Фарзанд зиммасида ота-онасининг ҳақлари бор. Биринчи галда уларга буйсунади. Буюрган ишларини сўзсиз бажаради. Улар олдида тавозели бўлади. Юмшоқ ва гузал муомала қилади. Суҳбатлашаётганда овозини баландлатмайди. Энг ширин ва гўзал гапларни сўзлайди. Қариганларида улардан хизматини аямайди.
Мўмин ота-онасига улар ҳаётлигида ҳам, вафот этганида ҳам бирдек яхшилик қилиши, раҳмат ва мaғфиpaт сўраб дуода бўлиши лозим. Ҳикоя қилишларича, Бану Салама қабиласидан бир киши Пайғамбapимиз (алайҳиссалом) олдиларига келди ва: "Ё Расулуллох, ота-онам вафотидан сўнг ҳам улар учун бирон-бир яхшилик қилишим мумкин-ми?" деб сўради. У зот (алайҳиссалом): "Ҳа, ҳақларига дуо қилишинг. Улар учун истиғфор
айтишинг. Улимларидан сунг (ҳаётликларида берган) ваъдаларини адо этишинг. Дустларини ҳурматлашинг. Улар орқали боғланган қариндошлик алоқаларини узмаслигинг", дедилар (Ибн Можа).
Ривоят қилишларича, бир кеча Масъарнинг онаси сув сўради. У ўрнидан туриб, сув олиб келгунча онаси ухлаб қолди. Ўша кеча Масъар онасининг олдидан бир қадам ҳам жилмади. Чунки қайта уйтониб, ўғлини қидириб қолиши мумкин эди. Шунингдек, онасининг уйқусини бузишни ҳам хоҳламай, сув кўтарганча қошида тонгга қадар кутиб турди.
Муҳаммад ибн Мункадир айтади: "Эрталабгача онамнинг оёқларини уқалаб чиқдим. Умар эса тун буйи намоз уқиди. Мен уз кечамни Умарнинг кечасига алмаштиришни истамаган булардим".
Усома ибн Зайднинг Мадинада баҳоси минг динор келадиган хурмо дарахти бўлган. Бир куни онаси уша дарахтнинг энг тепа шохидаги хурмодан егиси келди. Усома дарахтни арралаб, унга сураганини олиб берди. "Нега бундай қилдингиз?" деб сўрашганда, "Онам сўраган барча нарсани қулимдан келса, бажарганман", деб айтган экан.
Улуғлардан бири онасига кўп яхшилик қилишига қарамасдан ҳеч қачон у билан бир идишдан сув ичмаган экан. Ундан: "Сиз онасига энг кўп яхшилик қиладиган инсонсиз. Нега у билан бир дастурхонда утириб овқатланганингизни кўрмаганмиз?" деб сўрашди. У: "Онам кўз ташлаган нарсага биринчи бўлиб қул узатишдан сақланаман", деб жавоб берган экан.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ким ота- онасини рози қилса, Аллоҳ таолони рози қилибди. Ким уларни ранжитса, Аллоҳ таолони газаблантирибди" (Имом Суютий), дея бежизга айтмаганлар. Чунки ота-она фарзандига беминнат меҳр-муҳаббат беради, жуда кўп яхшиликлар қилади. Уларнинг энг катта орзуси ва қувончи ҳам боласининг камоли, бахтини кўришдадир.
Бекзод НАРҚУЛОВ,Чироқчи тумани бош имом-хатиби