Ҳозирги пайтда ижтимоий тармоқларда диндан фатво берувчилар ҳам кўпайиб кетди. Айрим кишилар фатво беришга берилиб кетиб, аслида ўзлари нима иш қилаётганларини ҳам тушунмайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир”, (Имом Доримий ривояти) дедилар”.
Динда маълум бир билим ва малакага эга бўлмасдан ўзгаларга фатво беришдан сақланиш лозим. Диний соҳадан билим ва малакага эга бўлмаган кишидан фатво сўраш ва уларнинг фатволарини қабул қилиш нохуш ишларни келтириб чиқаради.
Албатта, фатвони нима эканлиги ва уни кимдан олишни ҳам билишимиз керак.
Маълумки, фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида жавоб беришга нисбатан ишлатилади. Яъни, фатво – турли фиқҳий саволлар бўйича йирик мусулмон ҳуқуқшуносларининг қатъий фикрларини ифодалайди.
Фатво бериш шариатда фарзи кифоя амал ҳисобланади. У якка тартибда, жамоавий ёки йўналтирилган идоралар томонидан берилади. Ҳозирда у, кўпгина мусулмон мамлакатларда расмий фатво берувчи диний идора, халқаро марказлар ёки кўзга кўринган ва тан олинган уламолар томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Шуни таъкидлаш ўринлики, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Исломнинг ҳар икки манбаси (яъни, Қуръон ва Сунна)га асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга.
Уламоларимиз бирор - бир масала юзасидан ҳукм чиқаришда, аввало, мазҳаблар таълимотига таянишади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи - назаридан фатволар чиқаришади.
Шу сабабли қаердан бўлишидан қатъий назар фатво олишда фатвони кимдан олишишимизга эътиборли бўлишимиз даркор.
Аллоҳ таоло барчамизни турли хил адашишликлардан сақлаб, Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” жоме масжиди имом хатиби