1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Исломда диний либос йўқ

28-05-2022, 11:07 815 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) га юборган дин-Ислом динидир. Ислом дини ҳар томонлама мукаммал илоҳий диндир. “Қуръони-карим”да Аллоҳ таоло “Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизларга Исломни дин қилиб танладим” (Моида сураси, 3-оят). 
Ушбу оятнинг тафсирида шундай дейилади: “ Ҳақиқатан, Ислом дини номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, эзгуликка буюради. Зулм. Истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорликлардан қайтаради” дейилади.
Ислом дини инсонларни либосланишга буюради. Бу ҳақда Қуръони карим” да: “Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. Тақво либоси ҳаммасидан яхшидир. Бу нарсалар эсда тутишларингиз учун Аллоҳнинг ҳужжатларидандир” (Аъроф сураси, 26-оят). 
Ушбу оятнинг тафсирида: “Яъни, душман сизларни жаннат либосидан маҳрум қилди. Энди сизларга дунёда қандай либосда бўлишгингизни ўргатаяпмиз. Қандай либос кийманглар, ҳамиша тақвода бўлинглар, Аллоҳдан қўрқинглар. Оят мазмунидан англашиладики, ким Аллоҳ амриларидан чекиниб, қайтариқларини инкор этиб шайтон ва нафс алдовига учса, кийимсиз, қип-ялонғоч одам ҳолатига тушади. Бундайлар ҳеч нарсадан уялмайдиган, орланмайдиган бўлиб қолади. Уят, инсоф, ор йўқолса, одам инсонликдан чиқади, илоҳий раҳмат ва мағфиратдан бенасиб қолади, унинг бошқа махлуқлардан фарқи бўлмайди”дейилади.
Фақат бир нарсага хосланган, қатъий талаб қилинадиган ибодат либоси Ислом динида йўқ. Бу ҳақда шундай дейилади: “Таъкидлаш жоизки, исломда ибодат либоси йўқ. Асосий талаб эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги саналади. Ҳанафий мазҳабимизга кўра аёл киши ўранганида икки қўлининг кафти ва юзидан бошқа аъзоларини ёпиши вожибдир. Бунга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳога қарата айтган қуйидаги ҳадислари ҳам далолат қилади:
"يَا أَسْمَاءُ، إِنَّ الْمَرْأَةَ إِذَا بَلَغَتِ الْمَحِيضَ لَمْ يَصْلُحْ أَنْ يُرَى مِنْهَا إِلاَّ هَذَا وَهَذَا" وَأَشَارَ إِلَى وَجْهِهِ وَكَفَّيْهِ"
(رَوَاهُ الامام أَبُو دَاوُدَ).
яъни: “Эй Асмо, аёл киши вояга етганда ундан мана бу ва мана бу жойларидан бошқаси аъзоси кўриниши мумкин эмас”, деб юз ва икки кафтларига ишора қилдилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Лекин ҳозирда айрим аёл-қизларимиз сохта ғоялар таъсирида, ўзгаларга тақлид қилиб мазҳабимизга хилоф ва миллий урф-одатларга зид равишда юз ва қўлларини тўсган ҳолда бурқа ва ниқоб тақиб олиш ҳолатлари учраб турибди. Аслида ҳар бир нарсада бўлгани каби, кийимда ҳам мўътадил бўлиш мақсадга мувофиқ саналади.
Исломда аёл-қизларнинг сатри авратда бўлиши талаб этилсада, бунда махсус кўринишдаги ёхуд махсус рангдаги кийим кийиш шарт қилинмаган. Яъни, ибодатли, диёнатли аёллар махсус ранг ёки кўринишдаги либосларни кийишлари фарз ёки вожиб деб белгиланмаган” . 
Ибодат учун кийиладиган либос авратларни беркитадиган, ҳар хил нажаслардан пок бўлиши лозим. Ислом дини мусулмонлани озода кийинишга буюриб, уни нотоза ва нопок ҳолатда бўлишидан қайтаради. “ Қуръони Карим ” да: “Либосларингизни пок тутинг”.(Муддасир сураси, 4-оят). Бу оят кийимни пок бўлишига рағбат қилишга ундайди. 
Қадимги даврларда инсонлар  нажас, бавл ва шунга ўхшаш нопокликдан либосларини пок сақламас эдилар. Ислом дини эса   инсоннинг либосини покиза бўлишига асосий эътиборни қаратди. Ва шу билан инсонларга либосларни қачон пок бўлиши ва қачон нопок бўлишини тушунтириб берди. Инсон либосининг  яна бир аҳамиятли жиҳати унинг янги ёки эски бўлишида эмас, балки уни озода бўлишидадир. Инсондаги кийим пок бўлмаса униг ибодати қабул бўлмайди.
Р.Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими