Албатта, мўмин-мусулмон барча нарсага эътиборли бўлади. Шу жамладан у кийиниш маданиятига риоя қилади. Мўмин-мусулмон Аллоҳ ва Унинг расули буюрганидек, иқлим шароитни ҳисобга олган ҳолда кийинади. У либослар билан авратларини беркитади, иффат-ҳаёсини ҳимоя қилади. Мўмин-мусулмон жамият одобларига зид бўлган либосларни кийинишдан сақланади. Мўмин-мусулмон учун тақво либоси жуда муҳимдир. Бу ҳақда
Аллоҳ таоло Қуръони карим” да: “Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. Тақво либоси ҳаммасидан яхшидир. Бу нарсалар эсда тутишларингиз учун Аллоҳнинг ҳужжатларидандир” (Аъроф сураси, 26-оят) дейди. Ушбу оятнинг тафсирида: “Яъни, душман сизларни жаннат либосидан маҳрум қилди. Энди сизларга дунёда қандай либосда бўлишгингизни ўргатаяпмиз. Қандай либос кийманглар, ҳамиша тақвода бўлинглар, Аллоҳдан қўрқинглар. Оят мазмунидан англашиладики, ким Аллоҳ амриларидан чекиниб, қайтариқларини инкор этиб шайтон ва нафс алдовига учса, кийимсиз, қип-ялонғоч одам ҳолатига тушади. Бундайлар ҳеч нарсадан уялмайдиган, орланмайдиган бўлиб қолади. Уят, инсоф, ор йўқолса, одам инсонликдан чиқади, илоҳий раҳмат ва мағфиратдан бенасиб қолади, унинг бошқа махлуқлардан фарқи бўлмайди”дейилади.
Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб, шариатимизга хилоф либослар кийишдан сақланиб, кийиниш маданиятига риоя қилайлик!
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими