1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Муслиманинг энг гўзал либоси

30-05-2022, 10:58 347 Ўқиш режими + -
Авратни тўсадиган даражада ҳалол кийим кийиш ҳам фарздир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Аъроф сураси 31-оятида “Ҳар бир ибодатда зийнатингизни олинг”.
Инсон авратини  кийим билан тўсмаса, намозини адо эта олмайди. Аллоҳ таоло инсонни қаттиқ совуқ ва иссиққа чидай олмайдиган қилиб яратган шунинг учун ҳам кийим кийиш лозим. Авратдан бошқа жойларини ҳам тўсадиган кийим кийишни уламоларимиз мустаҳаб деганлар.[1]         
Аллоҳ таоло:
“Эй Набий! Жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт, жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ Ғофур ва Роҳиймдир”, деган (Аҳзоб, 59-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата аввало ўз жуфтлари ва қизларига жилбобларини ўзларига яқинлаштиришни буюришга амр этмоқда. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари ва қизларининг шарафлари улуғ бўлгани учун бўлишни ҳаммадан олдин улар қилмоқлари лозимдир.
Жилбоб – устдан кийиладиган ёки ёпиладиган кенг либосдир. Мўмина аёлни бошқа аёллардан ажратиб турадиган бу кийим турли мусулмон ўлкаларда турлича бўлган. Лекин ҳаммаси ҳам мўмина аёлни ёмон кўздан сақлаш уни бошқа аёллардан ажратиш каби вазифаларни адо этган.[2]
Бугун замоннинг энг сўнгги “модаси” бўлиб улгурган аёлларнинг кийимлари ўзни жалб қилиш урфига айланиб улгурди. Баъзи “замонавий” аёлларнинг “тақлид”  либослари эркаклар назарини ўзига жалб қиладиган, хатто муслима аёлларнинг назари ҳаё қиладиган даражада очиқ кийиниш “замонавий” аёллар учун уят, ҳаё, иффат пардаларини очиб ташлади. 
Ўзига хос кийинган аёл ўзига хос гўзаллик кашф этишини аёлларнинг ўзлари тушуниб етмоқлари керак. Бу ҳақиқатни аёллар ўзларига келган, уларнинг ҳақиқий инсоний табиатлари ўзлигини намоён қилган пайтда кўриш мумкин. 
Ҳақиқий мўмина-муслима аёларда эса бу ҳолат мутлақо бўлмайди. Чунки улар Аллоҳ таолони бир лаҳза ҳам унутмайдилар. Аллоҳнинг амридан бир лаҳза четга чиқмайдилар. Ҳар бир ишни Аллоҳ таолонинг динига – Исломга мослаб қиладилар. Ана ўша ҳолатнинг зоҳирий кўриниши мўминаларнинг шариатга мувофиқ кийинишларида бўлади.
Ҳа, аёллар ҳар бир умматнинг кучи ёки заифлигини кўрсатиб турувчи дақиқ белгидирлар. 
Улар ҳар бир жамиятнинг аҳли солиҳ бўлиши ундаги оилаларнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.
Ҳар бир оиланинг аҳли солиҳ бўлиши эса ундаги аёлнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.
Ҳар бир аёлнинг аҳли солиҳ бўлиши унинг иймон-эътиқодли, илмли ва тақводор бўлишига боғлиқ.
Аёли йўлдан чиққан оиланинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.
Оилалари йўлдан чиққан жамиятнинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.
Мўмина аёлнинг кийиниши ҳақидаги масалага оид бир неча ҳукмлар олинади:
  1. Мўмина-муслима аёлларнинг кийимлари юпқа бўлмаслиги шарт.
Тагидан кўриниб турадиган кийим кийиш сатри авратга (авратни яширишга) кирмайди. Уламо аҳли бунга ўзи қалин бўлса ҳам, торлигидан баданни васф қилиб турадиган кийимларни ҳам қўшадилар.
  1. Мусулмон эркакларнинг қаршиларидан очиқ-сочиқ, ношаръий кийиниб юрган аёллар чиқса, уларга қарамаслик чорасини қилишлари лозимлиги.
  2. Бошқа шаръий таклифлар каби шаръий кийиниш ҳам қизлар балоғатга етгандан сўнг фарз бўлиши.
  3. Муслима аёллар учун юз ва икки кафт аврат эмаслиги. Муслималар юзлари ва икки кафтлари номаҳрамларга кўринганлиги туфайли гуноҳкор бўлмайдилар.
Уламо аҳли муслима аёлнинг либоси тўғрисидаги барча ҳужжат ва далилларни пухта ўрганиб чиқиб, жумладан, қуйидаги мулоҳазаларни айтганлар:
  1. Аёл кишининг либоси таги билиниб турадиган даражада юпқа ва тор бўлмаслиги лозим.
  2. Аёл киши тилла ва кумуш билан безалган, нақшланган кийимларни кийиши жоиз.
  3. Аёл киши эркак кишининг кийимини кийиши ҳаром.[3]
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муслима аёлларнинг кийимлари дунёдаги энг гўзал, энг чиройли, энг одобли, энг яхши, энг муҳими эса – Аллоҳнинг амрига энг мувофиқ кийимлардир. Бундан ортиқ шараф бўлиши мумкин эмас. 
 
Нилуфар БЕРДИЕВА
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Кифоя” 3 “Hilol-Nashr” Тошкент 2018. 344-саҳифа
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Ҳадис ва Ҳаёт” Таом, шароб ва либос 16-17 жузлар. “Hilol-Nashr” Тошкент 2016. 306-саҳифа
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Ҳадис ва Ҳаёт” Таом, шароб ва либос 16-17 жузлар. “Hilol-Nashr” Тошкент 2016. 332-саҳифа