1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳақиқий соф эътиқод

15-06-2022, 10:08 381 Ўқиш режими + -
Аҳли сунна вал жамоа – Ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг  катта қисми тутган йўлдир. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин разияллоҳу анҳунинг суннатларини ушлаган ва саҳобалар, тобеъинлар, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомларидан иборат дин пешволари йўлига эргашган жамоадир. Аҳли суннат вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини нақл ва муттасил иснод (оғизма-оғиз эшитиш) билан қабул қилиб олганлар.
Сўнги пайтларда минг йилдан бери аҳли сунна ва жамоанинг ақийда мадрасаларида деб эътироф этиб келинган эътиқод мазҳабларини ўзича танқид қилиб, аҳли суннадан ташқари деб давъо қиладиганлар кўпайиб қолди. Айрим ўзини билмаганлар бутун уммат имоми деб тан олган зотларни чаласаводларча танқид қилиб, таҳлил қилиб, омманинг бошини айлантиришга тушди. Табиийки, бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган одамлар билиб-билмай нотўғри тушунчага эга бўлиб, ҳатто ўзи аҳл бўлмаган масалаларда бировлар билан тортишадиган бўлиб қолди. Ундан ҳам хатарлиси бундай ножўя ташвиқотлар кишиларнинг қалбига ўз эътиқодари, устозлари, имомларига нисбатан шубҳа тушишига олиб келмоқда. Бу жуда ҳам хатарли ҳолат бўлиб, фақат ва фақат Ислом душманларини хурсанд қилади. 
Аввало ақийда илми билан калом илми ўртасидаги фарқни эслаб ўтсак. Ақийда илми деганда Исломдаги эътиқодга, ишончга оид масалаларни ўргатадиган илм тушунилади. Бу илмнинг манбаси Қуръон ва Суннатдир. Бошқача қилиб айтганда, Китобу Суннатдаги эътиқодга оид мавзулар ақийда илмида ўрганилади ва бунда ушбу илоҳий манбаларда келган маълумотлар билан чекланилади. Калом илмида эса айнан ушбу илмни ақлий далиллар билан қувватлаш, бу борада тарқатилган шубҳаларга ақлий қоидалар асосида мантиқий жавоблар бериш назарда тутилади. Тўғри, калом илмининг ғайри муслимлардан олинган, уларнинг манҳажларига асосланган ва ақлга ортиқча эрк берилганидан, залолатга олиб кетувчи кўриниши ҳам бор бўлиб, у номақбулдир. Калом илмини қоралаган олимлар мана шундай калом илмини, уни ёқлаганлар эса Қуръон ва Суннатдан олинган калом илмини кўзда тутишган. Зеро, умматнинг етакчи уламолари ҳеч қачон Китобу Суннатга зид илмни ёқламайди. Буни фарқлаш лозим. Бироқ, айрим кишилар ушбу ҳақиқатни тушунмасдан калом илмини бир йўла танқид қилишга тушиб кетишади ва, табиийки, хатога йўл қўйишади. Оқибатда, тўғри эътиқодни хато деб, гапни яхши уқмагай, аҳли сунна уламолари бир овоздан таъкидлаган масалаларда хилофга тушиб қолади.
Салафи солиҳлар даврида калом илмида айрим ҳаракатлар бўлган эса-да, асослари, чегаралари белгилаган мазҳаб ёки мадрасага айланмаган эди. Аҳли сунна ақийдасида калом илми икки буюк имом Абу Мансур Мотуридий ва Абу Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳим қўлида камолига етиб, мазҳаб шаклида намоён бўлди. Бу икки имом Исломга, салафлар йўлига бирор янгилик киритишгани йўқ, балки Қуръон ва Суннатдаги ақийда мавзуларини салафи солиҳлар тушунчасига кўра баён қилиб, уларни тўғри англаш учун керакли қоидалар ва асоосларни тақдим қилишди ҳамда уларни тартибга солиб таълим беришди. Бу асосларнинг илдизи Китобу Суннат ва салафи солиҳларнинг илмларига бориб тақалади.
Бу икки мазҳаб аҳли сунна ва жамоанинг энг катта ақийда мадрасалари ҳисобланади. Улар Ислом дини ва ўтган салафи солиҳларнинг ақидаларини соғлом мантиқ услублари ҳамда калом илми воситасида ҳимоя қилишган. Бу икки тоифанинг манҳажи, яъни дастурлари нақл ва ақлга суянган бўлиб, нақл бунда ақлдан устун туради. 
 
Муртазоев Ҳомидхон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси