Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ота-онанинг оғирини енгил қилиш, уларни турли ёмонлик ва нохушликлардан ҳимоя қилиш ҳар бир фарзанд учун ҳам фарз, ҳам қарз.Ота-онанинг динга хилоф бўлмаган ҳар бир буйруқ-топшириғи сўзсиз бажарилади, чақирсалар «лаббай» деб борилади уларга «уф» тортилмайди, гаплари қайтарилмайди.Ота-онани ҳақорат қилиш, уларга қўпол муомалада бўлиш, оғринтириш, уларга осий (оқ) бўлиш энг қаттиқ гуноҳ (гуноҳи кабира)лардан ҳисобланади. Аллоҳ таолога энг маҳбуб ва мақбул амал – намоз ўқимоқ ва ота-онага тоат этмоқликдир.Агар ота-она овқатга муҳтож бўлса овқатлантирилади, кийимга муҳтож бўлса кийинтирилади, уларнинг иссиқ-совуғидан доимо хабардор бўлиб, сўрамасалар ҳам пул ёки буюмлар бериб турилади.Ота-она қандай хизматга муҳтож бўлишса, хизматлари шу заҳоти, сўзсиз бажарилади.Ота-она билан сўзлашганда юмшоқлик ва одоб билан гаплашилади, овоз баландлатилмайди, заруратдан ортиқча гаплар айтилмайди, сўзларини бўлиб ташлаб ёки сўз қистириб, буйруқ, таъна, қаҳр оҳангида гапирилмайди.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши:
«Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса – битта эшик очади.Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан улар рози бўлмагунча, рози бўлмайди», – деди.«Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?» – дейилди.«Зулм қилган бўлсалар ҳам», – деди».
Абдуллоҳ ибн Умар айтади:«Роббнинг ризоси ота-онанинг ризосидадир. Роббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир».Улар бетобланиб қолишса муолажа қилдириш тадбирлари изланади, соғликлари учун садақа қилинади ва Аллоҳдан шифо тиланади.Айниқса оналар қаттиқ ҳурмат-иззат қилинади. Уларни елкада кўтариб юрганда ҳам бир марталик қийналгани ҳаққини адо қилиш қийин. Ўзингиз ёмон кўрган нарсани ота-онага раво кўрилмайди, яхши кўрган нарсангизни уларга ҳам илинасиз.Баҳз ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:«Эй Аллоҳнинг Расули! Кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Онангга», – дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Онангга», – дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Онангга», – дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Отангга», – дедилар. Сўнгра яқинларга ва яна яқинларга», – дедилар».Аллоҳдан ўзингизга қандай мағфират тиласангиз, уларнинг ҳам гуноҳларини кечишини сўраб, дуода бўлинади.Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга «Тубо» бўлсин, Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда қилсин», дедилар».Ота-она розилигисиз ҳеч қаёққа, хаттоки илм олмоқ ёки ҳаж қилмоқ учун ҳам борилмайди.Ота-она билан муомалада хўмрайиб олинмайди, кесатиқ, пичинг билан, «сиз ундоқ эмассиз, бундоқ эмассиз», деб камситилмайди.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайи васаллам:
«Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин», – дедилар.«Эй Аллоҳнинг Расули, кимни?» – дейишди.«Ота-онасини ёки улардан биттасини катта ёшлигида топа туриб, дўзахга кирганни», – дедилар»Агар ота ёки онангиз кириб келишса, ўриндан туриб, эҳтиром билан кутиб олинади, юқорига ўтқазилади, улар олдида чўккалаб, тавозеъ билан ўтирилади, оёқни узатиб ёки ёнбошлаб олинмайди.Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан ривоят қилади:«Абу Ҳурайра икки кишини кўрди ва улардан бирига:Бу киминг бўлади?» – деди.«Отам бўлади», – деди у.
«Унда, уни исмини айтиб чақирма, олдига тушиб юрма ва ундан олдин ўтирма», – деди».Ота-она хурсанд бўлса сиз ҳам хуш кайфиятда туринг, хафа бўлса сиз ҳам дардига шерик бўлинг, гапларини, танбеҳларини малол кўрманг.Фарзанд зинҳор ота-онанинг ғазабини чиқармаслиги керак. Чунки:«Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ўша шахс рози бўлмагунча, рози бўлмайди».Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.Ҳаттоки ота-она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги матлуб.Ота-она зулм қилиб турибди, лекин агар фарзанд ўша зулм қилган ота-онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота-онасини норози қилса, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандадан норози бўлар экан.
Аммо ота-онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. Яъни, Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишларда ота-онага итоат қилинади. Аммо ота-онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.
Бордию ота-онангиз бирор нарсани ният ёки орзу қилган бўлсалар, мақсадларига етишлари учун қўлингиздан келган ҳамма ишни қилинг.
Ота-онангиз тириклигида ҳам, вафот этганларида ҳам уларнинг дўстлари ва яқинлари билан узилишиб кетмай, уйингизда меҳмон қилиб туриш ҳам одобга киради.
Уларнинг ҳаққига дуойи-фотиҳада бўлиш, қабрларини зиёрат қилиш, яхши ишларини эслаш, руҳларига Қуръон тиловати бағишлаш ҳам фарзандлар бурчидир.
«Рахимсўфи» жоме масжиди
Имом-хатиби А.Ҳакимов