Юртимиз мустақиллика эришгач, хавфсизликни таъминлаш вазифаси долзарб аҳамият касб эта борди. Чунки дунё майдонида терроризм ва ақидапарастлик оқими, буюк давлат шовинизми каби ёвуз ниятни кўзловчи оқимлар ўзга давлатларнинг ривожланишига таҳдид солиш ва бу орқали дунёга ҳукмронликка эришишга интилмоқда. Жаҳон миқёсида инсон онги ва қалби учун кураш шиддат билан давом этмоқда. Айни пайтда ақидапарастлик, фундаментализм, экстремизм, терроризм каби иллатларнинг олдини олишда ислом дини манбалари, алломаларимиз қолдирган асарлар алоҳида ўрин эгаллайди. Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда Қуръон карим, ҳадис шарифлар, алломаларимизнинг ҳикматли сўзларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Алломаларимиз яратган бой илмий, диний-маърифий мерос таркибида тафсирлар, айниқса, ҳанафий мазҳаби уламолари томонидан ёзилган илмий тафсирларнинг аҳамияти беқиёс. Бу борада Мовароуннаҳр муфассирларининг тафсир илмида тутган ўрнини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки, уларнинг Қуръонга ёзилган шарҳларида иккита муҳим омил устувор ҳисобланган:
Биринчидан, Қуръонга қилинган Муҳаммад (с.а.в.), саҳобий ва тобиийларнинг шарҳлари, умуман, Қуръони карим билан боғлиқ бўлган тарқоқ ривоятларни жамлаб, Қуръонни имкон қадар муфассал тадқиқ этиб, шарҳлаш;
Иккинчидан, асл ислом моҳиятидан узилган турли ақидавий оқимларнинг фикр ва ғояларига илмий асосланган раддиялар беришда Қуръонни бош манба сифатида истифода этиб, ақидавий оятлар, фиқҳий масалаларни янада кенгроқ ёритиб бериш.
Шунинг учун бу асарлар ҳозирги даврда ҳам дунёнинг турли бурчакларида ўзларини “асл ислом ҳомийлари” сифатида кўрсатаётган турли диний экстремистик оқимларнинг сохта ғояларига илмий раддия беришда муҳим аҳамият касб этади.
Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Алоуддин ас-Самарқандийларнинг асарларида ўз давридаги мавжуд оқимларга илмий раддиялар берилган, ақидавий масалаларга доир оятларга эса, суннийлик йўналишига мос тарзда ечимлар келтирилган. Шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам, уларнинг асарлари тафсиршуносликнинг ҳанафийлик йўналиши бўйича нодир манбалардан ҳисобланади.
Абдулло Алимахмадов,
Китоб туманидаги “Санам” жоме масжиди имом-хатиби