1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қалб бўстонлари

27-05-2022, 07:11 213 Ўқиш режими + -
Пайғамбаримиз сарвари коинот Муҳаммад мустафо с.а.в. “Огоҳ бўлинг! Танангизда бир парча гўшт бор, агар у соғ бўлса, бутун жасад соғдир. Агар у бузилса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинг, у­-қалбдир.
Пайғамбаримизнинг ушбу ”Огоҳ бўлинг!”- дея қилган хитобларда  биз инсонларни энг муҳим ишдан огоҳ этмоқда, яъниким, мусулмон киши қалбига эътибор бермоғи, қалбини кузатмоғи, қалбини ўнгламоғи ва қалбини турли иллатлардан сақламоғи лозимдир.
Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз ҳам пайғамбаримиз ҳадисларига биноан “Кўнгил бадан мулкининг подшоҳидир. Кўнгилнинг саломатлиги баданнинг ҳам саломатлигидир, унинг нотоблиги бунинг ҳам нотоблигидир” дедилар.
Ва яна қалб тўғрисида, Донишмандлардан бири инсон қалбини бўстон билан боғлайди ва шундай таъриф этади; Кишининг қалбида қуйидаги бўстонлар бўлади.
     Биринчи - илм бўстони,
     Иккинчи - мўлойимлик бўстони,
     Учинчи - ихлос бўстони,
     Тўртинчи - камтарлик бўстони,
     Бешинчи - саҳоват бўстони,
     Олтинчи - ризо бўстони, 
     Еттинчи - умид бўстони.
Киши равнақ топай деса, аввало илм бўстонига киради ва у ердаги нодонлик ва жоҳиллик ҳашакларини юлиб ўзоққа отади. Сўнг мўлойимлик бўстонига киради ва бу бўстонда адоват ва ҳасад тиканлари ўсган бўлса,уларни олиб ташлайди. Сўнг ихлос бўстонига киради ва бу бўстонда риё,бадгумонлик ҳашаклари бўлса, уларни юлиб бўстонни тозалайди.Сўнг камтарлик бўстонига киради ва бу бўстонда такаббурлик ва мағрурлик ҳашаклари бўлса, уларни юлиб тозалайди. Ундан сўнг ризо бўстонига киради ва бу бўстонда манманлик,қайсар-лик тиканлари бўлса,бўстонни улардан ҳоли қилади,сўнг охири умид бўстонига киради ва унда ноумидлик ва тушкунлик тиканлари бўлса уларни юлиб отади.
Ушбу Донишманднинг пўрмаъно ҳикматли сўзларига биноан инсон қалбидаги турли ёмон иллатлардан бўлмиш нодонлик, жоҳиллик, дангасалик, адоват, хасад, риё, бадгумонлик, такаббурлик, мағрурлик, манманлик, қайсарлик, ноумидлик, тушкунлик каби иллатларни, фақатгина илму-ҳунар, мулойимлик-ҳалимлик,ихлосу-мухаббат, камтарлик-беозорлик, ризою-шукрлик, умид ва ишонч каби фазилатлар билангина йўқотишлик мумкин. 
Донолар демишларки; “Сен ўзингни кўрмоқ истайсанми? У ҳолда кўзгудаги ташқи қиёфанга эмас, ичингдаги кўзгуга боқ.” Бизчи, биз кунда неча бор кўзгуга қараймиз. Қалбимизга-чи? Қалбимиз бўстонларига-чи?. Қалбимиз бўстонларидаги айбу-нуқсонларга, иллатларга эътибор қиламизми?,- деган саволлар туғилади.
Агар банда қалбида Аллоҳга мухаббати лаззатини тотиб кўрса, Аллоҳ унга айбларини кўрсатиб қўяди ва у киши ўзгалардан айб қидирмай, фақат ўз айблари билан машғул бўлиб қолади,-деган эди  Робиъа ал-Адавийя.
Ҳазрат Абу Ҳомид Ғаззолий ҳам ўзининг “Мукошафат ул­-қулуб” китобида шундай дейди:  “Аллоҳ бир бандасига хайр (яхшилик) ато этмоқчи бўлса, унга ўз нафсининг қусур ва айбларини кўра оладиган басират беради. Кимнингки басирати ўткир бўлса, қусур ва айблари ўзига албатта кўринажак. Киши ўз айбларини билганда эса, уларни даволаш имконига эга бўлади. Лекин,афсуским,инсонларнинг кўпчилиги ўз қусур ва айбларини кўрмайди.  Аҳвол шундайки, баъзан киши бир мўмин қардошининг кўзидаги тариқдай кирни   кўради-ю,  аммо ўз кўзидаги ёнғоқдай доғни кўрмайди. Кимки ўз нафсининг айбларини кўрмоқчи бўлса, бениҳоя тўғри, басиратли киши билан дўст тутинмоғи жоиз. Токи бу дўст унинг аҳволини, ҳаракат ва атворларини кўз остида тутсин. Зоҳирий ва ботиний хунук бир феълини кўрса, унга танбеҳ берсин”. 
Жобир ибн Убайда ал-Адавий деди: ″Мен Ало ибн Зиёдга калбимда васваса борлигидан шикоят килган эдим. У шундай деди: Бу мисоли ўғрилар кирган уйга ўхшайди. Агар унда бирон нарса бўлса, иложини қилиб ўша нарсани олиб кетади, илашадиган нарса бўлмаса, ноумид бўлиб кайтади″. Яъни ҳавои нафсдан холи қалбга шайтон киролмайди, шунинг учун Аллоҳ таоло: 
«Менинг (мустаҳкам,солиҳ) бандаларим устидан эса, сен учун хеч кандай салтанат (хукумронлик) бўлмас». (Исро:65) дея марҳамат қилди.
Ҳақиқатан, агар инсон қалбини даволашни ва унинг соғайишини истаса, Аввало Аллоҳни каломи Қуръони Карим, пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с)ни саҳиҳ ҳадислари, ҳамда буларга асосланиб ёзилган донолар битиклари, насиҳатлари, яхши инсонлар суҳбати касал қалбнинг соғайишида ососий воситадир.
Эй Аллоҳим, қалбларимизни тақво билан, илм билан зийнатлагин ва уни турли иллатлардан, айбу-нуқсонлардан поклагин, Сен энг яхши поклагувчидирсан. Сен уларнинг хожаси – эгасисан. Эй Аллоҳим, қалбларимизни мунофиқликдан, кўзларимизни хиёнатдан ва тилларимизни ёлғондан сақлагин. Эй Аллоҳим, Қуръонни қалбларимизга зиё, кўзларимизга нур қилгин! Бизни унга,ҳикматли сўзларга амал қилувчилардан қилгин ва яхшилик қилувчи, хамда яхшиликка чақирувчилардан қилгин. Эй Аллоҳим юртимиз тинчлигини янада абадий, осмонимизни мусоффо қилгин. Эй Аллоҳим, бизни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни мағфират килгин. Эй Аллоҳим, пайғамбаримиз Мухаммад с.а.в.га, у зотнинг оила аъзоларига ва барча саҳобаларига салоту саломларингни юборгин. Амийн.
  
Чироқчи тумани “Турсун Болтахон” жоме 
масжиди имом хатиби Исмоилов Акмал