1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЭР­ХОТИН ЎРТАСИДА МУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАРДАН БИРИ- НАФАҚА

15-06-2022, 09:55 579 Ўқиш режими + -
Ислом ҳуқуқида аёлнинг никоҳ шартномасидан келиб чиқадиган мулкий ҳуқуқларидан бири нафақа олишдир.
«Нафақа» сўзи луғатда «сарфлаш» маъносида ишлатилиб,  ислом ҳуқуқида кишининг хотини, болалари, ота­онасини моддий эҳтиёжлар – озиқ­овқат, кийим­кечак ва уй­жой билан таъминлаши тушунилади.
«Нафақа - дейилади «Ҳидоя»да, - эр­хотинликнинг таянчи ва оила давомли бўлишининг асосий омилидир». 
Аёлга нафақа беришнинг мажбурийлиги Қуръон, сунна ва ижмоъ орқали белгиланган.
Нафақа бериш Қуръони каримнинг «Бақара сураси» 233, «Талоқ» сураси 6­оятларида кўрсатилган. Аёлнинг нафақаси эрнинг зиммасида экан, демак, нафақа миқдори эр кишининг топганига қараб белгиланади. Бунга далил Қуръони каримнинг «Талоқ» сураси 7­оятида: «Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!»
Ояти каримага кўра агар эр бой бўлса, бой аёлларга бериладиган нафақани, агар камбағал бўлса, камбағал аёлларга бериладиган нафақа бериши шарт бўлади. 
Ҳаётда шундай ҳолатлар бўладики, эр оиласини боқишга қудрати етмай қолади. Шундай ҳолларда, ҳанафий мазҳаби вакилларининг фикрича, эр­хотиннинг никоҳлари қози томонидан бузилмайди. Бундай пайтда, қози аёлга эрининг номидан қарз олишни белгилайди ва эр бу қарзларни кейинчалик қодир бўлган пайтда тўлайди. Аммо шофеъий мазҳабига кўра, эр нафақани адо этишга қодир бўлмай қолганда, эр­хотинни ажратиб юборишга ҳукм қилинади ва бу ҳукм икки тараф учун ҳам яхшироқ экани таъкидланади.
«Мухтасар»да зикр қилинишича, агар камбағал киши аёлига камбағалларга  қилинадиган   нафақани  адо  қилиб   келаётган   бўлса, вақтлар ўтиши билан эр бойиб кетса ва хотин қозига нафақасини ошириш ҳақида даъво қилса, қози эрга нафақани ошириши ва бойларникидек нафақа беришини тайинлайди.
Эр хотинини озиқ­овқат ва кийим­бош билан таминлашдан ташқари, уни эрнинг қариндошлари яшамайдиган ёки бошқа хотини бўлса, у ҳам яшамайдиган уй билан таминлаши шарт бўлади. Лекин хотин уларнинг яшашига рози бўлса, унда мумкин. Чунки уй хотиннинг ҳаққидир. 
Агар эр бошқа шаҳарга кетиб, бошқа бир кишига омонат, қарз ёки фойда қилиш учун шерикликка пул ташлаб кетган бўлса, қози ушбу пуллардан хотинга нафақа ундириб беради.
Шунингдек, агар эр хасис бўлиб, керакли таъминотни қилмаса ёки аёлга эътибор бермаса, аёл уни судга беришга ҳақли. Аёлнинг шикояти тасдиқланса, қози унинг талабини қондиради, яъни аёл эрининг молидан эҳтиёжига кўра (исроф қилмай) унинг рухсатисиз ҳам олиши мумкин. 
Бунга мисол қили қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин: «Абу Суфённинг хотини Ҳинд: «Ё Расулаллоҳ! Абу Суфён хасис одам бўлиб, мен ва болаларимга етарлича овқат бермайди, унга билдирмай молидан олиб тураман, ­ деди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): Инсоф билан ўзинг ва болаларингга етарлича олгин!» ­ дедилар». 
Ушбу масалаларнинг ҳаммаси хотин эрнинг никоҳида бўлган пайтидаги ҳолларга тааллуқли. Аммо талоқ қилинган хотин ҳам маълум миқдорда нафақага ҳақли бўлади.
Масалан, ражъий талоқ ёки кичик боин талоқ иддасида ўтирган аёлнинг нафақаси эрнинг зиммасида бўлади. Эри ўлган хотин ёки ўз хоҳиши билан ажралган хотин иддада ўтирганида унинг нафақаси эрнинг зиммасидан соқит бўлади.
Мабодо, талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, талоқ қилувчи эр аёлни туққунича нафақа (таом, кийим, маскан) билан таъминлаши керак. «Талоқ» сурасининг 6­оятида: «Уларга (талоқ иддасини сақлаётган хотинларингиз) ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой беринглар ва уларни сиқиб чиқариш мақсадида уларга зарар етказманглар! Агар улар ҳомиладор бўлсалар, у ҳолда, то ҳомилаларини қўйгунларича, уларга нафақа бериб туринглар!», ­ дейилган. Ушбу масалада Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 117­моддасига биноан, «Хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида» таъминот талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
 
Шарипов Сирожиддин
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси