1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Сохта салафийлик ислом уммати учун энг хатарли иллатдир

2-12-2022, 11:19 451 Ўқиш режими + -
Салафийликка XVIII асрда Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб асос солганлиги манбаларда қайд этилади. Ваҳҳобийлик оқими вакиллари ўзларини «ваҳҳобий» деб эмас, балки «салафий» номи билан атайдилар. Луғавий жиҳатдан «Салаф» сўзи араб тилида «аввалда ўтганлар, ўтмишда яшаганлар», «Салафий» – «ўтмишда ўтган аждодлар йўлидан борувчи» маъноларини беради. 
Истилоҳий (терминалогик) жиҳатдан «Салаф» ислом тарихининг илк даврида ўтганлар – саҳобалар, тобиийлар ва улардан кейинги мусулмонлар. Абу Ҳанифа ва бошқа ўрта асрларда ўтган муаллифлар асарларида бу сўз айнан мана шу маънода, яъни «ас-салаф», «ас-салаф ас-солиҳ» (ўтган солиҳ аждодлар) шаклларида келади. 
Ушбу калиманинг қатьий муқаррар бўлган истилоҳий маьноси, бу саййидимиз Муҳаммад с.а.в уммати бўлмиш Ислом уммати умрининг дастлабки  уч асридир. Мазкур истилоҳий маьнонинг қўлланишининг (асосий) масдари Абдуллоҳ ибн Масьуд р.а орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ с.а.внинг қуйидаги сўзларидир. Расулуллоҳ с.а.в айтадилар: “Инсонларнинг энг афзали менинг асримдагилар, сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики,  уларнинг  гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади." (Яьни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масьулиятсиз ёндашадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар).
 «Салафийлик» шаклида бу сўзнинг ишлатилиши XVIII асрга тўғри келади. «Ваҳҳобийлик» оқимининг асосчиси ҳисобланмиш Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб салафийликка даъват этгани таъкидланади. Бундан «Салафийлик» – «Ваҳҳобийлик»нинг иккинчи номи экани маълум бўлади. Унинг тарафдорларидан бўлган Анвар ал-Жандий таъкидлашича: «Салафийлик – ислом даъватини янгилаган катта ҳаракатдир, агар у бўлмаганида Ғарб Шарқни жуда қаттиқ руҳий қулликка солган бўлар эди». Шунингдек, Европа адабиётида ҳам баъзи ўринларда «Салафийлик» – «Ваҳҳобийлик»нинг синонимии сифатида ишлатилади. Баъзан «Салафийлик» – «Янги ваҳҳобийлик» дея талқин этилади. 
Оқимнинг асосий даъвоси ваҳҳобийлик каби «ягона Аллоҳга ибодат қилишга қайтиш», «адашган фирқалар ғояларидан исломни тозалаш».
Салафийликда Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ғоялари идеаллаштирилади. Аммо «Жамоат ат-такфир» каби экстремистик гуруҳлар салафийлардан ажаралиб чиққан адашган фирқалар сифатида таъкидланади.
Уларнинг тарихдаги энг атоқли уламолари Аҳмад ибн Таймия (661-728 ҳиж.), Ибн Қоййим (691-751 ҳиж), Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1115-1206 ҳиж) ва ҳоказолардир.
Ибн Таймиянинг жумҳур уламоларининг қарашлари ва фатволарига мухолиф қарашлари ва фатволари аллома Тожуддин Субукий (ваф: 771 ҳиж), Ибн Ҳажар Асқалоний (ваф: 852 ҳиж), Ибн Шокир Кутубий (ваф: 764 ҳиж), Ибн Ҳажар Ҳайтамий (ваф: 973 ҳиж), Мулло Али Қорий (ваф: 1016 ҳиж), Шайх Маҳмуд Кавсарий Мисрий (ваф: 1371 ҳиж), Набҳоний (ваф: 1265 ҳиж), Абу Бакр Ҳисний Димашқий (ваф: 829 ҳиж), Муҳаммад Ҳумайд Ҳанафий сингари унга қарши раддия китоблар ёзган ислом уламолари тарафидан кескин танқидларга учради.
Ибн Таймиянинг фикрига кўра асрлар ўтиши билан Ислом динига турли бидъат ва хурофотлар кирган, уларни тозалаш зарур, бунинг учун “давлатни шариатсиз бошқарган ҳукмдорга жиҳод эълон қилиш керак” деган ғояни илгари сурган. Бу эса кейинги асрларда радикал сиёсий оқимларнинг пайдо бўлишига катта замин яратган. 
Ибн Таймиянинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва валий кишиларнинг қабрини зиёрат қилиш, шунингдек, тавҳид, Аллоҳнинг макони, такфир (куфр келтириш) ва бошқа ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари ўша давр мусулмон уламоларининг кескин норозилигига учраб, кўплаб раддиялар битилиб, кескин кураш олиб борилган. Шундай бўлсада, бундай ғоялар кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос бўлиб хизмат қилган.
“Салафийлик” оқими раҳнамоларидан яна бири Носир Албонийнинг тўрт мазҳаб ақидаси ва фиқҳига хилоф равишда чиқарган фатволаридир, жумладан, Аллоҳ таоло ҳақида шундай ноўрин фатволарни чиқарганлар: 
1. Аллоҳ азза ва жалланинг икки кўзи бор.
2. Салафийлик даъвати муассиси Аллоҳ таолонинг ўзидир.
3. Аллоҳ талонинг болдири бор.
4. Аллоҳ таолонинг ҳаққоний қўли бор.
5. Зеҳк—кулишлик Аллоҳ таолонинг сифатларидан биридир.
6. Таажжуб—ажабланмоқ Аллоҳ таолонинг сифатларидан биридир.
7. Иймон Аллоҳ таоло осмонда мавжуд деб иймон келтириш билан бўлади.
“Салафийлар”нинг бу каби фатволар эътиқоди соғлом инсоннинг руҳиятига салбий таъсир қилиб, кайфиятни бузиши тайин.
Ҳозирги кунда сохта салафийлар бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Уларни умумлаштириб, икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу-жадаллар билан ҳаракат қиладиган радикал салафийлардир. Бу тоифадаги сохта салафийлар «жиҳод» ғоясининг мазмунини бузиб талқин қилиб, унга жангарилик тусини бермоқдалар. Иккинчиси, ўзларини гўёки давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунадиган ва уларга қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган «мўътадил» салафийлар ҳисобланади. Улар ўзларининг мутаассиб фикрларидан қайтмаган ҳолда, бошқа қарашларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиганлар гуруҳига мансуб бўлиб, муайян мазҳабга мансуб бўлишни ёқламайдилар. 
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра Ислом беш аркондан иборат. Иймон келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж амалини бажариш. Салафийлик оқимида олтинчи аркон ҳам киритилган. Бу - жиҳод. Уларнинг эътиқодида ҳар бир мусулмон киши учун жиҳод қилишлик фарзи айн. Бу ўз навбатида “Ихвонул муслимин”, “Такфир вал Ҳижра”, “Жиҳод ал-Исломий”, “Шабаб Муҳаммад” каби ўта радикал, экстремистик сиёсий ташкилот ва оқимларнинг пайдо бўлишига йўл очиб берди.
Тадқиқотлар жаҳон интернет тармоғида сохта салафийларнинг тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиши учун очилган бир неча мингдан зиёд веб сайтлари мавжудлигини кўрсатмоқда. Уларга асосан диний асосдаги низоларни келтириб чиқарадиган маълумотлар, экстремистик ва террорчи ташкилотлар раҳбарларининг турли баёнот ва мурожаатлари жойлаштирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда аждодларимиз, мўмин-мусулмонлар барчаси аҳли сунна вал-жамоа таълимотида бўлиб келишган. Бугунги кунимизда юртдошларимиз ичида ҳали ҳам билиб-билмай сохта салафийларнинг асоссиз даъволарининг таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд эканлиги ушбу тоифанинг илдизларини ўрганиб, унинг асл моҳиятини очиб бериш, уни одамларга, халқимизга тўғри тушунтириб бериш долзарб эканлигини билдирмоқда. Айниқса, бизнинг энг асосий вазифамиз ёшларни бундай оқимлар домига тушиб қолишдан асрашимиз ва бунинг учун эса доим огоҳлик билан уларга қарши илмий раддиялар бериб боришимиз керак бўлади.
 
 
Ражабхон Қиёмов,                      
Нишон туман бош имом хатиби