Китоб саодат топиш учун ўқилмайди.
Китоб ўқишнинг ўзи — олий саодат.
Китоб – тафаккур хазинаси
Китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Халқимиз илм ва фан, адабиёт ва санъатга оид нодир қўлланмалар, адабиётлари билан ҳақли равишда фахрланади. Дунёнинг қайси бир машҳур кутубхонасида бўлманг халқимизнинг улуғ алломалари, тафаккур хазинасини яратган донишмандларининг қўлёзмаларини китоб ҳолига келтириб, боқий умр бағишлаган хаттотлар, мусаввирлар меҳнатини кўриш мумкин.
XIX асрнинг ўрталарида Бухоро мадрасалари фаолияти билан танишган Н. Ханиковнинг гувоҳлик беришича, мадрасанинг тўлиқ курсини ўқиб тугатиш учун толиб тахминан 137 та китобни ўқиб чиқиши талаб этилган.
Ота-боболаримиз китобни кўз қорачиғидек асрашган. Улар китоб саҳифасига ҳеч нарса ўрамаганлар. Китоб сақланадиган жой хоҳ у кутубхона бўлсин, хоҳ уй бўлсин - муқаддас саналган, ҳар қандай китоб энг пок, энг юқори жой - токчаларга қўйилган.
Ота-боболаримиз хонадонларда Машраб, Навоий, Бедил ва бошқа шоирларимизнинг асарларини мароқ билан ўқишган. Фарзандлари китобхонлик давраларида иштирок этишган. Натижада фарзандларида китоб ўқишга ҳавас уйғонган.
“Илм” сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган.
Бир донишманд, “”Кўмир ёна туриб, китоб эса мутолаа қилингандагина сенга ҳарорат беради” деганида минг карра ҳақ бўлган.
Биз китоб орқали тарихимизни, миллий меросу анъаналаримизни, бобомерос қадриятларимиз ҳақида маълумот оламиз, ўтмишдаги олис аждодларимиз орзу армонларидан хабардору уларнинг қувончу қайғуларига шерик бўламиз, ўзимизнинг кимлигимиз ҳақида келгуси наслларга мактуб битамиз.
Китоб ўқиш инсон учун муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир. Китоб мутолаа қилиш кишининг дунёқарашини кенгайтиради, ўзига хос лаззат бағишлайди. Ўзгалар олдида соҳибининг илмий, маданий ва ахлоқий савиясини юқорига кўтариб қўяди. Зеро, кўп ўқиган, билимдон инсоннинг умуман ўқимаган ёки кам ўқийдиганлардан ҳар соҳада имконият доираси кенгроқ бўлади. Мисол учун иккита тилни билган одам битта тилни билган одамдан икки баравар кўпроқ имкониятга эга. Учта тилни биладиган одамнинг эса иккита тилни билувчи одамдан имконият доираси каттароқ бўлади ва ҳоказо.
Бугунги ёки кечаги олимлар, ёзувчию шоирлар ва зиёли кишилар ўз вақтида кўп ва хўп китоб мутолааа қилганликлари туфайли шу даражага эришганлар.
Ислом дини илк бошданоқ жаҳолатга қарши маърифат билан курашган диндир. Қуръони каримнинг илк ояти ҳам “Ўқи!” деган сўз билан жаранглади. Қуръон сўзининг бир маъноси ҳам “ўқиш” демакдир. Мана шунинг ўзидан муқаддас динимиз таълимотларида ўқиш, мутолаа қилишга бўлган эътибор ва аҳамият нақадар буюк эканлигини билиш мумкин.
Шу боис ҳам мана шу динни тўғри тушунган, унинг таълимотларини қалбига сингдирган бобокалонларимиз ёшликлариданоқ ўқиш-ёзишга, мутолаа қилишга, диний ва дунёвий билимларни эгаллашга ҳарис бўлганлар ва оқибатда жаҳон тамаддунига, илм маърифат ривожига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб, бебаҳо илмий асарлар яратишган. Ўзларидан кейин то қиёматга қадар ўчмайдиган мангу из қолдиришган.
Китоб— бебаҳо неъмат. Китоб — тафаккур қаноти. Бу қанот қанча мустаҳкам бўлса, юксак кенгликлар сари интилишдан толмайди. Китоб, асар сўзи замирида бадиият ётади. Бадиият эса ҳар қандай кўнгилнинг маҳсули бўлавермайди. У ҳеч қачон инсонларни жаҳолатга етакламайди. Шунинг учун ҳам у азиз, шунинг учун ҳам у қадрли.
Кишининг маданий савияси – китобларнинг ўқиб чиқилган сони билан эмас, уқиб олинган сони ила ўлчанади.
Киши ақлли бўлиб қолиши учун 10 та китоб кифоя. Ўша ўнтани топиш учун эса минглаб китобларни ўқиб чиқиши керак бўлади.
Яқин дўстинг бўлмиш китобга инон. Зеро у, одатда, сукут сақлаб, фурсати етганда жамики олам ҳақида батафсил сўзлаб беради сенга.
Киши қанча кўп китоб ўқиса, бировларга шунча кам тақлид қилади. Одамлар икки тоифага, хусусан: китоб ўқийдиганлар ва китоб ўқийдиганларнинг оғзига қараб юрадиганларга бўлинади.
Ақл топиш учун китоб ўқиш – тана манфаатида бадантарбия билан шуғулланишдек гапдир. Сўмни тийин ташкил этса, ўқиб чиқилган китоб сони – билимни.
Инсон эшитган маълумотини тўлиқ эслай олиши қийин, кўргани эса хотирада унчалик муҳрланмайди. Лекин, китобда ўқиган маълумотни унинг номини эшитиши биланоқ яхши хотирлайди.
“Одамлар китоб ўқимай қўйсалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар”, деган эди машҳур адиб Дени Дидро.
Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғат, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан холи ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли кунларда мунис улфатдир. Унда на нифоқ бору, на гина-кудрат. Муҳаммад Жабалрудий
Яхши китобларни ўқиш – дунёнинг энг доно кишиларининг суҳбатида бўлиш демакдир, деган эди Рене Декарт.
Китобни бировдан қарз сўраганни
Оқиллар сафига кушмай қўя қол,
У гоҳ қўйиндадир, гоҳи бағрида
Китоб эгасининг маҳбуби мисол.
Биров, китобингни бериб тур, деса,
Аблаҳлар сўзидек келади малол.
Алишер Навоий
Аллоҳ таоло айтади: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд)даража (мартаба)ларга кўтарур. (Мужодала, 11).
Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳам илмга, ўқиш ва ўрганишга даъват билан йўғрилган. Илм биринчи ўринда ўқиш орқали ҳосил бўлиши ҳаммамизга маълумдир. Жумладан Ул зот: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон зиммасида фарздир!”, дея марҳамат қилганлар (Ибн Можа ривояти).
Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳ) айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”.
Қораев Муҳаммади