Динимизни ўрганамиз
Қуръон ва ҳадис Ислом динининг асосини ташкил қиладиган икки муҳим манбадир. Шу билан бирга, улар ажралмас, яхлитдир. Худди “Ла илаҳа иллаллоҳ”дан “Муҳаммадур расулуллоҳ” ажралмагани каби, суннат ҳам Қуръондан айро тутилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръонни баён қилиш (шарҳлаш) вазифаси ҳам юкланган. Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки вазифаси бўлган:
1. Таблиғ (Қуръон оятларини башариятга етказиш).
2. Табйин (Қуръон оятларини баён этиш, тафсир қилиш).
Гарчи ваҳийда сўзма-сўз айтилмаган бўлса-да, ҳадиси шарифлар Қуръоннинг тафсиридир.
Усул олимлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг табйин (баён этиш) вазифаси, яъни суннатларини иккига бўлишган:
Биринчи тоифадаги суннатлар Қуръони каримдаги маъноси мураккаб, яширин бўлган оятларни шарҳлаб, тушуниладиган, татбиқ этиладиган ҳолга келтиради. Иккинчи тоифага кирувчи суннатлар Қуръонда акс этмаган, аммо Исломни янада осон, комил қиладиган ҳукм ва одобларни акс эттиради. Шундан билиш мумкинки, Қуръондан бирон ҳукм чиқариш учун суннатга, ҳадисларга мурожаат қилиш шарт. Зеро, Қуръон умумий доирасини, чегарасини кўрсатган кўп масалалар ҳадислар орқали ечилади. Мисоллар:
1. Қуръонда намоз ўқиш буюрилган. Аммо унинг бошланиш, тугаш вақтлари, ракатлари, рукнлари, умуман, қандай адо этилиши айтилмаган.
2. Қуръонда закот амри бор. Аммо уни кимлар бериши, қачон бериши, қайси молдан қанча закот чиқариши ҳақида айтилмаган.
3. Ҳаж қилиш буюрилган. Аммо унинг рукнлари ҳақида атрофлича айтилмаган.
4. Қуръонда ўғрининг қўлини кесиш буюрилган. Аммо агар суннат бўлмаганда ҳозир товуқ катагидан тухум олган боланинг ҳам қўлини кесган бўлар эдик...
Демак, хоҳ ибодатларда бўлсин, хоҳ сиёсий, ижтимоий, иқтисодий жабҳаларда бўлсин, бир ҳукм, кўрсатма, яхлит тушунча ҳосил қилиш учун албатта ҳадисга мурожаат қилиш лозим.
Шу боис, араб тилини мукаммал билган саҳобалар ҳам нозил қилинган оятлар ҳақида ҳукм айтишдан қочишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уларни шарҳлаб беришини сўрашган.
Қуръоннинг татбиқи
Қуръонни ҳаётга татбиқ этган зот Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. У зотнинг ҳаётлари, тутуми, чақириқ ва қайтариқларида Каломуллоҳнинг татбиқини кўрамиз. Бу татбиқот эътиқод, ибодат, ахлоқ, сиёсат сингари ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Бизнинг вазифамиз эса ҳар ишда у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдир.
Ояти карима: “Айтинг (эй Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз...” (Оли Имрон сураси 31-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш у зотнинг суннатларига амал қилиш Қуръонга амал қилиш деганидир. Зеро, у зотнинг айтган, қилган, буюрганлари фарз, вожиб, суннат ўлароқ шариатнинг барча ҳукмларини ўз ичига олади. Суннат (ҳадис) Аллоҳнинг розилигига уйғун келиш жиҳатидан ваҳий (оят) сингари шаръий қийматга эга. Зеро, ҳадис оятга таянади. Яъни, суннат (ҳадис) ваҳий (оят)нинг Қуръонда ёзилмаган қисмидир.
Пайғамбарга итоат Аллоҳга итоатдир
Ояти карима: “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди” (Нисо сураси, 80-оят).
Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таблиғ қилган нарса ҳам, Аллоҳнинг амри ҳам Қуръондир. Демак, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашса, амрларига амал қилиб, қайтариқларидан қайтса Аллоҳга, Қуръонга итоат қилган бўлади. Пайғамбарга исён қилган эса Аллоҳга исён қилган кабидир.
Пайғамбарнинг ҳукми
Ояти карима: “Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром санамайдиган...” (Тавба сураси, 29-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирганлар: “Диққат қилинг! Расулуллоҳ ҳаром қилган нарса Аллоҳ ҳаром қилган нарса кабидир” (Ибн Можа ривояти).
Ояти карима ва ҳадиси шарифдан ҳам биламизки, Қуръонда очиқ ҳукми келтирилмаган масалаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари ила фарз, вожиб, суннат, ҳалол, ҳаром, макруҳ, мустаҳаб, дея ҳукм чиқарган. Бунга лаёқатни эса Қуръоннинг ўта нафис ишоралари ёки ваҳий орқали олганлар.
“Сизларга икки нарса қолдирдим”
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Сизларга икки нарса қолдирдим. Уларни маҳкам тутсангиз асло адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Суннатим” (Имом Молик ривояти).
Эътибор қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “сизларга бир нарса (Қуръон) қолдирдим”, демадилар. Балки “икки нарса қолдирдим” дедилар. Демак, Қуръон билан суннат ҳеч замонда бир-биридан айро эмас. Бундай қилиш йўлдан адашишдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен буюрган ё қайтарган бир нарса сизларга гапирилганда асло ёстиғингизга ёнбошлаганча: “Биз Қуръондан топганимизга амал қиламиз” дея кўрманг...” (Имом Термизий ривояти) деб бежиз огоҳлантирмаганлар.
Бу далиллар Қуръон ва суннат яхлит экани, уларни бир-биридан айириш асло мумкин эмаслигини кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай деганлар: “Суннатни маҳкам тутиб, бидъатга эргашиб кетмаганларга хушхабар бўлсин”(Абу Нуайм ривояти).
"Чим" жоме масжиди имом хатиби Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ тайёрлади