Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт ва бегона бўлга турли хил хуружлар, ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли интилишлар тоборо кучайиб бораётганлиги барчамизни янада хушёр ва огоҳ бўлишга даъват этади. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик иллатидан ва турли ҳалокатлардан ҳамда биз учун ёт бўлган экстеримистик таъсирлардан, тубан “оммавий маданият” хуружлардан ҳимоя қилишимиз учун маънавий – маърифий, мафкуравий тарғибот ишларининг самарасини оширишимиз зарур.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқида ёш авлод тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. "Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан"[1], дея таъкидлади.
Глобал ўзгаришлар авж олган айни бугунги кунда ёшлар диний тарбиясига бўлган эҳтиёж ҳам тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон мустақиллик мақомини олгандан буён юксак даражада тараққий этиш йўлида экан, диний эътиқод эркинлиги ёшларнинг билими, дунёқараши ва тарбиясида алоҳида ўрин тутаётгани барчага аёндир. Зеро, фарзандларимизнинг шахс сифатида камол топишида иймон-эътиқоднинг мустаҳкам бўлиши муҳим албатта. Буни юртбошимизнинг қуйидаги сўзлари тасдиқлаб турибди: “Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади”[2].
Қуръони Каримда ўргатилган сабрли, саботли бўлиш, ҳақиқатга етиш йўлида ёмонликни йўқотиш, қийинчиликларга бардош бериш, одамларнинг озорларига чидаш, камбағаллик, касаллик ва яқин кишисини йўқотиш каби мусибатларга чидашдан иборатдир.
Муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимоти комил инсон тарбиясига қаратилгандир. Инсоннинг жисмонан, ақлан ва руҳан камолотга етишмоғида ислом дини таълимотининг ўрни нақадар юксакдир. Пайғамбаримиз (а.с.) Ўзларининг муборак ҳадисларида ушбуни баён қилиб айтганларки: “Мен инсониятга тамомий ахлоқни ўргатиш учун юборилганман”. Ҳақиқатан ҳам, ислом дини асослари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсонларни гўзал одоб ва ахлоққа чақирувчи, ҳушхулқлик энг олий фазилат эканлиги ҳақидаги таълимотлар кенг ўрин олган. Жумладан, Қуръони каримда шундай дейилади:
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади ва фахшу мункар ишлардан ҳамда зулмкорликдан қайтарур...” (Наҳл,90),
قُلْ تَعَالَوْا۟ أَتْلُ مَا حَرَّمَ رَبُّكُمْ عَلَيْكُمْ ۖ أَلَّا تُشْرِكُوا۟ بِهِۦ شَيْـًۭٔا ۖ وَبِٱلْوَٰلِدَيْنِ إِحْسَـٰنًۭا ۖ وَلَا تَقْتُلُوٓا۟ أَوْلَـٰدَكُم مِّنْ إِمْلَـٰقٍۢ ۖ نَّحْنُ نَرْزُقُكُمْ وَإِيَّاهُمْ ۖ وَلَا تَقْرَبُوا۟ ٱلْفَوَٰحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ ۖ وَلَا تَقْتُلُوا۟ ٱلنَّفْسَ ٱلَّتِى حَرَّمَ ٱللَّهُ إِلَّا بِٱلْحَقِّ ۚ ذَٰلِكُمْ وَصَّىٰكُم بِهِۦ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ ١٥١وَلَا تَقْرَبُوا۟ مَالَ ٱلْيَتِيمِ إِلَّا بِٱلَّتِى هِىَ أَحْسَنُ حَتَّىٰ يَبْلُغَ أَشُدَّهُۥ ۖ وَأَوْفُوا۟ ٱلْكَيْلَ وَٱلْمِيزَانَ بِٱلْقِسْطِ ۖ لَا نُكَلِّفُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا ۖ وَإِذَا قُلْتُمْ فَٱعْدِلُوا۟ وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَىٰ ۖ وَبِعَهْدِ ٱللَّهِ أَوْفُوا۟ ۚ ذَٰلِكُمْ وَصَّىٰكُم بِهِۦ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ ١٥٢
“Келинг, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш-бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг... Етимлар молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли. Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг. Биз ҳеч жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмаймиз. Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам адолат билан гапиринг...” (Анъом, 151-152).
وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِن صَوْتِكَ ...
“Одамлардан такаббурланиб юз ўгирма ва ер юзида кибру ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир...” (Луқмон, 18-19). Пайғамбаримиз (а.с.) ҳам қатор ҳадисларида ҳушхулқликни мадҳ этадилар. Ҳадисларининг бирида: “Менга энг маҳбуброғингиз ва охиратда Менга энг яқинроғингиз ахлоқи гўзалроғингиздур”, деган бўлсалар, бошқа ҳадисда: “Ислом динида энг яхшингиз ахлоқи гўзалроғингиздир”, деб марҳамат қилганлар.
Албатта, гўзал ахлоқ ва одоб инсоннинг ёшлигидан балки, болалигидан шаклланиб бормоғи лозим. Шунинг учун ҳам ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Амр ибн Абу Салама (р.а) айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ менга: Эй, бола! Аввал, бисмиллоҳни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни олдингдан олиб егин, деб ўргатдилар”.
Дарҳақиқат, ёшларда одоб ва ахлоқ тамойилларининг шаклланишида ислом динининг тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, ислом дини одоб ва ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратади.
Солихон Сулаймонов,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти битирувчиси
[1] Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 июндаги "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқидан
[2] Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. - Тошкент: “Ўзбекистон”, 2018. 1-жилд. – 530-бет.