Кийим – инсон зийнати. У киши маънавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг ёрқин кўзгусидир. Ҳар бир халқнинг ўзига хос ўлмас анъаналари, қадриятлари бор. Ўзбек халқи ўзининг асрлар оша қадрланиб келинаётган миллий либослари билан ҳам бутун дунёга довруғ таратган.
Кийимга бўлган эътибор барча миллат ва элат ҳамда дин вакилларида ўзига хос аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ҳар бир миллат ва элатни ҳамда дин вакилларининг ўзларига хос ва муносиб кийимлари борки, бу кийимлар уларнинг миллий ёки диний кийимларига айланиб улгурган. Уларни миллатлари ва динларини ана шу кийимларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бизларнинг ҳам ўзимизга хос ва шариатимиз аҳкомларига мувофиқ келадиган миллий кийимларимиз, дўппиларимиз албатта бор. Лекин ҳозирги кунимизда дунё миқёсида барча миллатларда ўзининг миллийлиги ва маънавиятини унутишлик ёки уларга эътибор бермаслик, тўғрироғи оёқ ости қилишлик иллати кучайиб, кенг тарқалиб бораётгани каби бизларнинг миллатимиз вакилларида ҳам (асосан ёшларларда) ҳудди шундай иллат кенг ёйилмоқмоқда.
Тарихда момолариздан бирорталари енги ва этаги калта кийимларда, ҳатто бошида рўмоли йўқ бўлган ҳолда юрганларини кўрганлар борми? Албатта йўқ! Нафақат аёллар балки эркакларга ҳам тарихимизда калта-култа кийиниш, ҳатто бошяланг юришлик одат бўлмаган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Белингда белбоғинг, бошингда дўппинг борми?” деган нақл пайдо бўлган бўлса ажаб эмас. Зотан эркакларнинг ор номуси уларнинг лафзи ҳалоллиги ва мардликлари мазкур нақл билан ифодаланган.
Шайх Шаъбий айтади: “Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий”.
Аллоҳ таоло: “Ҳар намозда зийнатланиб олинг!” деган. Шунинг учун намоз ўқиш олдидан зийнатли кийимларни кийиб олиш мустаҳаб саналиб, эски кийимларда намоз ўқиш макруҳ саналади. Одатда дўппи кийиш зийнат ҳисобланган жойларда уни тарк қилиш макруҳ саналади. Азалдан мусулмонлар салла ва дўппи кийишни зийнат деб билганлар. Шунинг учун фиқҳий китобларимизда бошяланг намоз ўқишни макруҳ деганлар. Агар кепкаларни ҳам тескари қилиб олиш тарки зийнат бўлиб, одамлар олдида ундай қилишдан уялса, намозда ҳам ундай қилиб олиш макруҳ саналади.
Набий алайҳиссалом, саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган барча улуғлар бош кийим билан намоз ўқиганлар. Бош кийимсиз намоз ўқиш, бош кийими киймайдиганларга аралашилгандан кейин, яқинда пайдо бўлди.
Саҳобаи киромларнинг дўппилари бошга ёпишиб турадиган дўппилар бўлган экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар доимо саллалик ёки дўппилик бўлиб юрганлар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмонларнинг вакиллари бўлмиш ҳар бир миллат ва элатлар ўз миллат ва юртларида одат бўлган суннатга хилоф бўлмайдирган бош кийим билан юрмоқликлари фазилатлидир.
Миллатларнинг кийимларидаги ўзига хосликлардан яна бири, миллатлар яшаётган маконлар иқлимига ҳам боғлиқ. Иссиқ ўлкалар халқлари юпқа ва кенг-мўл кийимлар кийса, совуқ ўлкалар аҳолиси қалин ва қават-қават кийинади.
Кийими доғ-дуғ ёки кир-чир бўлган кишини учратса унга: “Анди бўлсанг ҳам ганди бўлма”, дея дакки берган.
Бугун маданият ва қадриятлар глобаллашуви либосларга ҳам маълум бир маънода ўз таъсирини ўтказаётганини ачинарлидир. Айримлар ўзи идеал деб билган инсонларга ёхуд машҳур кишиларга тақлид қилиб кийинадилар.
Аслида, қандай кийим кийиш ҳар бир инсоннинг шахсий иши. Лекин, бу борада “оммавий маданият” таъсирига берилиш, бошқа миллат вакилларига тақлид қилиш миллийлигимизга умуман тўғри келмайди. Кийим танлаш борасида аввало, меъёрни унутмай, аллақандай қоп-қора рангли кийимларни киймасдан тоза, озода, ярашган либосларни кийишимиз керак.
Кийим инсон танасини бегона назардан, совуқдан, иссиқдан тўсиш учун кийилади. Ҳарҳолда, оломон маданияти кийиниш маданиятини чилпарчин қилиб ташлагунга қадар шу тушунча асосида кийинилар эди. Инсонларнинг қайси динга мансуб экани ибодатида кўрингани каби қайси миллатга мансублиги кийимида ўз ифодасини топарди. Масалан, ҳеч қайси миллатнинг бош кийими ўзбекнинг дўпписига ўхшамайди. Шунинг учун бошига дўппи кийган одамни дунёнинг қайси томонида учратсангиз ҳам “бу ўзбек” дейсиз. Бизлар бугунги кунда ўзгаларни улуғлаб ўзимизни камситдик. Бирон бир миллат вакили бизнинг асрлардан буён ўтиб келаётган ва кийганга ниҳоятда ярашадиган миллий дўппиларимизни кийганини кўрмаймизку? Нега бизлар тўғри келган миллатларнинг кийимларини кийиб юраверишимиз керак? Миллий ғурур, қадриятларга ҳурмат, миллий ифтихор туйғулари қаерда қоляпти.
Агар ҳар бир инсон ўз юртининг тарихидан, маънавий қадриятларидан ғурурланмаса, Ватанини ёмон ниятлардан асраш учун ўзини аяса, миллий либосларидан фахр туйғусини туймаса бундай жамиятнинг келажаги қандай ҳолатда бўлади?
М. Қораев – Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби