1445 йил 12 Зулқаъда | 2024 йил 19 май, Якшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:47
Sunrise
05:21
Dhuhr
12:33
Asr
17:37
Maghrib
19:46
Isha
21:21


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

«ҲИЗБУТ-ТАҲРИР»НИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ ВА КИРДИКОРЛАРИ

23-12-2022, 10:22 285 Ўқиш режими + -
Фирқалар ҳақидаги сўзимизни давом эттирар эканмиз, бу галги мавзумиз бузғунчи оқимлардан бири бўлмиш «Ҳизбут-таҳрир» партияси ва унинг Исломга ва мусулмончиликка етказаётган зарари хусусида бўлади.
«Ҳизбут-таҳрир» партияси бузғунчи, мутаассиб оқимлар тоифасидан бўлиб, унинг мақсади мусулмонлар ўртасини бузиш, улар орасида турли фитналарни тарқатишдир. Бу оқим, Ислом дини ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаган кишилар, хусусан ёшлар онгига халифаликни тиклаш ғоясини сингдириб, уларни мана шу ушалмас орзу-умидлар йўлида ўз моллари, куч-қувватлари, ҳатто жонларини ҳам қурбон қилишга тарғиб этадилар ва буни шаҳидлик, деб боҳолайдилар. 1952 йилда Фаластинда дунёга келган бу оқим ўша вақтнинг ўзидаёқ араб оламида кескин танқид ва қувғинга учради. Минг афсуски, ҳеч ким қабул қилмаган бу оқимни диёримиздаги айрим илмсиз кишилар, Ислом динининг ҳақиқатидан бехабар, мусулмонман дейишдан бошқа ўзининг мусулмонлигига бирон далил келтира олмайдиган ёшлар қабул қилдилар. Кўп ёшлар дин деб ўйлаб унга кириб кетдилар. Натижада мусулмонларнинг жамоаси бўлиниб қолди, бу бўлинишга эса мана шу ҳизб асосий сабабчи бўлди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси 103-оятида бизни динимиздаги зарур бир ишга - иттифоқликка буюрган. Мана шу оятда динимизнинг моҳияти биз мусулмонларга аниқ баён қилиб берилди. Демак, Аллоҳ таоло бизни аввало, барчамиз имкон қадар Қуръон кўрсатмасига амал қилган ҳолда, бирликда, ҳамжиҳатликда яшаб бормоғимизга, иккинчидан эса, фирқаларга бўлинмасликка буюрди. Биз бу оятдаги “Бўлинманглар” деган буйруқни Ислом номини ниқоб қилиб олган биронта гуруҳ ёки оқимга кирманглар, деб тушунамиз. Кейинги пайтда Ислом номи билан боғлиқ, асли мусулмонларнинг ораларини бузадиган, Қуръон ва ҳадисга бутунлай қарши бўлган фирқалар жуда кўпайди. Модомики, улар: “Биз алоҳида ҳизбмиз, алоҳида бир гуруҳмиз”, дер эканлар, уларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг “фирқага бўлинманглар”, деган буйруғига қарши чиқиш билан, қайси номда бўлмасинлар, ҳатто ниятлари яхши бўлса ҳам, Исломга қаршидирлар. Пайғамбар алайҳиссалом ўн тўрт аср муқаддам: «Менинг умматим 73 фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг ҳаммаси дўзахи бўлади, фақат бир тоифагина жаннати бўлади» деганлар. Бундан 52 йил аввал пайдо бўлган, халифалик қуриш даъвоси билан чиққан “ҳизбут-таҳрир” номли фирқа ҳам ўша 72 адашган фирқалардан бири бўлиб, Исломни бузиш – мусулмонларни бир-бирига қарши қилиб қўйиш учун махсус ўйлаб чиқарилган партиядир. 
Саҳоба Сафина р.а.дан Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: 
Яъни: “Халифалик мендан сўнг ўттиз йилдир, кейин подшоҳлик бўлади”, деганлар. Демак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан сўнг бўладиган халифалик муддатини қатъий белгилаб бердилар. Ривоятнинг давомида эса Саҳоба Сафина р.а. бу муддат давомида кимлар халифа бўлганликларини айтиб: 
Яъни: «Мана, Абу Бакр р.а. икки йил, Умар р.а. ўн, Усмон р.а. ўн икки ва Али р.а. олти йил халифа бўлганлар», деганлар. Дарҳақиқат, биз аҳли сунна вал-жамоа бу тўрт чорёрларни Расулуллоҳнинг халифалари, деб эътиқод қиламиз. Улардан кейинги Уммавий ва Аббосийлар давлати раҳбарлари эса, гарчи тарихда халифа номи билан аталган бўлсаларда, аслида ҳадисда таъкидланганидек, подшоҳлардир.
“Ҳизбут-таҳрир”нинг даъватларига яхшилаб назар ташланса, Исломга ёт нарсалар эканлиги маълум бўлади. Улар Қуръон ва ҳадисдан далиллар келтирадилар, лекин ўз фойдалари учун, яъни умуман Қуръон ва ҳадис далолат қилмайдиган маъноларда тушунтирмоқчи бўладилар. Масалан, уларнинг ана шундай далилларидан бири Нур сурасидаги 55-оятдир (оятга қаранг!). Мана шу оятни ҳизбчилар : “Қуръонда халифалик ҳақида келган оят шудир. Аллоҳ таоло бу оятда халифалик қуринглар, деб буюрмоқда”, дейдилар. 
 Юқорида биз келтирган ҳадис билан бу оятни таҳлил қилиш учун аввало, “халифа” сўзининг маъносини яхши билиш лозим. Халифа араб тилида ўринбосар, деган маънони англатиб, Қуръони каримда у айнан шу маънони ифодалаб келган. Халифа икки хил бўлиб, бири Расулуллоҳга, иккинчиси Аллоҳга халифа бўлишдир. Ҳадисда айтилган халифалик Расулуллоҳдан кейин, у зотга ўринбосар бўладиган халифаликдир. Расулуллоҳга халифа бўлиш муддати ўттиз йилдан сўнг ўз ниҳоясига етган. Чунки, мана шу вақт давомида Ислом ривожланди, унинг бузилиши ёки бутунлай йўқ бўлиб кетишига хавф қолмади. Оятдаги халифалик эса Аллоҳга ўринбосар бўлиш маъносида келган бўлиб, у то қиёматгача довом этиши мумкин. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни Ер юзига халифа қилди, яъни уни обод қилиш вазифасини инсон зотига топширди. Қайси қавм инсон шаънига номуносиб иш тутса, ерда фисқу-фасод қилса, Аллоҳнинг уларга юклаган вазифасини адо этмаса, у ҳолда Парвардигор уларнинг ўрнига ер юзини обод қилиб яшайдиган бошқа бир қавмни келтиришини айтган. Ҳизбчилар далил қилаётган юқоридаги оятда Аллоҳ таоло: сизлар «Ҳизбут-таҳрир”га кирсангизлар халифа қиламан демаяпти, балки сизлар имон келтирсангизлар, яхши амаллар қилсангизлар Ерда ҳукмрон қиламан, деб ваъда беряпти. Яхши амал бу намоз, рўза, закот ва ҳаждир. Шуларни қилинглар, бировни алдаманглар, ҳалол бўлинглар, ўғирлик қилманглар, деди. Халифа қилиб қўяман, дегани ҳизбчилар тушунганидек халифалик ўрнатиб қўяман дегани эмас. Ҳамма ҳалол бўлса, ибодатни холис қилса, муомалада бировни алдамаса, ана шу жой номи қандай бўлишидан қатъий назар, мусулмонобод бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳам Аллоҳнинг рисолатини инсонларга етказишда ҳокимиятга эришишни асосий мақсад қилмадилар. Ҳолбуки, агар пайғамбар бўлишларининг мазмуни ҳокимият учун кураш бўлганида, пайғамбарликнинг аввалги йилларининг ўзидаёқ бунга эришган бўлар эдилар. Чунки, Макка зодагонларининг ўзлари у зотга даъватларини тўхташиш эвазига Макка шаҳри ҳокимлигини таклиф қилишган эди. Пайғамбар алайҳиссалом эса ундай қилмадилар, балки: “Улар менга подшоҳ бўлишни ваъда қилибдилар, агар улар ўнг елкамга қуёшни, чап елкамга ойни қўндириб қўйсалар ҳам мен: “Ла илаҳа иллаллоҳ”дан қайтмайман. Менга уларнинг подшоҳлиги керак эмас», дедилар.
Аллоҳ ва Унинг расули ҳам имон келтиришга ва солиҳ амалларни қилишга чақирганлар. Хеч бирлари халифалик қуринглар, Ислом давлати қуринглар, кейин ҳамма ишни қиласизлар, демаганлар. Ҳақиқатан ҳам, яхши амаллар қилсак, ҳалол, пок бўлсак Ислом тараққий топаверади, мусулмончиликка ҳавас ортаверади. Лекин, агар мусулмонлар турли фирқаларга бўлинсалар, уруш-жанжал қилсалар мусулмонларнинг эмас, балки Исломнинг шаънига доғ тушади. Ҳозир Ислом ниқоби остида чиқаётган фирқаларнинг мақсади Исломнинг номини булғаш, ёшларни шу фирқаларга киргизиб, йўлдан уриш ва қамоқхоналарга тиқишдир. Минг афсуслар бўлсинки, улар ўзларининг бу қора мақсадларига эришяптилар.
“Ҳизбут-таҳрир” аъзолари ўз йўлларини тўғри эканлигини исботлаш мақсадида яна, Қуръондан Оли Имрон сурасининг 104-оятини келтиришади ва ундаги «Сизлардан бир уммат бўлсин” буйруғининг маъносини ўзгартириб: Аллоҳ таоло сизлардан ҳизб бўлсин демоқда, дейишади.
Биз айтамизки, оятдаги “уммат”дан мурод уламолар жамоасидир. Имом деган сўз “уммат” сўзидан келиб чиққан бўлиб, унинг вазифаси ўз қавмини Қуръон талимотига чақириш, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтаришдир. Алҳамдулиллоҳ, мана, олтмиш йилдирки, бизнинг юртимизда бундай жамоат Диний идора сифатида фаолият юритиб келмоқда. “Ҳизбут-таҳрир“ оқими мазкур оятни бузиб талқин қилиб, ўша жамоат бизмиз, дейдилар. Лекин, амри-маъруф, наҳй-мункар қилишга илмлари етмаслигини билмайдилар. Улар инсонларни яхшиликка буюраётганлари ҳам, ёмонликдан қайтараётганлари ҳам йўқ, балки, мусулмонлар ўртасига фитна ва адоват солмоқдалар. Ачинарли томони шундаки, ҳизбчилар ўз мақсадларини амалга ошириш йўлида ёшлар ва аёлларимиздан қурол сифатида фойдаланмоқдалар.
Ҳизбчилар ўзларича: “Ҳизбут-таҳрир” бир жамоатдир, у бир мужтаҳиднинг, яъни Тақийюддин Набахонийнинг ижтиҳодидир. Унга хоҳлаган одам кириши мумкин, деб даъво қиладилар. Лекин, ҳизб аъзоларидан бирортаси ҳақиқатни тушуниб қолиб, ҳизбдан чиқса, уни диндан қайтди, муртад бўлди, деб эълон қиладилар.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳизбга асосан диннинг ҳақиқатидан бехабар, диний илмлардан йироқ бўлган ёшлар кириб кетганлар. Бироқ, улар ўзларининг илмсиз эканликларини тан олмайдилар, уларга диннинг ҳақиқати тушунтирилса тушунишни хоҳламайдилар. Асарларда келтирилишича: 
Яъни:“Кишилар тўрт хил бўлади: Биринчиси, ҳамма нарсани билади ва билишлигини ўзи ҳам билади. У киши олимдир, унга эргашмоқ зарур. Иккинчиси, билади, лекин билишлигини ўзи билмайди. У гўё уйқуда ётибди, уни уйғотмоқ керак. Учинчиси, ҳеч нарсани билмайди ва билмаслигини ўзи ҳам билади. У жоҳилдир, унга ўргатиш зарур. Тўртинчиси, ҳеч нарсани билмайди ва ҳеч нарсани билмаслигини ўзи ҳам билмайди. У аҳмоқдир, ундан қочиш керак”, дейилган. Ҳизбчилар айнан тўртинчи тоифадаги кишиларга ўхшайдилар. Уларни тўғри йўлга солишга қанчалик урунилмасин, буни тўғри қабул қилмайдилар. Исо алайҳиссалом айтган эканлар: “Мен, Аллоҳнинг изни билан қанчадан-қанча беморларни даволадим, кўрларнинг кўзини очдим, ўликларни тирилтирдим. Аммо, аҳмоқларни йўлга сола олмадим”.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 159-оятида турли ҳизб ва гуруҳларга бўлинганлар ҳеч нарсага арзимаслиги, яъни уларнинг ишлари адашувдан бошқа нарса эмаслигини айтган. 
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, Аллоҳ таоло инсонларга динни уларни қийнаш ёки азоблаш учун эмас балки, дунёда Аллоҳни таниб, ҳалол ва пок ҳамда хотиржам ҳаёт кечиришлари учун нозил қилган. Исломни шиор қилиб олган фирқаларнинг ўзларига эргашган гумроҳларни дунё ҳаётидан бездириб, уларни одамлардек яшашдан чалғитишлари, дин шунга буюрган, деб турли бузғунчиликлар қилишга ундашлари, ўзгаларнинг ҳаётига хавф солишлари Ислом таълимотига асло тўғри келмайди.
 
А.Ганжиев
Ғузор туман бош имом хатиби