Қуръони Карим Ислом динининг абадий мўъжиз манбаидир
7026
3-06-2022, 16:06
567
Ўқиш режими
+
-
Қуръони Карим Ислом динининг абадий мўъжиз манбаи бўлиб, бирор нарса мўъжизакорлик борасида ундан олдин вужудга келмаган. Аллоҳ таоло Расулуллоҳга кишиларни зулумат ботқоғидан иймон нурига чиқариш, тўғри йўлга бошлаш учун Қуръонни нозил қилди. Расулуллоҳ Қуръон оятларини саҳобаларига етказдилар. Улар ушбу оятларни англаб олар, агар бирор оятга тушинмай қолсалар, уни дарҳол Расулуллоҳдан сўраб билиб олишар эди.
“Улумул Қуръон” илми соҳиблари Қуръони Каримни қуйидагича таърифлайдилар: “Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотир ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган ожиз қолдирувчи каломидир”.[1]
Ушбу таърифни яхши тушиниб етишимиз учун бироз шарҳлашга тўғри келади. “Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган”, деган. Жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилмаган Забур, Таврот ва Инжилга ўхшаш ваҳийлари Қуръони Карим бўлмаслиги келиб чиқади.
Қуръон Аллоҳ таолонинг барча инсониятга юборган рисолатидир. Қуръон ва суннатда бунга далолат қилувчи мутавотир далиллар мавжуд. Аъроф сурасининг 158-оятида: “Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, самовот ва ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига — Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз— шояд ҳидоят топурсиз!”, дейилган. Фурқон сурасининг 1-оятида: “Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитгувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли – Буюкдир”, дейилган. Икки саҳиҳда келган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “…Ҳар бир набий хос бир қавмга юборилса, мен барча инсониятга набий қилиб юборилдим”, деганлар. Расулуллоҳ алайҳиссалом рисолатларидан кейин бирор рисолат ҳаргиз келмагай. Бу борада Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 40-оятида: “Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган зотдир”, деган.
Қуръон инсоният ҳаётидаги барча талабларни самовий динларнинг энг биринчи асосларига кўра олиб келишида ҳеч қандай ҳайратланадиган жойи йўқ.[2]
Бу ҳақда Шўро сурасининг 13-оятида: “Эй мўминлар, (Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани – шариат – (қонун) қилди,— «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!”, дейилган.
Расулуллоҳ алайҳиссалом арабларни уларнинг тилида туширилган Қуръонга чақирдилар. Ваҳоланки, улар фасоҳат ва баён аҳли бўлишларига қарамай, Қуръонга ўхшаш бирор китоб, унинг ўнта сура ёки битта бўлсада сура олиб келишга қудратлари етмади. Шундай экан мўъжизакорлик фақат Қуръонга хос, унинг мўъжизакорлиги билан рисолат собит бўлди.
Қуръон ушбу хусусиятлари билан инсоният ҳаётидаги барча мушкилотларни ҳакимларча муолажа қилади. Бу мушкилотлар хоҳ руҳ, ақл ва баданга тегишли бўлсин, хоҳ жамият, иқтисод ва сиёсатга тегишли бўлсин. Чунки у Ҳаким ва Ҳамиднинг каломидир. У умумий асосларга кўра ҳар бир мушкилотга ўз малҳамини қўяди. Инсоният қадамини унинг чизгисига қараб босади. Кишилар ҳар бир асрда унинг дастурига қараб ўз тараққиёт биносини қуради. Ҳар замон ва ҳар маконда ўз салоҳиятини ундан ўрганади. У абадият динидир.
Абдулхайиров Зайниддин,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти битирувчиси
[1] Қуръон илмлари. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол-нашр”. Тошкент – 2019. 67 б.
[2] Ҳадис ва Ҳаёт. 30-жуз. Қуръон фазилатлари китоби. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол-нашр”. Тошкент – 2019. 142 б.