Айрим тоифалар ижтимоий тармоқларда мусулмонларни динда чуқур кетишга чорламоқдалар. Ислом динда чуқур кетишни ҳам ва мусулмонларни чуқур кетишга чорлашни ҳам қоралайди.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”.
Динга чуқур кетиш, уни қийин қилиб кўрсатиш динга зарар бериш, фитна қилиш ҳисобланади. Муоз разияллоҳу анҳу бир жамоатга имом бўлиб, намозни чўзиб ўқиганларида саҳобалар Пайғамбаримизга шикоят қилган эканлар. У зот: “Эй Муоз, фитначимисан!”, – деб айтганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Динга чуқур кетиш мусулмонлар ўртасида ихтилоф, турли келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом Муоз разияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, – деган эканлар (Имом Бухорий ривояти). Динни қийин қилиб кўрсатиш динга зарар бериш, фитна қилиш билан баробардир.
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни динда чуқур кетишдан қайтиб, Ўзининг тўғри йўлида бардавом қилсин!
Р, Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими