«Ҳизбут-таҳрир» партияси бузғунчи, мутаассиб оқимлар тоифасидан бўлиб, унинг мақсади мусулмонлар ўртасини бузиш, улар орасида турли фитналарни тарқатишдир. Бу оқим, Ислом дини ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаган кишилар, хусусан ёшлар онгига халифаликни тиклаш ғоясини сингдириб, уларни мана шу ушалмас орзу-умидлар йўлида ўз моллари, куч-қувватлари, ҳатто жонларини ҳам қурбон қилишга тарғиб этадилар ва буни шаҳидлик, деб баҳолайдилар.
"Ҳизб ут-Таҳрир ал-исломий” (“Ислом озодлик партияси”) 1953 йилда Шарқий Қуддусга қарашли Байт ул-мақдис шаҳарчасида Тақиуддин ал-Набиҳоний ал-Фаластиний томонидан ташкил этилди. Набиҳоний 1909 йилда Ҳайфада туғилган. Мисрдаги Ал-Азҳар ва Дор ал-улум университетларида таҳсил олган. Ливан ва Фаластиндаги судларда судья бўлиб фаолият юритган. Сўнг Иорданиядаги Уммон Ислом университетида дарс берган. Набиҳоний вақт ўтиши билан мусулмон жамиятининг қолоқлигини уларнинг мустамлакачи давлатларга қарамлигида деб ҳисоблаган. Унинг замондошлари эса, аксинча, муаммо мусулмон мамлакатлари мустақилликни қўлга киритишлари ва иқтисодий салоҳиятларини яхшилашлари билан ҳал бўлади деб ўйлашган. Набиҳоний одамларни куфрда айблади. Унинг наздида кишилар турли идеологик хилма-хилликка берилиб кетган ва асл исломий ғоялардан чеккада эди. 1950 йилда у “Араб рисоласи” номли асарини нашр эттирди. Мазкур китобда Набиҳоний аввалбоши араб мамлакатларида, сўнг араб бўлмаган юртларда ислом давлатини тузиш ғоясини илгари сурди. Ўз мақсадига эришиш учун эса “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотига асос солди. Набиҳонийнинг сиёсий ва диний қарашлари 1928 йилда асос солинган “Мусулмон биродарлар” ташкилотига аъзолиги даврида шаклланганди. Кейинчалик, у “Мусулмон биродарлар” ғояларини ўта содда ва ғарб мафкурасига таъсирчан деб ҳисоблаб мазкур ташкилот сафидан чиқди. “Мусулмон биродарлар” ташкилоти ғояларидан ўзининг радикаллиги билан ажралиб турувчи “Ҳизб ут-Таҳрир” мафкураси тез орада “Мусулмон биродарлар”нинг мутаассиб вакилларини ўзига жалб этиб, уларни янги ташкилотнинг фаол аъзоларига айлантирди. «Ҳизбут-таҳрир»нинг ғоявий асосчилари қаторида Фаластин озодлик ташкилотининг раҳнамоларидан Холид Ҳасан, Исломий жиҳод ташкилотининг маънавий етакчиси Шайх Асад Тамимийларни келтириш мумкин. Набиҳоний 1979 йилда вафот этгач, унинг ўрнини бошқа бир фаластинлик Абу Юсуф Абдулқадим Заллум эгаллади. Заллум 2003 йил 26 апрелда оғир бетоблиги туфайли вафот этган. Заллумдан сўнг “Ҳизб ут-Таҳрир” етакчилигини Ата ибн Ҳалил Абу Рушто қўлга олди. У ўз фаолиятини Буюк Британиядан туриб олиб боради. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Абу Рушто раҳбарлигидан эътиборан “Ҳизб ут-Таҳрир” фаолияти қўпорувчилик ва зўравонликка яна ҳам кўпроқ таяна бошлади. Қайд этиш лозимки, “Ҳизб ут-Таҳрир” дунё жамоатчилиги, хусусан, ғарб сиёсий доиралари кўз ўнгида куч ишлатиш ва террорни рад этувчи, фақатгина ғоявий асосда фаолият кўрсатувчи “беозор” ташкилот сифатида намоён бўларди. 2001 йилнинг 11 сентябрь воқеалари ана шундай хом хаёлга борганларнинг кўзини мошдек очиб қўйди. Ваҳшиёна ҳаракатлари учун жабрдийда мамлакатлардан қувилган мазкур ташкилот минг афсуски, Европа мамлакатлари ва океанорти ҳудудига ўрмалаб кириб, мустаҳкам жойлашиб олишга улгурган эди.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек "Ҳизб ут-Таҳрир ал-исломий” (“Ислом озодлик партияси”)нинг бош офиси Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида жойлашган бўлиб, улар фаолиятларини айнан ўша ердан туриб бошқарадилар. Ҳозирги шундай таҳликали замонда бутун дунё турли-хил экстремистик ташкилотларга қарши кураш олиб бораётган бир пайтда Ҳизб ут-Таҳрир ал-Исломий ҳаракатининг офиси Ғарб мамлакатларидан бирида эканлиги ажабланарли ва шубҳали эмасми?!
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Эй уммати Муҳаммад,) одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга имон келтирасиз”, - дея марҳамат қилади. (Оли Имрон сураси, 110-оят) Шундай экан, ўзини мусулмон деб билган ҳар бир кишига одамларни эзгулик ва аҳиллик, тинчлик ва фаровонликка чақириш, уларни разолат ва қабоҳатдан огоҳ этиш, жаҳолатнинг пайини қирқиш биринчи галдаги имон бурчи, айни дамда энг муҳим инсонийлик вазифасидир.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, мутаассиблик кўринишдаги бундай оқимлар жамият хавфсизлигига, миллий маънавиятимизга реал таҳдид сифатида намоён бўлмоқда. Шундай экан, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, равнақи ва фаровонлиги доимий ва қатъий ҳаракатларни талаб этади.
Сайфиддин Саидов,
Деҳқонобод тумани “Танга ором” жоме масжиди имом-ноиби