Ўзининг илоҳий китоби бўлган Қуръони Каримни барча илмларга асос солган ва Қуръони Каримга хос илмларни жорий қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмас тугамас ҳамду санолар бўлсин!
Қуръони Каримни Роббидан қабул қилиб, умматга омонат билан етказган ва Қуръон илмларига асос солган Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаламга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин!
Қуръон ва унинг илмлари Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаламдан қабул қилиб, кейинги авлодларга етказган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!
إِنَّا نَحۡنُ نَزَّلۡنَا ٱلذِّكۡرَ وَإِنَّا لَهُۥ لَحَٰفِظُونَ
“Албатта, бу зикрни ( яъни Қуръонни ) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз”, дея марҳамат қилган Аллоҳга беадад шукурларимиз бўлсин!!!
Қуръони карим бизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан машҳур ўнта қори қироати орқали етиб келган. Бу қироатларнинг саҳиҳлигига бутун уммат ижмо қилган. Булардан бошқа қироатлар ҳам бўлиб, улар шоз қироатлар туркумига киради.[1] Ўз навбатида саҳобаи киромлар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида қабул қилиб олар эдилар. Аста-секин саҳобаи киромларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошлади. Улар бошқа саҳобаи киромларга Қуръони Карим қироатидан дарс ҳам берадиган бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида кўплаб саҳобалар қироат илмида пешқадам бўлдилар. Имом Заҳабий “Табақот ал-кубро” асарида шундай дейди: “Саҳобалардан Қуръон ўқитишда энг машҳурлари еттитадир. Улар Усмон, Алий, Убай, Зайд ибн Собит, Ибн Масъуд, Абу Дардо, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумдир. Масалан, Убай розияллоҳу анҳудан бир қанча саҳобийлар Қуръон қироатини ўрганишган. Жумладан, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб розияллоҳу анҳу шулар қаторига кирадилар. Ибн Аббос шунингдек Зайддан ҳам қироатни ўрганган”.
Ўша даврда ишончли, омонатдор, умри давомида қироатни ўрганиш ва ўргатишни маҳкам ушлаган, ҳамма ундан ишонч билан таълим олган, санади Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга узлуксиз силсила билан боғланган, қироат илмида машҳур бўлган умумий ўнта қироат имомларининг қироатлари мутавотир эканига уламолар иттифоқ қилдилар.
Биринчи имом: Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм. Мадина қироат мактаби устозларидан. Асли Исфаҳонлик, лекин Мадинада машҳур бўлган.
У кишининг икки ровийлари: Абу Мусо Исо ибн Мино ибн Вардан ибн Исо Маданий. Лақаби Колун бўлган.Абу Саъид Усмон ибн Саъид ибн Абдуллоҳ ибн Амр Мисрий.
Ривоят қилишларича етмишдан ортиқ тобеинлардан қироат илмини ўрганган. Жумладан, Абдураҳмон ибн Ҳурмуз ал- Аърож, Абу Жаъфар Язид ибн Румон, Муслим ибн Жундуб, Абу Зинод, Муҳаммад ибн Шиҳоб аз- Зуҳрий ва бошқалар.
Имом Нофеъ ўлими яқинлашганда, фарзандалари: “Бизга васият қилинг” дейишди. Шунда:
( ...فَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَأَصۡلِحُواْ ذَاتَ بَيۡنِكُمۡۖ وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥٓ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِين)
“..Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингиз!”[2] оятини ўқиди. Нофеъ ал-Маданий роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 169 йилда Мадинада вафот этди.
Иккинчи имом: Абу Маъбад Абдуллоҳ ибн Касир ал–Дорий ал-Маккий. Ад-Дорий дейилишига сабаб у аттор бўлган. Араблар атторларни “ад-дорий” деб аташар эди. Асли Форс. Ҳижрий 45 йил Маккада таваллуд тонган.
Мужоҳид ибн Жабрдан сўнг ҳижрий 103 йилдан эътиборан Макканинг қироат устозига айланган. Воиз, тақводор, муҳтарам киши. Иккинчи табақадаги тобеинлардан. Маккадаги жамоатининг қозиси бўлган. Унинг қироати “ипак қироат” деб аташар эди.
У кишининг икки ровийлари: Абул Ҳасан Аҳмад ибн Муҳаммад ибн абдуллоҳ ибн ал-Қосим ибн Нофеъ ибн Абу Базза ал- Баззий ал-Маккий ва Абу Амр Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Саъид ал-Маккий ал-Маҳзумий бўлган.
Абдуллоҳ ибн Касир ҳижрий 120 йил 75 ёшида вафот этди.
Учинчи имом: Абу Амр Зайён ибн ал-Ало ибн Аммор ибн ал-Урён ат-Тамимий ал-Мозий ал-Басрий. Ҳижрий 68, бошқа ривоятларда 70 йил Маккада таваллуд топган.
Тўғрисўзлиги, тақводорлиги, ибодатгўйлиги, фасоҳатли нутқи билан машҳур бўлган, ривоятларга кўра у ҳар уч кунда Қуръонни тўлиқ хатм қилган. Тобеинлардан. Ўз замонида қироат, араб тили ва шеърият бўйича йирик намоёндаларидан саналган. Басрада қорилар имоми бўлган. [3] У кишининг икки ровийлари: Абу Умар Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз ад-Дурий. Бағдоддаги “Дур” номли жойга нисбатан ад-Дурий ва Абу Шуайб Солиҳ ибн Зайёд ибн Абдуллоҳ ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Жоруд ас-Сусий ар-Роқий бўлган.
Абу Амр ибн ал-Ало ал-Басрий ҳижрий 154 йил 86 ёшида Куфада вафот этган.
Тўртинчи имом: Абу Имрон Абдуллоҳ ибн Омир Язид ибн Тамин ибн Рабиъ ал-Яҳсубий ад-Дамашқий. Таваллуд топган куни бўйича икки фикр мавжуд: ҳижрий 21 ёки 8 йил. Шом диёри қироат имомларидан. Тобеин. Шомда қироатдан ўқитишга тайинланган. Абу Идрис ал-Хавлонийдан сўнг Дамашқ қозиси. Валид ибн Абдулмалик даври ва ундан кейинги даврда Умавий масжиди аҳлига раис бўлган.
Ибн жазарий айтади: “Шом аҳолисининг ҳаммаси 500-йилларгача Ибн Омирнинг қироатида бўлган”. Баъзи фикрларга кўра, у Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзидан ҳам Қуръон эшитган.
У кишининг икки ровийлари: Абул Валид Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр ибн Майсара ибн Абон ас-Суламий ад-Дамашқий ва Абу Амр Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон алҚураший ад-Димашқий бўлган.
Ибн Омир ал-Яҳсубий ҳижрий 118 йил Ҳишом ибн Абдумалик даврида Дамашқда вафот этган.
Бешинчи имом: Абу Бакр Осим ибн Бахдала Абу ан-Нажуд ал-Куфий. Тўғилган санаси ҳақида тўлиқ маълумот йуқ. Асли аждодлари араб эмас, балки Бану Асад қабиласининг озод қилинга қулларидан.
Етти машҳур мутавотир қироат имомларидан. Қироат ва наҳв илмида етакчи уламолардан.
У кишининг икки ровийлари: Абу Бакр Шуъба ибн Айёш ибн Солим ал-Ҳаннот ал-Асадий ал-Куфий ва Абу Амр Ҳафс ибн Сулаймон ибн ал-Муғира ал-Куфий ал-Баззоз бўлган.
Олтинчи имом: Абу Имора Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Амора ибн Исмоил ал-Куфий ат-Таймин аз-Зайёт. Ҳижрий 80 йил таваллуд топган. Саҳобалар қариган даврда улғайган. Эҳтимол уларни кўрган бўлиши ҳам мумкин.
Ҳижрий 156 йил Ҳулвон шаҳрида вафот этди.[4] У кишининг икки ровийлари: Абу Муҳаммад Халаф ибн Ҳишом ибн Саълаб ал-Бағдодий ал-Баззор ва Абу Исо Халлод ибн Холид ал-Куфий ас-Сайрафий.
Еттинчи имом: Абул Ҳасан Алий ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файруз ал-Кисоий ал-Куфий. Асли насаби Ироқлик форслардан. Куфада ҳижрий 120- йилларда таваллуд топган. Кисоий деб номланишига сабаб, Ҳамзанинг дарсларига кийимга ўраниб келиши, дейишади. Бошқа маълумотларга кўра эса либосда эҳром боғлагани учун “Кисоий” деб аташган.
Имом Кисоий ҳижрий 189 йил Рай шаҳрининг Ранбуяҳ қишлоғида вафот этган.
У кишининг икки ровийлари: Абул Ҳорис Лайс ибн Холид ал-Бағдодий ва Ҳафс ибн Умар ад-Дурий бўлган.
Саккизинчи имом: Абу Жаъфар Язид ибн ал-Қоъқоъ ал-Маданий. Буюк тобеин Мадина қироат имомларидан. Деярли бир аср қироатдан таълим берди.
Маълумотларга кўра у ёшлик чоғида Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз ҳузурларига кирганда онамиз бошини силаб, ҳаққига барака сўраб дуо қилганлар.
Имом Абу Жаъфар ҳижрий 130 йил вафот этган. [5] У кишининг икки ровийлари: Абул Ҳорис Исо ибн Вардан ал-Маданий ва Абур Рафиъ Сулаймон ибн Муслим ибн Жаммоз аз-Зуҳрий ал-Маданий бўлган.
Тўққизинчи имом: Абу Муҳаммад Ёқуб ибн Исҳоқ ибн Зайд ибн Абдуллоҳ ибн Абу ибн Абу Исҳоқ ал-Ҳадрамий ал-Басрий. Ҳижрий 117 йил Басрада таваллуд топган. Имом, Басранинг қироат устози, наҳв олими, ишончли уламолардан. Ҳижрий 205 йил вафот этди.
У кишининг икки ровийлари: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Мутаваккил ал-Луълуъ ал-Басрий ва Абул Ҳасан Руҳ ибн Абдулмуъмин ибн Абада ибн Муслим ал-Ҳузалий ал-Басрий бўлган.
Ўнинчи имом: Абу Муҳаммад Ҳалаф ибн Ҳишом ибн Саълаб ал-Бағдодий ал-Баззор. Баъзи маълумотларга кўра, унинг исми Абу Толиб ибн Ғуроб. Асли Восит[6] шаҳри яқинидаги “Фамус-силҳ” қишлоғидан. Бағдодда машхур бўлган. Имом, ҳофиз, фозил, ишончли, зоҳид, обид, кўп рўза тутувчи, доимий илм талабида юрувчи, суннатни маҳкам тутувчи, ўн ёшида Қуръони тўлиқ ёд олган, ўн уч ёшлигида илм талабини бошлаган. Ҳижрий 150 йил таваллуд топган ва ҳижрий 229 йил 80 ёшдан ўтиб вафот этган.
У кишининг икки ровийлари: Абу Ёқуб Исҳоқ мбн Иброҳим ибн Усмон ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий ва Абул Ҳасан Идрис ибн Абдулкарим ал-Ҳадод ал-Бағдодий бўлган.
Қуръон қироати байроғини ҳар бир аср ва ҳар бир даврда кўплаб Қуръон ҳодимлари кўкларга кўтарган. Шу қаторда Қуръон қироатида кўплаб имомлар ва қироат устозлари бўлган. Жумладан, қироат илми борасида Осим ибн Абунажуд ҳам қироат илмига катта ҳисса қўшган.
Асл исми Осим ибн Абунажуд ибн Баҳдала Асадий Куфий.
Қорилик ва қироат мавзуси ниҳоятда кенг мавзу бўлиб, бу ҳусусда кўплаб китоблар ёзилган. Қуроъни Карим Аллоҳ таолонинг сўзи, башариятни ҳидоятга бошлаш учун нозил бўлган илоҳий дастур, Аллоҳнинг мустаҳкам арқонидир. Аллоҳнинг ўхшаши бўлмаганидек, Унинг каломига ўхшаш калом ҳам йўқ. Маълумки, Қуръони Каримни қироат қилиш улуғ ибодат бўлиб, бунинг учун мислсиз ажру савоблар ваъда қилинган. Қорилик ва қироатнинг фазилати нақадар улуғлиги, қорилар ва қироат учун қандай мукофотлар берилишини Аллоҳ таоло Ўз Китобида баён қилган, Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам жуда қўп ҳадиси шарифларида таъкидлаганлар.
Аллоҳ азза ва жалла Фотир сурасининг 29-30-оятларида шундай марҳамат қилади:
إِنَّ ٱلَّذِينَ يَتۡلُونَ كِتَٰبَ ٱللَّهِ وَأَقَامُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنفَقُواْ مِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ سِرّٗا وَعَلَانِيَةٗ يَرۡجُونَ تِجَٰرَةٗ لَّن تَبُورَ٢٩ لِيُوَفِّيَهُمۡ أُجُورَهُمۡ وَيَزِيدَهُم مِّن فَضۡلِهِۦٓۚ إِنَّهُۥ غَفُورٞ شَكُورٞ٣٠
“Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, намозини тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. У Зот уларга тўлиқ қилиб бериши ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилиши учундир. Албатта, У ўта мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир”[7]. Бу икки оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг баъзи сифатлари ва уларга бериладиган мукофотлар ҳақида сўз юритмоқда.
Бугунги кунда Ислом оламининг асосий қисми Қуръони каримни Имом Осимнинг қироатида ўқийди.
Мингбоев Ботир, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти битирувчиси[1] Жаҳонгир қори Нейматов “Тартил асослари”, Тошкент, “Ғофур Ғулом” номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи. 2018. 58 б.
[2] Қуръони Азим мухтасар тафсири. Шайх Алоуддин Мансур. “Шарқ” нашриёти. Тошкент – 2019. 235 б. [3] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-нубало. Муассасат ур-рисала, 1985. 572 б.
[4] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-нубало. Муассасат ур-рисала, 1985. 249 б.
[5] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-нубало. Муассасат ур-рисала, 1985. 369 б.
[6] Восит – Басра ва Куфа шаҳарлари ўртасидаги шаҳар. Ўртада жойлашгани сабабли восит “ўрта” деб номланган. [7] Тафсиру ҳилол 5 жуз. Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол - нашр” нашриёти. Тошкент- 2019. Фотир сураси 29-30- оятлар.