Ҳозирги пайтда “таблиғчилар” деган тоифалар баъзи жойларда иш олиб бормоқдалар. Хўш, “таблиғчилар2 ким?
Луғавий жиҳатдан "Таблиғ"сўзи арабча сўз бўлиб, у “етказиш”деган маънони англатади. “Таблиғчилар” ўзларини гўёки , диний даъватни етказадиган, Аллоҳ таолонинг каломини одамларга етказадиган тоифалар ҳисоблайдилар.
Маълумотларга кўра, “Таблиғчилар” Ислом байроғи остида фаолият кўрсатадиган, аммо ислом дини асосларини бузадиган диний ҳаракат ҳисобланади.
Бу ҳаракатга Муҳаммад Илёс Кандеҳлавий (1885-1944) исмли шахс тамонидан 1927 йилда шимолий Ҳиндистоннинг Меват шаҳрида асос солинган. Ҳаракатнинг бошида кўрсатмалари барча учун мажбурий бўлган амир (зиммадор ҳам дейилади) туради. Таблиғчиларнинг энг кичик гуруҳи 10 кишидан иборат бўлиб, унга ҳам амир раҳбарлик қилади. У кенгаш ёки тегишли гуруҳнинг тавсияси билан тайинланади.
Ҳаракат таълимоти Муҳаммад Илёс томонидан ишлаб чиқилган "Оти устувор тамойил"да ўз ифодасини топган. Шундан келиб чиқиб, "таблиғ" вакиллари Исломнинг беш аркони ўрнига ўзлари ўйлаб топган олти арконга эргашишни даъват қилади. Бу тамойилларни ҳар бир инсон онгига бор ҳолича сингдириш лозим, деб ҳисоблашади. Бу олти аркон имон, намоз, илм ва зикр, ният ва ихлос, мусулмонларга ёрдам кўрсатиш, тафриғул вақт тамойилларидан иборат.
Таблиғчиларнинг фикрича, мазкур тамойилларга амал қилган кишилар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эришар эмиш. Юзаки қараганда бу тамойилларнинг ислом асосларига, шунингдек, ҳанафий мазҳаби таълимотига зидлиги кўзга ташланмайди. Аммо улар "Саодат калити" деб биладиган тамойиллар теран назар билан, соғлом ақида билан таҳлил қилинса, таблиғчилар ислом асосларини зимдан емиришга уринаётганини англаш қийин эмас.
"Таблиғчилар" оқимининг мазкур олти тамойилига раддия сифатида қуйидаги ҳадисни мисол қилиб келтириб ўтамиз. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий, Имом Муслим, Термизий ва Насоийлар ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салллам: "Ислом беш нарсага бино қилингандир, "Ла илаҳа иллалоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ" деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш", деганлар", дейилади. Ислом уламолари; "Ҳадисда зикр қилинган беш нарса, ҳар бир мусулмонлар шахсан ўзи бажариши лозим бўлган фарзлардир. Бу ҳадисдан ислом айнан ушбу беш арконга бино қилинганлиги ва ундан бошқасига бино қилиш мумкин эмаслиги маълум бўлмоқда", деганлар.
Демак, таблиғчилар ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш йўлида исломнинг ўзгармас тамойилларини нотўғри талқин қилишгача етиб бормоқдалар.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими