Ҳаж сафари нархига муносабат
Маълумки, муайян вақтда, муайян жойда, муайян амалларни қилмоқлик ҳаж дейилади. Ҳаж ибодати Ислом динининг арконларидан биридир. Ҳаж балоғатга етган, оқил, соғлом, зарурий эҳтиёжларидан ва сафардан қайтгунча оиласининг таъминотидан ортиқ маблағга ва йўл харажатларига эга (моддий жиҳатдан қурби етадиган)кишига йўл хатарсиз бўлганда умрида бир марта фарздир.
Мўмин мусулмон борки, Ҳаж ибодатини адо этишни орзу қилади. Аммо ҳамманинг ҳам бунга қурби етавермайди. Бугун, 3 июнь куни “Ҳаж – 2022” мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Брифингда ҳаж сафарини ташкил этиш жараёнлари, муборак сафар нархи, яқинлашаётган мавсумда қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилингани ҳақида маълумот берилди. Жумладан, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори 30-40 фоиз ошган. Шунингдек, ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. Шулардан келиб чиқиб, 2022 йил ҳаж мавсумида энг юқори даражада кўрсатиладиган барча хизматларни эътиборга олган ҳолда ҳамда жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан “Ҳаж-2022” мавсуми учун 1 нафар фуқарога 62 900 000 сўм тўланиши белгиланди. Ҳаж квотаси 7200 тадан 10865 тага ошди. Ўзбекистон зиёратчилари шу йил 18 июнь куни “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг сўнгги русумдаги замонавий ҳаволайнерлари орқали Саудия Арабистонига парвоз қилади. Муборак сафарга жўнаш авиақатновлари шу йил 30 июнга қадар давом этади. Зиёратчиларимизни мамлакатимизнинг 7 та ҳудуди Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қарши, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларидан ташиш режа қилинган. Барча рейслар тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига амалга оширилади. Маълумот учун, жорий йил 14-31 июль кунлари эса зиёратчиларимиз ушбу мамлакатдан юртимизга олиб келинади.
Табиийки халқимиз орасида ҳаж нархи борасида турли фикрлар, қарашлар билдирилмоқда. Эътироф этиш зарурки, Юртимизда сўнгги йилларда мўмин-мусулмонларнинг умра, ҳаж зиёратларини адо этишлари учун қулай шароитлар ҳозирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда якунига етган умра мавсумидаги шарт-шароитлардан зиёратчиларимизнинг кўнгиллари кўтарилди ҳамда қулайликларни астойдил эътироф этишди. Умид қиламизки, бошланаётган ҳаж зиёрати вақтида ҳам зиёратчиларимиз учун юқори савиядаги шарт-шароитлар яратилади.
Р.Акбаров
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими