик” дейиши мусулмончилик қоидаларига мутлақо бегонадир. Пайғамбаримиз Мухаммад алайҳиссалом хайрлашув ҳажида: “Бир-бирингизнинг қонигиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажавуз қилишигиз барчаларингизга харомдир”, дедилар. Бузғунчи гуруҳлар ва баъзи шахслар ўз жонига қасд қилишни шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Бу ишлар айни хатодир. Ва бу амалидан ўзига ҳеч қандай фойда йўқдир. Шу ўринда юқоридаги сўзларнинг маъносига эътибор қилиб ўтсак.
1. Шаҳидлик - Ислом динига кўра Аллоҳнинг ризоси йўлида фидойилик қилган, имони, эътиқоди, номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даража демакдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ички касалликлар хуружи билан улган, жони, моли, ор-номуси химояси йўлида ўлдирилган ва турли сабаблар билан фожиали халокатга учраган кишиларга хам шахидлик макоми берилади, деб башорат берганлар. Демаак, Ислом нуктаи назарида бошка савобли ишлар каби  шаҳидлик ҳам мусулмон кишининг ихлосу эътиқоди, амали ва мусибатларга сабр-тоқат қилиши эвазига бериладиган мукофатдир. Аммо бизнинг асримизда ўзларини портлатиб террор амалиётини амалга ошириш йўли билан бегунох кишилар хаётига зомин бўлаётганлар хеч қачон шахид бўлмайдилар, балки улар оғир жиноят содир этган гуноҳкор  бандалардир. Уларнинг шахидлик даъво қилишларига хеч қандай шаръий асос йўқ.         
2.“Жиҳод” сўзига келадиган бўлсак. “Жиҳод” сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор яхши ишни бажаришга ҳаракат қилиш маъносини англатади. Яна айтиб ўтишимиз лозимки, “Жиҳод” сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, унинг турлари ҳам кўпайган ва улар орасида юртига бостириб келган босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиши ҳам “Жиҳод” дейилган. Ушбу охирги маъно бошқалардан устун келиб, кейинчалик “Жиҳод” деганда айрим ғўр кимсалар фақат урушни тушунадиган бўлиб қолишди.
Ислом истилоҳи бўйича эса, жиҳод асосан уч хилдир. Биринчиси – нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гунох ва жиноий ишларга қўл урмаслик. Иккинчиси – шайтон билан курашиш, яъни шайтоннинг васвасаларига учиб, харом ва тақиқланган ишларга қўл уришдан сақланиш. Учинчиси – босқинчилар билан  жанг қилишдир.                                      
Бир хадис шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Жиҳоднинг энг афзали – кишининг ўз нафси ва ҳавосига қарши курашмоғидир”, деганлар.
 
Рустамхон ХАЙИТОВ,
 “Нишон” жоме масжид имом-хатиби