Ижтимоий тармоқларда айрим тоифалар мўмин-мусулмон ҳақида нолойиқ сўз айтишдан тийилмаяптилар. Айниқса, мўмин-мусулмонни кофирга чиқариш чиқариш мумкин эмас. Мусулмонни кофирга иқариш (такфир) жуда оғир оқибатларга олиб келади. Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу) замонларида пайдо бўлган хаворижлар биринчи бўлиб мусулмонларни куфрда айблашлари натижасида бир қанча мусулмонлар, жумладан, Ҳазрати Али ўлдирилдилар.
Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ уламо ва фузалоларимиз бундай бузғунчи ғояларнинг диёримизга кириб келишига йўл қўйишмаган. Тўғри йўлдаги мусулмоннинг ақидаси қандай бўлиши лозимлиги ҳақида ақида китобларида ёзиб кетишган. “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса”. (“Ақидатут Таҳовий” матни).
Муаллифнинг: “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз” дегани, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келтирган жами нарсаларга имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни катта ё кичик гуноҳ туфайли кофир деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.
Аллоҳ таоло катта гуноҳ қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолса, дарҳол уларни яраштиринг” (Ҳужурот, 9), деб, охирида: “...мўминлар оға-инилардир. Оға-иниларингизни келиштириб қўйинглар...” (Ҳужурот, 10) деган.
Ҳар қандай сўз ёки бузуқ иш куфрга далолат қилавермайди. Мусулмон кишини кофирга ҳукм қилиш учун ниҳоят даражада дақиқ тафтиш ва илм керак.
Хулоса қилиб айтамизки, барчамизни Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилиб, мусулмон мусулмонни айблашдек нохушлардан асрасин!
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби