“Ҳаё” сўзи луғатда “уялиш”, “тортиниш” ва “камтарлик” каби маъноларни англатади. Яъни,“Ҳаё” айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон етмишдан ортиқ бўлакдан иборатдир. Унинг энг афзали “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дейиш ва энг қуйиси, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам - иймоннинг бир бўлагидир”, - деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда келган иймоннинг энг олий ва энг қуйи бўлакларидан кейин «Ҳаё»ни алоҳида таъкидлаб: “Ҳаё иймоннинг бир бўлагидир”, - дейилиши бежиз эмас. Чунки, ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшиликлар қилишга, ёмонликлардан четланишга чақирувчи ажойиб хислатдир.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қарата:
“Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар”, - дедилар. Саҳобалар “Эй Аллоҳнинг Расули, биз, албатта, ҳаё қиламиз, Алҳамдулиллаҳ”, - дейишди. “Ундоқ эмас. Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш, бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингдир. Ўлимни ва (қабрда) чиришни эсламоғингиздир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур”, - дедилар. (Имом Термизий ривоятлари).
Умматларини ҳар қадамда ҳаёга чорлаган Зот Муҳаммад алайҳиссалом ҳаё бобида ҳам пешқадам эдилар.
Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳу У Зотни шундай сифатлаганлар:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари чимилдиқдаги келинникидан ҳам кучлироқ еди. Бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик» (Имом Бухорий ривоятлари).
Бу ҳадисда ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёларини таърифлашда гўзал ўхшатиш танланган. Маълумки, ҳаёнинг энг юқори чўққиси гўшангага кирган янги келинчакда кузатилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари эса ушбу даражадан ҳам юқори эди.
Шунингдек, У Зот саҳобаларни доимо ҳаёга тарғиб қилардилар. Ҳаёсизликнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирардилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар.
«Ҳаё иймондандир. Иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир. Жафо дўзахдадир», - деганлар (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Гуноҳ-у маъсиятлар қалбдан ҳаёни кетказади. Ҳаё - барча яхшиликларнинг асосидир. Ҳаёнинг кетиши барча яхшиликларнинг заволидир. Аллоҳ таоло бизларнинг ҳаёларимизни зиёда қилсин.... Амин!
Омонов Оллоёр“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси